Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 32 / Божхона

Масалаларга ечим топиляпти

 

Жойларда халқ дардини тинглаш, кундалик муаммолардан хабардор бўлиш, бу муаммоларга ўз вақтида ечим топиш бугунги кунда божхона хизмати олдида турган вазифалардан.  

 

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик эътиборига етказиб, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Самарқанд вилояти телерадиокомпаниясининг «Очиқ мулоқот» кўрсатувида вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасур Файзуллаев ҳамда бир гуруҳ ходимлар иштирок этди.

Дастлаб Ж.Файзуллаев божхона органларида «рақамли божхона»ни такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар ҳамда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берди.

Божхоначилар билан ўтказилган олдинги мулоқотда 30 га яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, саволларнинг барчасига мутасадди ходимлар жонли эфир орқали жавоб қайтаришган, кўрсатувдан кейин мурожаатчилар билан телефон орқали боғланиб, тушунчалар берилган, яшаш манзилларига хатлар юборилган эди.

Шу билан бирга муаллифи ва яшаш манзили кўрсатилмаган мурожаатларга тегишли тартибда жавоб тайёрланиб, вилоят нашрлари бўлмиш «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари орқали етказилди.

Бу гал эса кўрсатув орқали 20 дан ортиқ фуқародан саволлар келиб тушди. Мутахассислар Божхона кодекси ҳамда божхона қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда аниқ ва тушунарли тарзда жавоблар қайтаришди.

Фуқаролар асосан божхона постлари орқали товарларни олиб ўтиш нормалари, божхона органларига ишга кириш тартиби, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби, хориждан автотранспорт воситаларини олиб кириш ва божхона расмийлаштируви жараёнида ундириладиган божхона тўловлари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида импорт товарларни қисқартиришда божхона органининг роли тўғрисидаги саволлар билан мурожаат қилишди.

Экспортга расмийлаштирилган товарларнинг вазни бўйича 92 фоизи, товар туркумларининг 89 фоизи божхона кўригисиз амалга оширилган.

Хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизимидан самарали фойдаланилиши, хавфларни минималлаштириш чоралари қўлланилиши натижасида ўтган давр мобайнида давлат бюджетига 4,1 млрд сўмлик қўшимча божхона тўловлари ундирилди.

2021 йил январь-июль ҳолатига кўра бошқарма томонидан жами 413 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, улар бўйича 10 млрд 784,9 млн сўмлик товарлар ушлаб қолинган.

Шунингдек, ўтган давр давомида бошқармага 51 та юридик ва жисмоний шахс томонидан ёзма мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси белгиланган муддатларда ижрочилар томонидан кўриб чиқилган.

Бугунги кунда тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва вилоят божхона бошқармасининг (66)-233-63-00 рақамли «Ишонч телефони» 24 соат давомида ишлаши йўлга қўйилган.

«Очиқ мулоқот» якунида бу каби мулоқотлар давомли бўлиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифлари учун бошқарма эшиклари ҳамма вақт очиқлиги, ҳар бир мурожаат ўз вақтида ва юқори савияда кўриб чиқилиши таъкидлаб ўтилди.

Прочитано: 972 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика