Дугонам кўриш қобилияти бўйича II гуруҳ ногирони, ёлғиз она, ўғли 2 ёшда. Ногиронлик пенсиясини олади. Ўғли билан бирга онасининг квартирасида яшайди, лекин ота-онасининг бошқа квартирасида прописка қилинган.
У боласига бирор-бир нафақа олишга ҳақлими? Ҳозир болали оилаларга нафақа, болани парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад миқдори қандай?
– 2 ва 14 ёшдаги болалар бўлган оилаларга нафақалар фақат кам таъминланган оилаларга тўланади. Оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган МҲЭКМнинг 52,7%идан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила кам таъминланган оила деб эътироф этилади (Низомнинг 6-б., ВМнинг 5.03.2021 йилдаги 122-сон қарорига 1-илова).
2021 йил 1 февралдан бошлаб МҲЭКМ – ойига 747 300 сўм (ПҚ-4938-сон қарорнинг 1-б.). Тегишинча, кам таъминланган оила деб эътироф этилиши учун оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад 393 827,1 сўмни ташкил қилиши керак.
Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.