Кўп квартирали уйлардаги жой мулкдорларининг мажбурий бадаллари ёки тўловлари миқдорини белгилашда харажатларнинг таркибини аниқлаш тартиби тўғрисида низом лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Муҳокама 27.09.2021 йилгача давом этади.
Лойиҳа «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунга ва Президентнинг 2021 йил 19 июндаги «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» ПҚ-5152-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатлар умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш билан боғлиқ харажатлардан иборатдир.
Жой мулкдорларининг умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларда иштирок этиш улуши кўп квартирали уйнинг умумий майдонидаги мулкдорга қарашли жой майдони улушига мутаносиб равишда кўп квартирали уйнинг кадастр паспортига мувофиқ белгиланади.
ККУдаги жой мулкдорларининг мажбурий бадалларини қуйидагиларга сарфлаш режалаштирилмоқда:
• умумий мол-мулкга хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва сақлашга;
• бошқарувга (маъмурий харажатлар);
• ер участкаларини ободонлаштириш, уларни сақлаш ва бошқаришга.
Ўз навбатида, масалан, умумий мол-мулкга хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва сақлаш қуйидаги ишларни ўз ичига олади:
• уй томининг гидроизоляция қатламини тиклаш, ҳозирги ҳолатда талаб қиладиган жойларни алмаштириш, томни тўлиқ алмаштириш;
• уйнинг фасад қисмини реконструкция қилиш ёки уни алмаштириш;
• лифт ускуналарини таъмирлаш ва бошқалар.
Жой мулкдорларининг мажбурий бадаллари миқдори мулкдорларнинг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Наргиза Воҳидова.