Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 39 / Истеъмолчи бурчаги

Айёрона маркетинг усули: «99»лик нархномалар

 

• «Сўл рақам эффекти» нима дегани?

• АҚШдаги 60 фоиз нархномалар 9 рақами билан якунланади

• «Chicago Daily News» газетасининг нархи 1 цент
бўлган

 

Товар нархномаларида 999,99 рақамларидан фойдаланиш кўп йиллардан буён амалда қўлланилади ва савдо мажмуалари, дўконларда кенг жорий этилган. Товар нархини бир тийинга ўзгартириш нима беради? Бундай ўзгариш сотув ҳажмига ва истеъмолчига қандай таъсир этади? Бу ҳақда қуйида танишишингиз мумкин.

 

Гипнозми ёки маркетинг?

Ҳа, бундай усулдан фойдаланиш, у тўғрисидаги маълумотлар ҳеч ким учун сир эмас, ҳар бир истеъмолчи у билан танишиши, ўрганиши, бироқ харид қилишда барибир «чув» тушиши мумкин. Бундай товарлардаги яхлитланмаган рақамлар «нотекис» нархлар деб аталади. Товарлар нархларини бундай тарзда шакллантириш уларни сотишда кенг қўлланилади. Товар нархлари якунидаги «99» рақамлари истеъмолчида товарнинг қийматини, нафақат 1 бирликка (1 ёки 10 шартли белги), балки ундан кўпроққа камайганлик ҳиссини уйғотади ва истеъмолчида беихтиёр харид қилиш истагини пайдо қилиши мумкин. Олимларнинг фикрича, бундай нархномалар истеъмолчига, унинг бундай нархга эга товарни харид қилиш эҳтимолини оширган ҳолда психологик таъсир кўрсатади.

 

Бу қандай ишлайди?

Нотекис нархномалар ва «сўл рақам эффекти». Психологик нархлаштириш нархларни истеъмолчини ўзини тутишини ҳисобга олган ҳолда шакллантиришни англатади. Нархлар охирида яхлит бўлмаган рақамлардан, айниқса «9» рақамидан фойдаланиш – асосий маркетинг усулларидан бири ҳисобланади. Агар товар нархи 99, 95 ёки 90 рақамлари билан якунланса, истеъмолчида товар нархи унинг асл нархидан паст туюлади. Бунинг асосий сабаби, биз рақамларни чапдан ўнгга қараб ўқиймиз, онгимиз биринчи рақамни қайд этади ва унинг асосида дастлабки хулосани қилади.

Масалан, дўкондаги 15 990 лик нархномани кўрганимизда, биз кўпроқ уни 15 000 дан катта рақам сифатида қабул қиламиз, аслида эса унинг қиймати 16 000 дан бор-йўғи 10 бирликка кам, холос. Бу яна бир бор, истеъмолчилар аксарият ҳолларда айнан чапдаги биринчи рақамга эътибор қаратишларини ва нархларни ушбу рақам билан солиштиришларини исботлайди.

 

«9» рақами истеъмолчиларнинг қарорларига таъсир этади

АҚШдаги Ратгерс бизнес мактаби экспертларининг тадқиқотлари «9» рақами билан якунланадиган нархлар яхлит рақамли нархларга нисбатан савдога ижобий таъсир этишини кўрсатди. Шунинг учун ҳам АҚШдаги 60% нархномалар 9 рақами билан якунланади. Бундан ташқари, нарх якунидаги «9» рақами истеъмолчи учун унчалик муҳим бўлмаган буюмларни харид қилишда «айбдорлик» ҳиссини камайтиради. Харидор, одатда, харидларни ўз эмоционал ҳолатига асосланган ҳолда амалга оширади. Масалан, истеъмолчи ўзи учун жуда ҳам зарур бўлмаган буюмни харид қилса, унда сарфланган маблағ сабабли айбдорлик ҳисси пайдо бўлиши мумкин. Бироқ, нархлар якунидаги «9» рақамлари маҳсулот чегирма билан сотилаётгандек, истеъмолчи маҳсулотни бошқа жойдагидан фойдалироқ нархда харид қилаётгандек ҳис уйғотади. Шундай қилиб, истеъмолчи ўзи учун зарур бўлмаган маҳсулот харидини, ўзини маҳсулот учун тўлиқ нархни тўламаганлиги билан оқлаши мумкин.

 

Хулоса ўрнида

«Чегирма» ёки «99» рақамларига чув тушмаслик учун маҳсулот нархига ва нафақат дастлабки рақамларга, балки тўлиқ нархга эътиборлироқ бўлиш ҳамда маҳсулотни бошқа мезонлар бўйича ҳам солиштириб кўришга ҳаракат қилиш лозим. Шунингдек, «пасайтирилган» нархда зарур бўлмаган маҳсулотни харид қилмаслик учун олдиндан харид қилиниши керак бўлган маҳсулотлар рўйхатини пухта тузиб олиш керак. шунда муваффақиятли харидни амалга ошириш мумкин бўлади.

 

«99» нархномалар тарихи

Қизиғи, «9» рақамлик нархлар аслида маҳсулот сотувини ошириш учун эмас, балки аҳоли орасида майда пуллар айланмасини кўпайтириш учун ўйлаб топилган. 1875 йилда «Chicago Daily News» газетасига асос солинади ва унинг нархи 1 цент этиб белгиланади. 1 центлик тангалар муомалада жуда кам бўлганлиги боис, нашр эгаси ўзининг газетасида эълон бераётган сотувчилардан ўз маҳсулотлари нархини 1 центга туширишларини ва бунинг учун бепул эълон берилишини маълум қилади.

Шу орқали, маҳсулот харид қилаётган истеъмолчиларда 1 центдан майда пул қолиши таъминланди. Чикагодаги сотувчилар бунга рози бўлишди ва энг қизиғи, нархлар 1 центга туширилганидан сўнг бундай «антиқа» нархлар уларга сотув ҳажмини оширишга ва бозорда рақобатбардош бўлишга ёрдам берди.

 

consumer.uz

Прочитано: 353 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика