Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 32 / Бухгалтерга ёрдам

Чет эллик жисмоний шахс хизмат кўрсатганда ҚҚС тўланадими

 

Кўпинча корхоналар чет эллик жисмоний шахслар билан хизматлар, масалан, IT, маслаҳат, таълим хизматлари ҳамда онлайн форматдаги бошқа хизматлар кўрсатиш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни (ФҲШ) тузадилар.

Бундай битимда хизматлар учун ҳақ тўлаган юридик шахс ҚҚС бўйича солиқ агенти ҳисобланадими? Мазкур ҳолатда хизматларни реализация қилиш жойи аҳамиятга эга бўладими? 

 

Саволларга Молия вазирлиги билвосита солиқлар услубияти бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚОБИЛОВ жавоб берди:

 

– ҚҚС тўловчилар рўйхати ёпиқ ҳисобланади. Улар қаторига қуйидагилар киради:

1) Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари;

2) товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида 1 млрд сўмдан ошган ёхуд ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар;

3) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни (хизматларни) реализация қилувчи чет эл юридик шахслари, агар товарларни (хизматларни) реализация қилиш жойи деб Ўзбекистон Республикаси эътироф этилса;

4) фаолиятни Ўзбекистон Республикасида доимий муассасалар орқали амалга оширувчи чет эл юридик шахслари;

5) оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) доирасида амалга ошириладиган фаолият бўйича – оддий ширкатнинг ишларини юритиш вазифаси зиммасига юклатилган ишончли шахс – оддий ширкатнинг иштирокчиси (СК 237-м.).

Бунда СКда белгиланган ҳолатларда ҚҚС бўйича солиқ мажбуриятлари айрим солиқ тўловчилар учун солиқ агентлари томонидан бажарилади. СКнинг 255-моддасида Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди реализация қилиш жойи бўлган хизматлар солиқ тўловчилар сифатида солиқ органларида ҳисобда турмаган, бироқ ҚҚС тўловчиси ҳисобланган чет эллик шахслар томонидан реализация қилинганда солиқ агенти томонидан ҚҚС бўйича солиқ базасини аниқлаш, ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби белгиланган.

Чет эллик шахслардан чет эл юридик шахслари ҚҚС тўловчиси ҳисобланадилар. Жисмоний шахслардан фақат товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида 1 млрд сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар ҚҚС тўловчилар ҳисобланади (СК 237-м. 1-қ.).

 Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади (СК 31-м.). Жисмоний шахснинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш мажбурияти ФКнинг 24-моддасида белгиланган. Унга мувофиқ фуқаро якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир.

Тадбиркорлик субъекти, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом белгиланган (9.02.2017 й. 66-сон ВМҚга 1-илова). Унга мувофиқ тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш рўйхатдан ўтказувчи органнинг тадбиркорлик субъектларининг рўйхатдан ўтказиш маълумотларини белгиланган тартибда Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестрига киритиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлари ҳисобланади.

Шу тариқа, СКга мувофиқ хорижий мамлакат қонунчилигига мувофиқ тадбиркор ҳисобланган чет эллик жисмоний шахс Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлмайди, сабаби у мамлакатимизда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган. Демак, мазкур шахс СКнинг 237-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди.

 

– Чет эллик жисмоний шахс хизматлар кўрсатадиган тадбиркорлик субъекти ҚҚС бўйича солиқ агенти сифатида қаралиши мумкинми?

– Йўқ, мумкин эмас, сабаби солиқ агенти солиқ тўловчи учун мажбуриятларни бажаради, бироқ хорижий мамлакат қонунчилиги бўйича якка тартибдаги тадбиркор бўлган чет эллик жисмоний шахс Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди.

Шу боисдан мамлакатимизда белгиланган тартибда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган чет эллик шахслар ҳақида сўз борганда, уларга тўланадиган даромадларга Солиқ кодексидаги жисмоний шахсларнинг даромадларига солиқ солиш тартибини белгиловчи қоидалар қўлланилади.

 

– Норезидент ҳисобланган чет эллик жисмоний шахсдан хизматларни олишга доир битим бўйича ушбу хизматларни реализация қилиш жойи аниқланиши лозимми?

– Йўқ шарт эмас, сабаби СКда ҚҚС солинадиган объектни аниқлаш мақсадида хизматлар кўрсатиш жойини белгилаш лозимлиги назарда тутилган (СК 238-м. 1-қ.). Норезидент жисмоний шахс ҚҚС тўловчиси бўлмаганлиги сабабли ҚҚС солинадиган объектни аниқлашда хизматлар кўрсатиш жойи аҳамиятга эга бўлмайди.

Баён этилганлардан келиб чиқадики, Ўзбекистон тадбиркорлик субъекти Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланмаган чет эллик жисмоний шахсдан хизматларни харид қилмоқда. Бундай чет эллик шахс Ўзбекистонда ҚҚС тўловчи ҳисобланмайди. Чет эллик жисмоний шахснинг хизматларига ҳақ тўлайдиган Ўзбекистон тадбиркорлик субъекти ҚҚС бўйича унинг солиқ агенти ҳисобланмайди.

Прочитано: 312 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика