Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 27 июлда қабул қилинган
Сенат томонидан 2021 йил 27 августда маъқулланган
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 18-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги махсус солиқ режимлари белгиланади:
1) айланмадан олинадиган солиқ;
2) маҳсулот тақсимотига оид битимлар иштирокчиларига солиқ солишнинг алоҳида тартиби;
3) махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ва айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга солиқ солишнинг алоҳида тартиби;
4) Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида солиқ солишнинг алоҳида тартиби»;
2) 131-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ҳисобга қўйилмаган жойда ер солиғини, мол-мулк солиғини ёки сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш мажбурияти ўзида юзага келган солиқ тўловчи мазкур мажбурият юзага келган кундан эътиборан ўн кун ичида солиқ солиш объектларини улар жойлашган ерда ҳисобга қўйиш учун давлат солиқ хизмати органларига қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиши керак, бундан ушбу Кодекс 133-моддасининг учинчи ва бешинчи қисмларига мувофиқ солиқ органларига бундай маълумотларни тақдим этиш органлар, муассасалар ва ташкилотларнинг мажбурияти бўлган ҳоллар мустасно»;
3) 133-модданинг:
учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мол-мулк, уларнинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисидаги ахборотни давлат солиқ органларига реал вақт режимида электрон шаклда тақдим этиши шарт»;
бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сув ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи органлар сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш жойидаги солиқ органларига сувдан фойдаланувчи шахслар ва улар томонидан фойдаланилган сув ҳажмлари тўғрисида реал вақт режимида электрон шаклда ахборот тақдим этиши шарт»;
ўнинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ваколатли бўлган органлар (муассасалар) кўчмас мулк олди-сотди шартномалари, мол-мулк ижараси шартномалари тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори ҳақида, меросга эгалик қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномалар берилганлиги ҳамда ҳадя этиш шартномалари нотариал тарзда тасдиқланганлиги тўғрисида солиқ органларига ахборот-коммуникация технологиялари воситасида реал вақт режимида хабар қилиши шарт. Бунда ҳадя этиш шартномалари тасдиқланганлиги тўғрисида тақдим этилаётган ахборотда ҳадя қилувчи ва ҳадя олувчи шахс ўртасидаги қариндошлик даражаси тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак»;
4) 169-модданинг бешинчи қисмидаги «камида ўн миллиард сўмни» деган сўзлар «камида беш миллиард сўмни» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
5) 237-модданинг тўртинчи қисмидаги «Давлат солиқ қўмитаси» деган сўзлар «Вазирлар Маҳкамаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
6) 369-модда иккинчи қисми:
7-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7) ходим бошқа жойга ишга ўтказилганда ёхуд кўчиб борганда кўчиш, мол-мулкини кўчириб боришга, жой ижарасига (йўл харажатлари учун бериладиган пул) оид харажатларни тўлаш ёки бу харажатларнинг ўрнини қоплаш харажатлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аниқланадиган олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан бакалавриатни ёки магистратурани тамомлагандан сўнг уч йил ичида ишга қабул қилинган ходимларга, шунингдек мазкур олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган оилавий шифокорлик пунктларига ва оилавий поликлиникаларга ҳамда таълим муассасаларига ишга қабул қилинган, бошқа ҳудудларда яшайдиган олий маълумотли шифокорларга ва мутахассисларга тўланадиган бошланғич ёрдам пули»;
9-банди:
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аниқланадиган олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан бакалавриатни ёки магистратурани тамомлагандан сўнг уч йил ичида ишга қабул қилинган ходимларга, шунингдек мазкур олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган оилавий шифокорлик пунктларига ва оилавий поликлиникаларга ҳамда таълим муассасаларига ишга қабул қилинган, бошқа ҳудудда яшайдиган олий маълумотли шифокорларга ва мутахассисларга уй-жой ижараси учун ҳар ойлик пул компенсацияси»;
бешинчи хатбошиси олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги 16-банд билан тўлдирилсин:
«16) солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланадиган дастурларда иштирок этиши натижасида олинган бонуслар, пул мукофотлари тарзидаги пул тўловларидан иборат даромадлари»;
7) 408-модда иккинчи қисмининг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Меҳнат стажи ҳисобланиши учун ўзини ўзи банд қилган шахслар, меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чет давлатларда ташкил этилган (очилган) савдо уйларида, ваколатхоналарда (шу жумладан юридик шахс ташкил этмасдан), ташкилотларда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек ишламайдиган эри (хотини) учун солиқ тўловини амалга оширувчи ишлаётган фуқаролар томонидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида ихтиёрий тартибда, қуйидаги солиқ тўловчилар томонидан эса мажбурий тартибда тўланади»;
8) 429-модда:
ўн тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Конлар ва карьерлар банд этган ерлар учун солиқ туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициент, лалми-яйлов зонада жойлашган ерлар учун эса – 0,05 коэффициент қўлланилган ҳолда тўланади»;
қуйидаги мазмундаги ўн бешинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Лалми-яйлов зонада жойлашган ерлар учун солиқ туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,3 коэффициент қўлланилган ҳолда тўланади, бундан ушбу модданинг ўн тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно»;
9) 459-модда қуйидаги мазмундаги 9-банд билан тўлдирилсин:
«9) фақат электр двигатель орқали ҳаракатга келтириладиган автомототранспорт воситаларини сотиб олувчи ва (ёки) уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча олиб киришни амалга оширувчи шахслар»;
10) ХХI бўлимнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ХХI БЎЛИМ.
СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ АЙРИМ ТОИФАЛАРИГА ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ ҲУДУДЛАРИДА СОЛИҚ СОЛИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ»;
11) қуйидаги мазмундаги 711-боб билан тўлдирилсин:
«711-боб. Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари
4801-модда. Умумий қоидалар
Ўзбекистон Республикасининг алоҳида ҳудудларида мазкур Кодекснинг 4802-моддасида белгиланган махсус солиқ ставкалари қўлланилишини назарда тутувчи солиқ солишнинг алоҳида тартиби белгиланиши мумкин.
Солиқ солишнинг алоҳида тартибига эга Ўзбекистон Республикасининг алоҳида ҳудудлари қуйидагилардан иборат: Фарғона вилоятининг Сўх тумани, Риштон туманининг Чўнғара маҳалласи, шунингдек Фарғона туманининг Шоҳимардон, Ёрдон маҳаллалари ва Ҳосилот маҳалласининг Тоштепа – 2 кўчаси.
4802-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида солиқ ставкаларини қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари
Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида солиқ ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланади:
1) фойда солиғи бўйича – 1 фоиз. Мазкур солиқ ставкаси Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида солиқ органида ҳисобда турган ва айрим ҳудудларида амалга оширилаётган фаолиятдан даромадлар олаётган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади;
2) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича – 1 фоиз. Мазкур солиқ ставкаси Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида меҳнат фаолиятини амалга ошириш чоғида қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган солиқ тўловчилар учун қатъий белгиланган миқдорлардаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳар чоракда йигирма беш минг сўм миқдорида тўланади;
3) ижтимоий солиқ бўйича:
юридик шахслар учун (бундан бюджет ташкилотлари мустасно) – 1 фоиз. Мазкур солиқ ставкаси Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондига нисбатан қўлланилади;
Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун – йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида;
4) айланмадан олинадиган солиқ бўйича – 1 фоиз. Мазкур солиқ ставкаси солиқ тўловчиларга нисбатан улар тушумининг Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида амалга оширилаётган фаолиятидан олинадиган қисмига нисбатан қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасининг алоҳида ҳудудларида жойлашган кўчмас мулк объектларига ва ер участкаларига, шунингдек ушбу ҳудудларда фойдаланиладиган сув ресурсларига нисбатан мазкур Кодекснинг 415, 422, 429, 437 ва 445-моддаларида белгиланган мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларига 0,1 коэффициент қўлланилади»;
12) 482-модда:
биринчи қисмининг учинчи хатбошисидаги «1 октябрга» деган сўзлар «31 декабрга» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
бешинчи қисмининг биринчи хатбошисидаги «2020 йил 1 октябрдан кейин» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ мол-мулк ва ер солиғининг 2020 йил 31 декабрдаги ҳолатига кўра кечиктирилган ҳамда тўланмаган суммаларини тўлаш 2022 йил 1 январдан эътиборан амалга оширилади. Бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисига мувофиқ кечиктирилган солиқ суммаси кейинчалик тўланадиган, бироқ икки йилдан кўп бўлмаган муддатни мустақил равишда белгилашга ҳақли»;
олтинчи–тўққизинчи қисмлари тегишинча еттинчи–ўнинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
13) 483-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«2022 йил 1 январга қадар бўлган даврда 2020 йил 31 декабрдаги ҳолатга кўра солиқ қарзини мажбурий равишда ундириш, шунингдек қуйидагилар бўйича пеня ҳисоблаш чоралари кўрилмайди:
фаолиятни туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳасида амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича;
2020 йилда ҳисобланган ва вақтинча қийинчиликлар муносабати билан юридик шахслар томонидан тўланмаган юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича;
2020 йил 15 майдаги ҳолатга кўра қарздорлиги мавжуд бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналарга солиқлар, пенялар ва солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича.
2021 йил 31 декабргача бўлган давр учун туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари:
фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди;
юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилинади.
Қуйидагилар мол-мулк солиғини, ер солиғини, айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир шаҳари ва тумани учун «ўсиш нуқтаси» деб белгиланган фаолият турларини амалга ошираётган янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари – 2024 йил 1 январга қадар бўлган муддатга;
Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида жойлашган, янгидан ташкил этилган саноат соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари – 2024 йил 1 январга қадар бўлган муддатга. Солиқ тўловчиларнинг мазкур тоифаси фойда солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни белгиланган солиқ ставкасидан 50 фоиз пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан аниқланган рўйхат бўйича Қорақалпоғистон Республикасида хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган ва оғир шароитлардаги 45 та маҳалла ва овулларда жойлашган, янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари – 2026 йил 1 январга қадар бўлган муддатга. Тадбиркорлик субъектларининг мазкур тоифаси фойда солиғидан ҳам озод қилинади».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 1-моддаси 6-бандининг қоидалари 2021 йил 1 июндан эътиборан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ушбу Қонун 1-моддаси 7, 8, 11 ва 12-бандларининг қоидалари 2021 йил 1 январдан эътиборан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ушбу Қонун 1-моддаси 9 ва 10-бандларининг қоидалари 2021 йил 1 мартдан эътиборан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти
Ш.МИРЗИЁЕВ.
Тошкент ш.,
2021 йил 14 сентябрь
ЎРҚ-714-сон.
*Ушбу Қонун Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.09.2021 йилдан кучга кирди.