Иш берувчи томонидан Меҳнат кодексида назарда тутилмаган жазо чораси қўлланилган
• Ходим ишга маст ҳолда келганлиги учун унга қатъий ҳайфсан эълон қилинди ва бу буйруқ билан расмийлаштирилди.
МК 181-моддаси 2-қисми нормалари бузилган. МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3 ва 4-бандларига мувофиқ иш берувчи меҳнат интизомини бузган ходимга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чораларидан бирини қўллашга ҳақли: ҳайфсан, жарима ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш. Ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа чораларни қўллаш тақиқланади.
Қатъий ҳайфсан рухсат этилган жазо чоралари жумласига киритилмаган. Ҳайфсан эълон қилиш мумкин («қатъий» тушунчасини қўлламаган ҳолда).
Шунингдек «огоҳлантириш», «танбеҳ бериш», «тартибга чақириш» каби интизомий жазо чоралари мавжуд эмас.
Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши мумкин.
Қандай тўғрилаш мумкин?
Ножўя хатти-ҳаракат аниқланган кундан эътиборан бир ойдан ўтмаган бўлса, МКнинг 181-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги аввалги буйруқ бекор қилиниши ва янги буйруқ чиқарилиши лозим (МК 182-м. 5-қ.).
Интизомий жазо чораси ёзма равишда қайд этилмаган
• Ходим ишга кечикканлиги учун оғзаки танбеҳ берилди ва бу ҳолат такрорланадиган бўлса ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилди. Ишга кечикиш ҳолати такрорланганидан кейин ходим меҳнат интизомини мунтазам бузганлиги учун ишдан бўшатилди.
– МК 182-моддаси ва 100-моддаси 2-қисми 3-банди нормалари бузилган. Биринчи ҳуқуқбузарлик бўйича – интизомий жазо қўлланилганлиги ҳужжат билан расмийлаштирилмаган. Тегишли равишда, ходим ножўя хатти-ҳаракат содир этмаган ҳисобланади. Мазкур ҳолатда иккинчи марта ишга кечикиб келиш мунтазам равишда меҳнат интизомини бузиш деб эътироф этиш учун асос бўла олмайди.
Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши ёки у (илгари ноқонуний равишда бирор ходимни ишдан бўшатганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса) ЖКнинг 148-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ходим даъво аризаси билан судга мурожаат қиладиган бўлса, ишдан бўшатиш ноқонуний деб тан олинади ва ходим ишга тикланади, иш берувчининг зиммасига эса ходимга етказилган зарарни қоплаш юклатилади:
• мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш;
• ишдан бўшатилганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлаш;
• маънавий зарар учун компенсация тўлаш (МК 112-м. 2-қ.)
Ходимнинг илтимосига кўра суд ишга тиклаш ўрнига унинг фойдасига камида уч ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча ҳақ ундириб бериши мумкин (МК 112-м. 3-қ.).
Қандай тўғрилаш мумкин?
Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ бекор қилинади ва ходим ишга тикланади.
Охирги марта ишга кечикиб келинган пайтдан эътиборан 1 ой ўтмаган бўлса, ушбу ҳуқуқбузарлик ҳужжатлар билан расмийлаштирилади ва интизомий жазо чораси қўлланилади. Ходим томонидан интизомий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида содир этиладиган ножўя хатти-ҳаракатлар меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузиш деб ҳисобланади.
Жарима қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан ортиқча миқдорда белгиланган
• Ходимга иш жойига маст ҳолатда келгани учун 700 000 сўм жарима солинган. Бухгалтерия ходимнинг иш ҳақидан жаримани тўлиқ миқдорда бирйўла ушлаб қолган. Ушбу ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи – 1 200 000 сўм.
МКнинг 181-моддаси 1-қисми 2-банди қоидалари бузилган. Умумий қоидага кўра, жарима миқдори ходимнинг ўртача ойлик ҳақининг 30%идан ошмаслиги лозим. Ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларида ўртача ойлик иш ҳақининг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима солинадиган ҳолатлар ҳам назарда тутилиши мумкин.
Айбдор мансабдор шахс МЖТКнинг 49-моддасига кўра жаримага тортилиши мумкин.
Қандай тўғрилаш мумкин?
Буйруқ билан жарима суммасини белгиланган чекланган миқдорлардан ортиқ бўлмаган миқдоргача камайтириш ёки МКнинг 181-моддаси бўйича бошқа ундирув чорасини қўллаш лозим. Ортиқча ушлаб қолинган суммани ходимга қайтариш лозим.
Ходим меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги учун ишдан бўшатилган ва ундан охирги прогул учун жарима ундирилган
• Ходим илгари прогул учун бир неча марта интизомий жазога тортилган, охирги прогул учун ундан жарима ундирилган ва меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги учун ишдан бўшатилган.
– МКнинг 182-моддаси 4-қисми нормалари бузилган. Битта ҳуқуқбузарлик учун фақат битта интизомий жазо қўлланилиши мумкин.
Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши мумкин.
Қандай тўғрилаш мумкин?
Ходимга жарима суммаси қайтарилади. Ишдан бўшатиш эса ўз кучида қолади.
Жазо чораси ходимнинг ножўя хатти-ҳаракати аниқлангандан кейин 1 ойдан сўнг қўлланилган
• Иш берувчи ходимга ножўя хатти-ҳаракати учун бу ҳолат аниқлангандан кейин 2 ой ўтгач ҳайфсан эълон қилди. Ходим бу вақт ичида ишда бўлган: унга касаллик варақаси очилмаган, таътилга чиқмаган.
– МКнинг 182-моддаси 5-қисми нормалари бузилган. Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, бир ой ўтгандан кейин қўлланилиши мумкин эмас.
Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши мумкин.
Қандай тўғрилаш мумкин?
Нотўғри қўлланилган интизомий жазони бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.
Александр Навотний, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи,
Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.