Norma.uz

Реклама сафсатаси ёхуд мукаммал ишланмаган қонун лойиҳаси

 

Бир тарафдан очиқлик ва сўз эркинлиги, иккинчи тарафдан қатъий тартиб ва назорат, бу тушунчалар ажралмас бирлик, танганинг икки томонидир. Афсуски, ахборот соҳаси қонунчилиги ва амалиётида бу бирликнинг мазмун-моҳиятини етарлича англаб етганимиз йўқ. 

 

Ахборот соҳасида юзага келган нохуш, бетартиб, стихияли, анархия ҳолати ҳақида ёзган эдик. Мақоламиздаги қайдлар тўлалигича ахборот соҳасининг муҳим жабҳаси бўлмиш реклама фаолиятига ҳам тааллуқлидир. ОАВнинг кўпчилиги реклама ҳисобидан кун кўради. Реклама уларнинг «нони, даромади, тирикчилиги». Шунинг учун ҳам реклама фаолияти назоратини кучайтиришга қаратилган «Реклама тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси ОАВ вакилларига, оддий қилиб айтганда, ёқмади ва уларнинг кескин танқидига учради.

Бу мақолалар муаллифлари лойиҳага муносабатини «мантиқсизлик», «нонсенс», «зарба», «кишан», «бўйнига арқон» (тадбиркорларга нисбатан) иборалари билан ифодалашган. Ҳақиқатан ҳам ваколатли давлат органи ишлаб чиққан ва депутатларимиз биринчи ўқишда қабул қилган лойиҳанинг камчиликлари шу даражадами? Саволга жавоб бериш учун реклама бозорининг ҳозирги ҳолатига бир назар солсак.

Биринчидан, амалиётда реклама қилинаётган товар ва хизматлар орасида улуши бўйича дори воситалари, тиббий хизматлар, биологик фаол қўшимчалар, шубҳасиз, биринчи ўринда туради. Бу факт мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳали тўлиқ охирига етказилмаганлиги боис реал иқтисодиётда тадбиркорлик учун етарлича қулай шароитлар яратилмаганлигидан далолат беради. Реал ишлаб чиқаришда шароит етарли бўлмаганлиги сабабли тадбиркорлар ўзларини пул топишнинг нисбатан осонроқ соҳасига урадилар... Бундай соҳа бугунги кунда соғлиқни сақлаш – дори сотиш, хусусий тиббий хизматлар бўлиб чиқади, чунки одамлар нима бўлганда ҳам соғлиғи учун пулни аямайдилар-да...

Рекламаларда соғлиқни сақлаш билан боғлиқ товар-хизматларнинг устунлиги реклама бозорининг носоғломлигидан далолат беради. Аслида тиббий хизматлар ва дори воситалари ҳар бир беморга унинг организми ва руҳий ҳолати махсус билимга эга масъулиятли мутахассис – врач томонидан диққат билан ўрганилгандан кейин тавсия этилиши лозим. Бундан дори ва тиббий хизматлар рекламаси умуман мантиққа зидлиги келиб чиқади. Фикримизча, маърифатли, цивилизациялашган бозор иқтисодиётининг қулай бизнес муҳитида дори ва тиббий хизматлар рекламаси умуман тақиқланиши лозим.

Иккинчидан, рекламада болалар образларидан фаол ва бетартиб фойдаланиляпти. Ширинликлар, шарбатлар, ҳатто дори воситалари рекламасига кўп ҳолларда вояга етмаган ўғил-қизлар жалб этилмоқда. Фикримизча, болалар образидан фақат ижтимоий рекламаларда – соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда, билим олиш, китоб ўқишга қизиқтиришда фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Учинчидан, рекламаларда ғайритабиий жараён, ҳолат, образлардан кенг фойдаланилмоқда. Бир неча йил олдин «Тримол» дорисининг рекламасида одам боши эзилиб-ялпайиб қолишини кўрардик... Инсон руҳиятига, айниқса болалар психикасига салбий таъсир кўрсатадиган бунга ўхшаш сюжетларни ҳали ҳам томоша қилиб келяпмиз. Рекламачилар истеъмолчиларда муайян товар ва хизматларга қизиқишни орттириш мақсадида шаҳвоний ҳисни уйғотувчи тасвирларни саҳнага олиб чиқишдан ҳам тап тортмаётган ҳолатлар кўп учрайди.

 

Янги қонун лойиҳаси реклама бозорининг айни шундай муаммо ва камчиликларини бартараф этишга қаратилган. Шу ўринда лойиҳа янгиликларини «чекловчи қоидалар» сифатида эмас, балки «тартибга солувчи нормалар» сифатида баҳолаш лозим. «Мантиқсизлик», «нонсенс» ибораларини эса айни танқидий мақолаларнинг мазмунига нисбатан ишлатса, тўғри бўлади. Масалан, уларнинг бирида «реклама соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар жорий этилаётгани... ҳуқуқ тизимимиз учун нонсенс» дейилган. Қизиқ, муаллифлар ҳуқуқ тизимимизнинг қаерида ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмаслигини кўришибди?.. Қонун бўлади-ю, уни бузганлик учун жавобгарлик бўлмаслиги керакми? Тўғри, молиявий санкциялар миқдори – мунозарали масала, лекин, ҳар бир қонунбузилиши юзасидан жазо (қатъийми-юмшоқми, каттами-кичикми – бу иккинчи масала) муқаррар бўлиши керак-ку!

 

Муаллифлар, таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори маҳсулотлар рекламаси борасидаги чекловларни, бундай маҳсулотлар рўйхати ҳали тузилмаганлигини рўкач қилиб, соғлиқни сақлаш тизими зарарли-зарарсиз моддаларни таснифлашга, ваколатли органларнинг моддий-техник базаси тайёрлигига, тегишли лабораториялар мавжудлигига шубҳа билдириб, «ўз товарларини реклама қилиш ниятида бўлган соҳа вакиллари фаолиятига берилган зарба» деб баҳолаганлар.

Бунга жавобан айтиш мумкинки, биринчидан, ҳозирги техника-технология ривожи шароитида озиқ-овқат маҳсулотлари таркибини аниқлаш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Иккинчидан, қонун умумий қоидаларни белгилайди, уни ижро этиш учун тегишли ижроия органлари муайян турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини, улар таркибига доир мезонларни қонуности ҳужжатида белгилайди – бу умумқабул қилинган қонунчилик амалиёти. Барча техник талабларни бевосита қонун матнида белгилашнинг зарурати ҳам, имконияти ҳам йўқ. Маҳсулотлар номенклатураси ўзгарувчан – ҳар бир ўзгариш муносабати билан қонунга ҳа деганда ўзгартириш киритилавермайди-ку!

Мақолалар муаллифлари Қонун лойиҳаси нормалари татбиқ этилиши билан боғлиқ нохуш вазиятни тасвирлашган: бу қаттиқ буралиш «ортидан занжир реакцияси ишга тушади – реклама берувчи ёки... тарқатувчи жазога тортилгудек бўлса... Бу савдо-сотиқ ҳажмини туширади. Савдо бўлмаган жойда – тушум ҳам бўлмайди... давлат хазинаси солиқ тўловларидан мосуво бўлади. Ходимлар иш ўрни ва даромадидан айрилади... камбағаллик авж олади... давлатнинг... ўсиш суръатларини ортга тортаверади».

Бу ерда реклама тарқатувчилар манфаатлари барча тадбиркорлик субъектлари манфаатлари билан чалкаштирилган. Бозор иқтисодиётида реклама қанчалик муҳим бўлмасин, барибир у реал иқтисодиётга, ишлаб чиқаришга нисбатан устқурма вазифасини бажаради холос. Айтишади-ку, яхши маҳсулот рекламага муҳтож эмас.

Лойиҳа нормалари ишлаб чиқарувчиларни инсон саломатлигига ва чўнтагига зарар келтирмайдиган маҳсулот яратишга ундаб, мос равишда реклама фаолиятига талабларни қатъийлаштиради.

Шу билан бирга, қонун лойиҳаси мукаммал ишлаб чиқилган, дейишдан йироқмиз, у янада такомиллаштирилиши керак. Хусусан, реклама ҳуқуқбузарликлари юзасидан жавобгарлик чораларини ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфи ва зарарлилик даражасига қараб табақалаштириш – базавий ҳисоблаш миқдорининг аниқ ҳажмида, масалан, 30 бараварида эмас, балки 10 бараваридан 30 бараваригача қилиб белгилаш мумкин ва ҳ. к.

Бундан ташқари, энергетик ичимликларни рекламаси тақиқланган товарлар гуруҳига киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Камчиликларига қарамасдан, лойиҳани баҳолашда мақолалар муаллифлари ёзганидек «тор доирадаги муайян шахслар ёки гуруҳлар манфаатларига қаратилган қатъий нормалар жорий этилаётгани ортидан давлат ва жамиятнинг умумий манфаатларига кўпроқ зиён етмоқда» дейиш мутлақо ноўриндир. Аксинча, қонун лойиҳаси инсон саломатлиги, маънавияти, бутун жамиятимиз ва давлатимиз манфаатларини кўзлагани ҳолда реклама фаолиятини маърифатли бизнес талабларига мос равишда тартибга солишга қаратилган, дейиш ўринлидир.

Лойиҳа кескин танқид қилинган мақолаларда эса ахборот соҳаси қонунчилигидаги бўшлиқлар ва қонун нормалари бажарилишининг назорати сустлигидан фойдаланиб, керакли ахборот билан бирга инсон саломатлигига, руҳиятига, маънавиятига фойдаси шубҳали бўлган ахборотни тақдим этиб даромад топаётган тадбиркорлик субъектларининг муайян тор доираси – реклама тарқатувчиларнинг манфаатларигина ифодаланган.

 

Фарҳод Қурбонбоев,

иқтисод фанлари номзоди.

ЎзА.

Прочитано: 276 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика