Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 38 / Адвокат маслаҳати

Лизинг: муаммолар ва уларнинг ечимлари

 

Кўпинча лизинг компаниялари ёки лизинг олувчилар ҳуқуқлари лизинг битимлари бўйича контрагентлар томонидан бузилган бўлади. Муаммоларнинг сабаби – шартноманинг нотўғри ёки охиригача ўйланмаган шартлари. Лизинг олувчи учун – лизинг объектининг сифат хусусиятлари кўпроқ аҳамиятга эга, лизинг компанияси учун муҳими эса – лизинг олувчи томонидан тўловлар муддатини ўтказиб юборилиши ёки тўланмаслиги муаммоларига дуч келмаслик.

Эҳтимолий муаммоларни шартномани тайёрлаш ва тузиш босқичида қандай олдини олиш ҳақида «Este Prime» АФ адвокати Александр Цой тушунтирди.

 

Лизинг объектининг лозим даражада бўлмаган сифати

Бу ҳолда лизинг берувчи ва лизинг олувчининг ҳуқуқ ва жавобгарлигини белгилайдиган қоидаларнинг моҳияти қуйидагича. Агар лизинг объектини лизинг олувчи танлаган бўлса:

• лизинг берувчи лизинг объекти сифати учун жавобгар бўлмайди;

• лизинг олувчи сотувчининг ночорлиги ёки лизинг объектининг ундан фойдаланиш мақсадларига мувофиқ келмаслиги хавфига эга бўлади;

• лизинг олувчининг ўзи сотувчига талабнома тақдим этиши керак, бироқ бунда лизинг объекти олди-сотди шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас.

Бошқача айтганда: ўзингиз танладингизми, ўзингиз айбдорсиз, сотувчи билан ўзингиз келишиб олинг.

Лизинг берувчи фақат лизинг объектини ва унинг сотувчисини ўзи танлаган тақдирда лизинг объектининг сифатига жавоб беради. Ёки – лозим даражада бўлмаган сифати унинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида бўлса. Бунда «Лизинг тўғрисида»ги Қонун лизинг берувчининг айбли ҳаракатларини аниқлаштирмайди. Афтидан, айбдорлик масаласи Фуқаролик кодексининг умумий қисми ва лизинг объекти сотувчиси билан тузилган олди-сотди шартномаси (мажбуриятларни бажариш ва харидорнинг ҳуқуқларини амалга ошириш қисмида) тартибга солиниши назарда тутилади.

Лизинг объектининг сифат хусусиятлари борасида низолар ва судлашишни олдини олиш учун лизинг битими тарафларига Қонуннинг олди-сотди шартномаси лизинг шартномаси кучга киришидан олдин ёки кейин, яъни – лизинг шартномаси тузилгандан кейин тузилиши юзасидан кўрсатмаларига риоя қилиш тавсия қилинади (Қонуннинг 14-м.).

Амалиётда кўп лизинг компаниялари лизинг шартномаси тузилгунга қадар лизинг олувчининг молиявий-иқтисодий ҳолати тўғрисидаги бошқа ҳужжатлар жумласида лизинг объектининг сифат хусусиятларини кўрсатган ҳолда лизинг буюртмасини тўлдиришни талаб қилишади. Бироқ кейинчалик улар ушбу буюртмани лизинг шартномасига иловага қўшишмайди. Ўз навбатида лизинг олувчи сотувчи ва ўзи лизингга олишни истаётган мол-мулкнинг хусусиятларини яхши биламан деб ўйлаб, буюртмага юзаки қарашади.

Шундан кейин лизинг берувчи буюртмада кўрсатилган хусусиятларни кўрсатган ҳолда олди-сотди шартномасини тузади, сотувчидан мол-мулкни олади ва лизинг олувчига беради. Ҳуқуқий муносабатларнинг ушбу занжирида қаерда эътирозлар юзага келганда у лизинг олувчининг олдида жавоб берадиган лизинг берувчининг айбли ҳаракатлари юзага келиши мумкин?

 

Лизинг битими алгоритми

Умумий маънода ва Қонун мантиғи нуқтаи назаридан лизинг битими тарафлари ҳаракатларининг алгоритми тахминан қуйидагича бўлиши керак:

1) потенциал лизинг олувчи лизинг берувчи томонидан талаб қилинган ҳужжатларни тақдим этган ҳолда лизинг буюртмасига алоҳида эътибор бериши керак. Унда лизинг объектининг барча сифат хусусиятларини майда тафсилотларигача батафсил таърифлаш зарур;

2) лизинг шартномаси лойиҳасида лизинг объекти сифати учун жавобгарлик рўй бериши шартларини ёзиш зарур. Лизинг берувчига олди-сотди шартномасига спецификацияда ва қабул қилиш-топшириш далолатномасида лизинг буюртмасида кўрсатилган сифат мезонларини кўрсатиш мажбуриятини юклаш муҳим;

3) агар битим шартлари маъқулланса, лизинг шартномаси тузилади, унга илгари лизинг олувчи томонидан тақдим этилган барча ҳужжатлар иловалар сифатида қўшилади. Шу жумладан – батафсил лизинг буюртмаси. Шартноманинг ўзида лизинг шартномасининг ижроси юзасидан тузилган бошқа шартномалар иловалар таркибига қўшилишини кўрсатиш зарур. Айнан: олди-сотди, суғурта, ускунани монтаж қилиш, ходимларни ўқитиш шартномалари ва ҳ. к.

Ушбу шартномаларни лизинг битими тарафлари ҳуқуқларини амалга ошириш учун иловалар таркибига қўшиш зарур;

4) лизинг олувчи шартномага иловалар сифатида қуйидагиларга эга бўлиши зарур:

а) олди-сотди шартномаси нусхаси – сотувчига талабномалар, шу жумладан – кафолатли хизмат кўрсатиш бўйича талабномалар тақдим этиш бўйича ўз ваколатлари чегарасини билиш учун;

б) суғурта шартномаси – тарафларнинг бирида қуйидаги билимлар мавжуд эмаслиги натижасида суғурта товонига бўлган ҳуқуқни йўқотмаслик учун:

• суғурта ҳодисалари рўйхати тўғрисида;

• суғурта товонини тўлаш шартлари тўғрисида;

• суғурта ҳодисаси юзага келганда лозим даражада хатти-ҳаракат тўғрисида.

Лизинг берувчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва потенциал лизинг олувчи томонидан унинг молиявий-иқтисодий ҳолати тўғрисида ҳаққоний бўлмаган маълумотлар тақдим этилиши натижасида зарарларнинг олдини олиш учун шартномага илова сифатида илгари тақдим этилган ҳужжатларга эга бўлиши зарур;

5) олди-сотди шартномаси тузилгандан кейин лизинг берувчи лизинг объекти қийматини белгилайди, у бўйича уни лизинг олувчига эгалик ва фойдаланишга топширади. Объектни олишда лизинг олувчи унинг сифатини, бутлигини, унумдорлигини, қувватини ва бошқа сифатларини ўзининг лизинг буюртмаси билан солиштиради. Агар эътирозлар бўлмаса – уни ўз балансига қабул қилади;

6) лизинг объектини топшириш билан бирга лизинг тўловлари жадвали тузилади. У ҳам лизинг шартномаси иловалари рўйхатига қўшилади ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Ўйлайманки, лизинг шартномаси тузишда бундай ҳаракатлар алгоритмига риоя қилинган тақдирда лизинг объектининг сифатига доир хатарлар энг паст даражада тушади.

 

Лизинг берувчининг ҳуқуқлари қандай ҳимояланади

Лизинг компанияларининг асосий муаммоси, қоидага кўра, лизинг олувчилар томонидан лизинг тўловларининг муддати кечиктирилиши ёки тўланмаслиги ҳисобланади.

Бундай вазиятда «Лизинг тўғрисида»ги Қонуннинг (кейинги ўринларда – Қонун) 11-моддасида қайд этилишича, лизинг берувчи «…лизинг олувчи томонидан ўз мажбуриятларининг жиддий равишда бузилишига йўл қўйилган тақдирда, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, келгуси лизинг тўловларини тўлашни тезлаштиришни ёки гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб этиш» ҳуқуқига эгадир. Мазкур тартиб ОХС Пленумининг «Лизинг муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини иқтисодий судлар томонидан қўлланилишининг айрим масалалари ҳақида»ги қарорида (27.11.2015 й. 289-сон) келтирилган.

Қонунда муаммони ҳал этишнинг икки варианти назарда тутилган кўринади: ёки келгуси лизинг тўловларини тўлашни тезлаштиришни ёхуд гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб этиш.

Мазкур ҳолатда «...гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган...» формулировкаси бўйича савол туғилади ҳамда уни амалда татбиқ этишда тушунмовчиликлар юзага келмоқда.

Қарздор томонидан мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаганда гаровга олувчининг (қарз берувчининг) гаров билан кафолатланган талабларига кўра ҳуқуқларни амалга ошириш қисмида гаров бўйича ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини кўриб чиқамиз.

Фуқаролик кодексининг 264-моддасида бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланиши, ФКнинг 266-моддасига мувофиқ эса ашёнинг мулкдори ашёни гаровга қўювчи бўлиши мумкинлиги белгиланган.

Шундай савол туғилади: гаровга қўювчи ва гаровга олувчи мавжуд бўлмаган лизинг бўйича ҳуқуқий муносабатларда гаровга оид ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи нормалар қандай қўлланади?

Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан қаноатлантирилишига ҳақли бўлади. Бунда мол-мулк мажбурий тартибда очиқ савдоларда ёхуд бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки бошқа битимлар бўйича сотиш орқали реализация қилинади. Ҳа қандай ҳолатда лизинг берувчи гаровга қўйилган мол-мулкни (лизинг объектини) ололмайди. Буни ОС Пленумининг «Фуқаролик кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида»ги қарори (24.09.1999 й. 16-сон) ҳамда ЎзР ОС ва ОХС қўшма Пленумининг «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори (22.12.2006 й. 13/150-сон) яна бир бор тасдиқлайди. Уларда айтилишича, амалдаги қонунчиликда гаров нарсаси ҳисобланган мол-мулкни гаровга олувчининг эгалигига бериш мумкинлиги назарда тутилмаган ҳамда бундай беришни назарда тутувчи ҳар қандай битимлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Яъни «...гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган...» ибораси охир-оқибатда гаров нарсаси сифатида лизинг объектини очиқ савдоларга чиқариш орқали сотилишига олиб келади. Шу боисдан шундай хулосага келинадики, лизинг берувчида лизингга олувчи томонидан лизинг тўловлари муддати кечиктирилган ёки тўланмаган тақдирда фақат биргина ҳуқуқ – пул маблағларини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлади. Ушбу ҳуқуқ лизинг тўловларини муддатидан олдин ундириш ёки лизинг объектини қайтариб олиш орқали амалга оширилади, шунингдек лизинг объекти очиқ савдоларда сотилганидан кейин лизинг берувчи пул маблағларини олиши мумкин бўлади.

Лизинг берувчи лизинг тўловлари тўланмаганлиги сабабли судга «…гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаби» билан мурожаат қилди дейлик. Даъво тақдим этилган санада камида иккита муддати кечиктирилган тўлов мавжуд бўлган, яъни икки ойлик тўлов тўланмаган. Шундай қилиб суд жараёни бир ой ёки бир ярим ой давом этади, апелляция ёки кассация шикоятлари тақдим этилмаган тақдирда суднинг ҳал қилув қарори кучга кириши учун бир ой муддат берилади. Сўнгра савдолар ва ҳ.к. Бутун жараён узоқ муддатга чўзилади, лизинг объектидан эса фойдаланишда давом этилади ва эскириш юзага келаверади, муддати кечиктирилган даврий тўловларнинг ундирилиши эса Қонунда белгиланмаган. Бошқача айтганда, лизинг объектига ундирув қаратилганда, лизинг берувчи муддати кечиктирилган тўловларни ололмайди, ҳатто лизинг объекти сотилган тақдирда ҳам ушбу тўловлар тўланмайди.

Кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатлар Қонуннинг 22.10.2019 йилгача бўлган таҳририда шундай тартибга солинган: лизинг берувчи «…лизинг олувчи томонидан ўз мажбуриятларининг жиддий равишда бузилишига йўл қўйилган тақдирда, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, келгуси лизинг тўловларини тўлашни тезлаштиришни ёки гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб этиш» ҳуқуқига эгадир. Яъни илгари лизинг объектини қайтариб олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган, бироқ ҳозир лизинг объекти қайтарилмайди.

Қонунга ҳамда Фуқаролик кодексининг ­597-моддасига ўзгартиришлар 2019 йил октябрда шошилинч қабул қилинган деб ўйлаймиз, улар лизинг объекти «тақдири» қисмида лизинг муносабатларини тартибга соладиган бошқа қонун ҳужжатларига зиддир. Хусусан, Солиқ кодексининг 249-моддаси 2-қисми, 6-сон БҲМСнинг ­37-банди, Ижарага оид операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ рўйхат рақами 1961, 1.06.2009 й.) 18-банди – уларнинг ҳаммасида лизинг объектининг қайтарилиши назарда тутилади. Қонуннинг 12-моддасида ҳам лизинг шартномаси бекор қилинганда лизинг олувчи лизинг объектини лизинг берувчидан қандай ҳолатда олган бўлса, шундай ҳолатда, нормал эскириш ва тарафларнинг келишувида шартлашилган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда қайтариши шартлиги айтилган.

Бу борада Қонунга киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистон Конституциясига ҳамда «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга зиддир. Уларда айтилишича, хусусий мулк даҳлсиздир ва давлат томонидан ҳимоя қилинади, мулкдор эса хоҳишига кўра ва манфаатлари йўлида ўзига тегишли бўлган мол-мулкни тасарруф этиши ва ундан фойдаланиши мумкин.

Афсуски, бундай низолар бўйича ягона суд амалиёти ҳам мавжуд эмас, кўпинча биринчи инстанция судлари ва Олий суд томонидан қабул қилинган қарорлар бир-бирига зид бўлади.

Халқаро ҳуқуқ, хусусан Халқаро молиявий ижара тўғрисидаги Конвенция (UNIDROIT) (Оттава, 28.05.1988й., Олий Мажлиснинг 28.05.2000 йилдаги 84-II-сон қарори, ЎзР учун 1.02.2001 йилда кучга кирган), кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни қуйидагича тартибга солади.

Лизингга олувчи томонидан мажбуриятлари бузилган тақдирда лизинг берувчи тўланиши лозим бўлган даврий тўловларни фоизлари билан ва зарарлар қопланган ҳолда тўланишини талаб қилишга ҳақли. Лизинг олувчи томонидан ўз мажбуриятларининг жиддий равишда бузилишига йўл қўйилган тақдирда, агар бу лизинг шартномасида назарда тутилган бўлса, лизинг берувчи келгуси даврий лизинг тўловларини муддатидан олдин тўлашни талаб этишга ҳақлидир. Ёки лизинг шартномасини бекор қилиши ва бундан кейин эса:

а) лизинг объектига эгаликни тиклаши; ҳамда;

б) зарарларни лизинг олувчи лизинг шартномасини унда кўрсатилган шартларга мувофиқ бажарганда лизинг берувчи қандай сумма олиши лозим бўлса, шундай миқдорда қоплашни талаб қилиши мумкин (Конвенциянинг 13-м.).

Бизнинг шароитда халқаро стандартлар қўлланилганда лизинг олувчи томонидан ўз мажбуриятларининг жиддий равишда бузилишига йўл қўйилган тақдирда, лизинг берувчи:

• шартномани бекор қилишга;

• лизинг объектини олиб қўйишга;

• зарарлар таркибида фоизли даромад кўринишида бой берилган фойдани ҳамда лизинг объектидан фойдаланилган давр учун муайян тўловни ҳам ундириб олишга ҳақли.

Бизнинг ҳолатда, лизинг ижаранинг алоҳида тури эканлигини инобатга оладиган бўлсак, муддати кечиктирилган тўловлар ўрнига бошқача кўринишдаги тўловларнинг ундирилиши ФКнинг 554-моддаси шартлари доирасида амалга оширилиши мумкин, унда ижарага берувчига ижарага берилган мол-мулкдан фойдаланилган бутун давр учун ижара тўловларини ундириш ҳуқуқи берилиши белгиланган.

«Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонунда кўрсатилишича, Чет эллик инвесторларга ҳамда чет эл инвестицияларига адолатли ва тенг ҳуқуқли режим тақдим этилади. Бундай режим қуйидаги режимлардан ноқулайроқ бўлиши мумкин эмас:

• Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларида белгиланган режим;

• Ўзбекистон юридик ва жисмоний шахслари томонидан амалга ошириладиган инвестициялар учун режим (46-м.).

Шундай қилиб, қандай режим лизинг объектини қайтариш ёки қайтармаслик қисмида энг қулай ҳисобланади – Қонунда белгиланганими ёки Оттава Конвенциясида белгиланган режимми? Ўйлашимча, ўнлаб мамлакатлар қўшилган Конвенцияда белгиланган режим энг қулай.

Лизинг бўйича халқаро стандартлар тахминан Конвенциядаги шартлар бўйича миллий қонунчиликка имплементация қилиниши лозим эди. Бироқ бундай бўлмади, ва лизинг берувчининг мулкчилик ҳуқуқини амалга оширишда жиддий равишда бузилишига ва уларни ҳимоя қилиш имкониятининг чекланишига сабаб бўлди.

Қонун ҳужжатларидаги ушбу камчиликлар кўпгина муаммоларни юзага келтирмоқда ва лизингнинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Ишонаманки, «Лизинг тўғрисида»ги Қонунга киритилиши таклиф этилаётган лизингга оид битимларнинг барча томонларини ҳимояловчи ўзгартиришлар ушбу миллий бизнесни молиялаштириш воситасининг самарадорлигини оширишга хизмат қилган бўлар эди.

 

Лизинг тўловлари муддатини ўтказиб юбориш ёки тўламаслик

«Лизинг тўғрисида»ги Қонунда лизинг олувчи томонидан лизинг тўловлари муддати ўтказиб юборилганда ёки тўланмаганда лизинг берувчининг ҳуқуқлари ва лизинг олувчининг жавобгарлиги бўйича бир бирига зид нормалар мавжуд (Қонуннинг 11, 12-м.).

Афсуски, шунга ўхшаш низолар бўйича ягона суд амалиёти мавжуд эмас. Кўпинча биринчи инстанция суди сингари, Олий суд ҳам лизинг объектини талаб қилиб олиш қисмида бир бирига зид қарорлар қабул қилишади. Қонунчиликда зиддиятлар мавжуд бўлган бир шароитда битим тарафлари қандай йўл тутишлари лозим?

 

Лизинг берувчига тавсиялар

Агар сиз лизинг олувчи томонидан мажбуриятларнинг жиддий бузилишида лизинг тўловларини муддатидан олдин тўлаш талаби ҳуқуқидан воз кечган бўлсангиз, лизинг шартномасини тузиш чоғида «Лизинг тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига ҳавола берган ҳолда лизинг объектини қайтариш (талаб қилиб олиш) шартларини ёзинг.

Шартнома матнида ва агар иш суд муҳокамасигача борса, лизинг олувчи томонидан ўз мажбуриятлари жиддий бузилган тақдирда даъво аризасида ҳеч қачон:

• қуйидаги иккита талабни бир вақтда қўйманг: 1) зарарларни қоплаган ҳолда шартномани бекор қилишни; 2) ундирувни лизинг объектига қаратиш ва барча лизинг тўловларини муддатидан олдин ундиришни;

• шартномани бекор қилиш талабини баён этган ҳолда, лизинг тўловлари бўйича ҳосил бўлган қарздорликни, харид тўлови муддатини ўтказиб юборганлик учун пеня ва ундирувни лизинг объектига қаратишни талаб қилманг.

Олий хўжалик суди Пленумининг 289-сон Қарорида баён этилган позиция айни шундан иборат. Шунингдек, судда ишни кўриб чиқишда нафақат қонунчиликнинг юқорида баён этилган нормаларига, балки халқаро молиявий лизинг тўғрисидаги Халқаро молиявий ижара тўғрисидаги Конвенциясига (UNIDROIT) ҳам амал қилинг. Гарчи унда у ижарага берувчи ва ижарага олувчининг тижорат корхоналари турли давлатларда жойлашганда қўлланилади дейилган бўлсада, суд бунда норезидент бўлган лизинг олувчига лизинг объекти қайтариладиган, резидентга эса – қайтарилмайдиган вазиятнинг икки хиллигини эътиборга олиши ва ўзининг асосини бериши керак бўлади.

Прочитано: 565 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика