Корхона 2019 йилда тезкор-қидирув тадбирлари тизими учун ускунани импорт бўйича олиб келди. Божхонада 21.11.2006 йилдаги ПҚ-513-сон қарорга мувофиқ ҚҚС бўйича имтиёз берилган.
СКнинг 218-моддаси 3-бандига мувофиқ корхона 2019 йилда ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли бўлганми?
– Йўқ, корхона 2019 йилда Президентнинг Ўзбекистон Республикасининг телекоммуникация тармоқларида тезкор-қидирув ишларини амалга ошириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирларига доир қарорига мувофиқ (21.11.2006 йилдаги ПҚ-513-сон) божхонада тўланмаган ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли бўлмаган.
Қуйидаги ҳолатларда ҚҚСни ҳисобга олишингиз мумкин эди:
● товарларни импорт қилишда бюджетга ҚҚС тўланган бўлса;
● импорт қилинган товарлар бўйича бўш қолган маблағларни муайян мақсадларга йўналтириш шарти билан бюджетга ҚҚС тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёз тақдим этилган бўлса (2007 йилги таҳрирдаги СКнинг 218-м. 1-қ. 3-б.).
Корхонангиз тезкор-қидирув тадбирлари тизими учун ускунани импорт қилишда ПҚ-513-сон қарорга мувофиқ ҚҚС бўйича имтиёзни қўллаган. Қарорнинг 7-бандида айтилишича, хорижий етказиб берувчилардан тезкор-қидирув ишлари тизими учун телекоммуникация операторлари ва техник воситаларни сертификатлаштириш бўйича махсус органлар томонидан харид қилинадиган техник воситалар импорти ДХХдан берилган уларнинг тезкор-қидирув тизимига тааллуқлилиги тўғрисидаги ёзма тасдиқнома мавжуд бўлганда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод қилинади.
Қарорда бўшаган маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши белгиланмаган, яъни имтиёз мақсадли ҳисобланмайди.