Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 33 / Истеъмолчи бурчаги

Рад этиш ҳуқуқи: истеъмолчиларнинг товар алмаштириш/қайтаришдаги муаммолари

 

«Сотилган товар қайтариб олинмайди» – супермаркетлар ёки кийим-кечак ва пойабзал дўконларида айнан шундай огоҳлантирувчи ёзувларни учратиш мумкин. Бу қонунийми? Бундай вазиятда истеъмолчи қаерга мурожаат қилиши керак? Сотувчи қанча муддатда пулни қайтариши лозим? Мақолада ана шу саволларга жавоб беришга ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг айрим жиҳатларини тушунтиришга ҳаракат қиламиз.  

 

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига тушган савдо соҳасига оид таҳлил қилинган мурожаатларнинг 33 фоизи сифатсиз товарларни қайтариш ва алмаштириш билан боғлиқ. Бу эса яна бир бор ушбу мавзунинг долзарблигидан далолат беради. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Агентликка 255 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 131 таси маиший техникани қайтаришга, 25 таси қурилиш моллари, мебелларни қайтариш ҳамда алмаштиришга, 13 та мурожаат эса зарур сифатга эга бўлмаган автотранспорт воситаларини қайтариш ёки алмаштириш ва шунингдек, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни алмаштиришга тегишлидир. Бугунга кунга қадар Агентлик томонидан истеъмолчиларга 1,5 млрд сўмга тенг бўлган турли хил товарларнинг қайтарилиши ёки алмаштирилиши таъминланди.

 

Қайси товарлар қайтарилади, қайси бирлари эса қайтарилмайди?

Истеъмолчилар шуни ёдда тутишлари керакки, нафақат зарур сифатга эга бўлмаган товарлар, балки сифатли товарлар ҳам қайтарилиши/алмаштирилиши мумкин. Айрим ҳолатларда ва маълум мажбурий шартларга амал қилинганда, истеъмолчи сифатли маҳсулотни ҳам қайтариб бериши ёки алмаштириши мумкин.Табиийки, сотувчиларнинг аксарияти харидорларнинг бундай ҳуқуқларини амалга оширишга монелик қиладилар.

Шундай қилиб, агар маҳсулотда камчиликлар бўлмаса, лекин ўлчами, ранги, техник хусусиятлари ва бошқа сабабларга кўра мос келмаса, истеъмолчи ноозиқ-овқат товар унга берилган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида (озиқ-овқат товарларига нисбатан 24 соат мобайнида) сотиб олинган товарни харид қилинган жойда айнан шундай товарга алмаштириши, сотувчида алмаштириш учун зарур товар бўлмаган тақдирда харидор товарни сотувчига қайтаришга ва унинг учун тўланган суммани қайтариб олишга ҳақлидир.

Яна шуни эсда тутиш лозимки, сифатли товарлар қайтарилганда улар истеъмол қилинмаган бўлиши, товар кўринишини йўқотмаган, истеъмол хоссалари, пломбаси, ёрлиқлари сақланган ҳолатда бўлиши керак.

 

Алмаштириш/қайтариш мумкин эмас!

Дори воситалари ва тиббий асбоблар, шахсий гигиена буюмлари, атторлик-пардоз товарлари, тўқимачилик товарлари ҳамда метрлаб сотиладиган бошқа товарлар, тикувчилик ва трикотаж буюмлари (тикувчилик буюмлари ва трикотаж ички кийимлар, пайпоқ ва қўлқоп буюмлари), полимер материаллардан тайёрланган, озиқ-овқат материаллари билан боғлиқ бўлган буюм ва материаллар, маиший кимё товарлари, пестицидлар ва агрохимикатлар, мебель, заргарлик буюмлари, автомототранспорт воситалари, маиший электр товарлари, шунингдек, ҳайвонлар ва ўсимликлар қайтариб олинмайди ва алмаштириб берилмайди.

 

Нақд пулни қайтариш ёки алмаштириш бўйича талаб қўйилганда истеъмолчи назорат касса ва товар чекини тақдим этиши шарт. Шунинг учун муайян сотувчидан сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни эрта ташлаб юбормаслик тавсия этилади.

 

Товар зарур сифатда бўлмаган тақдирда

Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда зарур сифатга эга бўлмаган, нуқсонли маҳсулотни сотиб олган истеъмолчида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга имкон берадиган 5 та қоида мавжуд. Булар қуйидагилар:

• товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш; товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш; товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш; харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш; шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.

Шунингдек, товарнинг кафолат муддати ёхуд яроқлилик муддати мобайнида; кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича 6 ой мобайнида; кўчмас мулк истеъмолчига ўтказилган кундан эътиборан икки йил мобайнида, агар шартномада бундан узоқроқ муддат назарда тутилмаган бўлса; мавсумий товарлар учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган муддат мобайнида аниқланган бўлса, истеъмолчи мазкур ҳуқуқларини рўёбга чиқариши мумкин.

Агентлик истеъмолчиларнинг савдо-сотиқ соҳасида қайтариш ва алмаштириш борасидаги мурожаатларини кўриб чиқишда товар чеки ва кафолат талони йўқлиги, маиший техника, электроника ва автомототранспорт воситаларидаги камчиликларни экспертизадан ўтказиш бўйича мустақил техник марказлари сонининг жуда ҳам камлиги каби бир қатор муаммоларга дуч келмоқда.

 

«Акция орқали сотиб олинган товарлар алмаштирилмайди ва қайтарилмайди»

Бугунги кунга келиб, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) харид қилиш имкониятига эга бўлган истеъмолчига маҳсулотни сотиш учун кўплаб усулларни қўллаши мумкин. Маҳсулотни реклама қилиш ёки чегирмага бериш айнан шундай усуллардан биридир. Бироқ сотувчилар «Акция доирасида сотиб олинган товарлар алмаштирилмайди ёки қайтарилмайди» каби ибораларни ишлатган ҳолда маҳсулотларни қайтаришдан бош тортадилар. Қонунга мувофиқ, агар сотувчи акция доирасида сотиладиган товарда камчилик мавжудлиги тўғрисида харидорни огоҳлантирмаган бўлса, нуқсонли товар сотилганда харидор товарни қайтариб бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Прочитано: 532 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика