Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 32 / Мутахассис тушунтиради

Маъмурий харажатлар қандай шакллантирилади

 

Маъмурий харажатларбу компанияни бошқариш муносабати билан ёхуд бирор-бир умумий вазифаларни ҳал қилиш чоғида юзага келадиган мажбурий харажатлардир. Маъмурий харажатларнинг энг кўп тарқалган тури коммунал хизматлар (иситиш, кондиционерларнинг иши, вентиляция, электр энергияси), алоқа ва Интернет хизматлари ҳисобланади. Меҳнатга ҳақ тўлаш ва ижтимоий солиқ ҳам – маъмурий харажатлар. Бундай харажатларни компаниялар онгли равишда қиладилар, сабаби бу билан мазкур харажатларга рақобатчилар олдида муайян афзалликларни тақдим этадилар. 

 

Маъмурий харажатларни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илова «Харажатлар»нинг 040-сатрида акс эттиринг (3-илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.).

Улар ҳисобини 9420-«Маъмурий харажатлар» ҳисобварағи дебетида юритинг.

Барча харажатларни бирламчи ҳужжатлар билан тасдиқланг (СК 305-м.).

 

Маъмурий харажатлар таркиби

Маъмурий харажатлар таркибига қуйидагиларни киритинг:

● бошқарув ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий солиқ харажатлари;

● хизмат автотранспортини сақлаш ва ижарага олиш харажатлари;

● корхонани ташкил этиш ва бошқариш харажатлари;

● бошқарувнинг ишлаб чиқаришга тегишли бўлмаган техник воситаларини сақлаш харажатлари;

● алоқа хизматлари – телефон, уяли алоқа, Интернет хизматларига ҳақ тўлаш;

● маъмурий бинолар ижараси;

● маъмурий аҳамиятга эга АВни сақлаш, таъмирлаш ва амортизация қилиш;

● юқори турувчи ташкилотни тутиб туриш учун ажратмалар;

● ходимларни ва маъмурий аҳамиятдаги мол-мулкни суғурталаш;

● бошқарув ходимларининг хизмат сафарлари;

● вакиллик харажатлари;

● хоналарнинг умумий овқатланиш корхоналарига бепул берилиши;

● ишлаб чиқаришга тегишли бўлмаган, табиатни муҳофаза қилиш аҳамиятига эга бўлган асосий воситаларни сақлаш;

● инвестиция активларининг ишончли бошқарувчилари, давлатнинг ишончли вакиллари ва ишончли бошқарувчиларга хизматлар қийматини ҳамда мукофотларни тўлаш;

● маъмурий аҳамиятга эга моддий харажатлар (Низом 2.2-бўлими, 5.02.1999 й. 54-сон ВМҚга илова). 

 

Бошқарув ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий солиқ харажатлари

Уларни ишлаб чиқариш ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий солиқ харажатлари сингари аниқланг.

Маъмурий харажатларга фақатгина маъмурий ходимлар: раҳбарлар, бухгалтерия ва кадрлар хизмати ходимлари ва шу кабиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларини ва уларнинг МҲТФга ҳисоблаб ёзилган ижтимоий солиқ суммасини киритинг.

Агар ходим маъмурий ишга қўшиб, дейлик, ишлаб чиқариш ишини олиб борса, ҳар бир иш тури учун тўлов миқдорини у билан тузилган шартномада белгилаб ўтинг. Ҳар бир иш тури учун тўловларни тегишли харажат турларига киритинг.

 

Маъмурий аҳамиятдаги асосий воситаларни ижарага олиш, уларни сақлаш ва таъмирлаш харажатлари

Уларни ишлаб чиқариш аҳамиятига молик АВ бўйича худди шундай харажатлар сингари аниқланг.

Маъмурий харажатларга фақатгина маъмурий аҳамиятдаги АВ билан боғлиқ харажатларни киритинг. Агар АВ объекти бир вақтнинг ўзида маъмурий ва бошқа мақсадларда ишлатилаётган бўлса, харажатларни тақсимланг. Мисол учун, бинонинг бир қисми ишлаб чиқариш, иккинчи қисми эса офис учун ажратилган бўлса, бино бўйича умумий харажатларни ишлаб чиқариш ва маъмурий мақсадларда фойдаланиладиган майдонга мутаносиб равишда тақсимланг. Бу амортизация харажатларига ҳам боғлиқ.

 

Ходимларни ва мол-мулкни суғурталаш

Ходимларни ва маъмурий аҳамиятдаги мол-мулкни суғурталаш

Суғурталаш мажбурий ва ихтиёрий бўлиши мумкин.

Қуйидагиларнинг фуқаролик жавобгарлиги суғурталаниши шарт:

● иш берувчининг;

● транспорт воситалари эгаларининг – улар бор бўлса.

Иш берувчи ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни қоплаш бўйича ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши шарт. Суғурта шартномасини корхонангиз давлат рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб 15 иш куни ичида тузинг. Ушбу мажбуриятни бажармаганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 дан 15 бараваригача миқдорда жарима солинади (МЖтК 49-2-м.; «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонун).

Агар хизмат автотранспортингиз бўлса, транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш зарур. Суғуртани автотранспортга эгалик қилиш ҳуқуқи юзага келган кундан бошлаб 10 кун ичида расмийлаштиринг («Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонун).

Шунингдек ихтиёрий равишда ўз ходимларингизни ва маъмурий аҳамиятдаги активларингизни ҳам суғурталашингиз мумкин. Бунинг учун эҳтимолий суғурта хатарларини танлаб, суғурта компаниянгиз билан шартнома тузинг. Суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотини тўлайсиз ва маълум муддатга суғурта полисига эга бўласиз.

Суғурта қийматини суғурта полисининг амал қилиш муддати давомида тенг улушларда маъмурий харажатларга ҳисобдан чиқаринг.

 

Мисол. Суғурталаш харажатлари ҳисоби

Корхона иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини 12 000 минг сўм миқдорида 1 йилга суғурталади. Ҳар ойда корхона маъмурий харажатларга суғурта қийматининг 1/12 қисми – 1 000 минг сўм киритади.

 

Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма,
минг сўм

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Суғурта мукофоти тўланди

 

12 000

 

6510-«Суғурта бўйича тўловлар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Суғурта (суғурта полиси) расмийлаштирилди

 

12 000

 

3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари»

 

6510-«Суғурта бўйича тўловлар»

 

Суғурталаш харажатларининг ҳар ой ҳисобдан чиқарилиши

 

1 000

 

9420-« Маъмурий харажатлар»

 

3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари»


 

Мажбурий суғурталаш харажатлари – қонунчилик билан талаб қилинганлиги боис чегириладиган харажатларга киради (СК 305-м. 4-қ.).

Бошқа шахсларнинг фойдасига амалга ошириладиган ихтиёрий суғурталаш харажатлари – чегирилмайдиган харажатлардир (СК 317-м. 25-б.).

Корхона фойдасига қилинадиган ихтиёрий суғурталаш башарти иқтисодий жиҳатдан асосланган бўлса, чегириладиган харажат бўлиши мумкин (СК 305-м.).

 

Ихтиёрий суғурталаш турларининг зарурлигини асослаш учун суғурта ҳодисаларининг мақсади ва рўйхатини, шунингдек суғурталаш объектларини ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.

 

 

Ходимларни ихтиёрий суғурталаш чегирилмайдиган харажатдир (СК 317-м. 3, 25-б.).

 

Бошқарув ходимларини хизмат сафарларига юбориш харажатлари

Уларни маъмурий харажатларга киритинг. Бундай харажатларга:

● хизмат сафари жойигача бориш ва келишни, шу жумладан чипталарни банд қилишни тўлаш;

● уй-жойни тўлаш, шу жумладан банд қилиш харажатлари;

● хизмат сафарида бўлинган вақтдаги кундалик харажатлар;

● ходимнинг ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа зарурий харажатлари.

Хизмат сафари харажатларини ҳисоб-китоб қилишда қуйидаги ҳужжатлардан фойдаланинг:

● Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги йўриқнома (АВ рўйхат рақами 1268, 29.08.2003 й.);

● Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низом (АВ рўйхат рақами 2730, 19.11.2015 й.). 

 

Хизмат сафари тугаганидан кейин 3 кун ичида ходим сизга бўнак ҳисоботини тақдим этиши керак.

Хизмат сафари харажатларини маъмурий харажатларга бўнак ушбу мақсадларда берилган санада эмас, балки хизмат сафари бўйича ҳисобот тақдим этилган санадаги ҳолатга кўра киритинг.

 

Вакиллик харажатлари

Вакиллик харажатларига қуйидаги шахсларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш харажатларини киритинг:

● сиз ўзаро ҳамкорлик ўрнатаётган ёки ҳамкорлик қилаётган шахслар;

● корхонанинг бошқарув ва назорат қилиш органлари йиғилишларига келувчи иштирокчилар.

Бу харажатларга:

● расмий қабул маросимини ўтказиш;

● транспорт билан таъминлаш;

● кўрсатиб ўтилган шахсларнинг овқатланиши ва яшаши;

● штатдан ташқари таржимон хизматларига ҳақ тўлаш.

Вакиллик харажатлари иқтисодий жиҳатдан оқланган бўлса, яъни даромад олиш билан боғлиқ бўлса ёки бизнесни сақлаб қолиш ёки ривожлантиришга йўналтирилган бўлса, фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегирилади (СК 305-м. 4-қ.). 

 

СКнинг янги таҳририда вакиллик харажатларига таъриф берилмаган. Шу сабабли иқтисодий жиҳатдан уларни асослаш учун ҳисоб сиёсатида бундай харажатларнинг мақсадлари ва рўйхатини белгиланг.

 

 

МИСОЛ. Ҳамкорлик қилишдан сиз манфаатдор бўлган шахсга қимматбаҳо совғанинг берилиши

 Ҳамкорлик қилишдан сиз манфаатдор бўлган шахсга қимматбаҳо совға берилган тақдирда унинг қиймати жисмоний шахс учун моддий наф тарзидаги даромад ва корхона учун чегирилмайдиган харажат деб қаралиши мумкин (СК 317-м. 3-б, 376-м.).

 

МИСОЛ. Ҳамкорлик қилишдан сиз манфаатдор бўлган шахсга маҳсулот намунасини бериш

Ҳамкорлик қилишдан сиз манфаатдор бўлган шахсга бозорларда ўтказишни талаб қилувчи маҳсулот намунасининг берилиши вакиллик харажатларига кирмайди. Унинг қийматини реклама харажатларига киритинг, намунанинг берилишини буйруқ ва ҳисобдан чиқариш далолатномаси билан асосланг (СК 305-м.).

 

Умумий овқатланиш корхоналарига хоналарни бепул бериш харажатлари

Ходимларингизнинг овқатланишини ташкиллаштириш масаласини шу йўл билан ҳал қилаётганингизда сизда шундай харажатлар пайдо бўлиши мумкин.

Уларга қуйидагилар кириши мумкин:

● мазкур хоналарни тутиб туриш ва таъмирлаш;

● уларни йиғиштириш ва қўриқлаш учун масъул ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш;

● бу ишчиларнинг МҲТФдан ижтимоий солиқ;

● коммунал хизматлар ва электр энергияси ҳақи;

● бошқа харажатлар.

Уларни 9420-«Маъмурий харажатлар» счёти дебети бўйича ҳисобга олинг.

 

Умумий овқатланиш корхоналарига хоналарни бепул бериш харажатлари, мазкур корхоналар учун коммунал хизматлари ҳақини тўлаш – чегирилмайдиган харажатдир (СК 317-м. 2-б.).

 

 

Маъмурий аҳамиятга эга моддий харажатлар

Уларни ишлаб чиқариш моддий харажатлари, шунингдек, сотишга тегишли бўлган харажатлар билан адаштирманг. Бунда моддий харажатларни ҳисобга олиш тартиби ишлаб чиқаришдагига айнан ўхшаш бўлса ҳам.

Маъмурий мақсадларда ишлатиладиган материалларга қуйидагиларни киритинг:

● хизмат автотранспорти учун ёқилғи-мойлаш материаллари;

● маъмурий ходимлар фойдаланадиган, АВга тегишли бўлмаган ҳар қандай мол-мулк (канцтоварлар, қоғоз, офис техникаси учун сарфлаш материаллари ва ҳ. к.).

 

Дилшод СУЛТОНОВ,

Молия вазири ўринбосари,

Наталья МЕМЕТОВА,

«Norma» МЧЖ эксперти. 

Прочитано: 1831 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика