Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 27 / Паспорт масалалари

Алиментлар олдиндан қандай тўланади

 

Ўзбекистон фуқаросиман, Тошкент шаҳрида яшайман. Россия Федерациясида яшайдиган туғишган опам ҳозирда бетоб, унинг аҳволи оғир ва қарайдиган ҳеч кими йўқ. У Владимир шаҳрига унинг ёнига боришимни сўраяпти. Бироқ собиқ турмуш ўртоғим 13 ва 14 ёшдаги вояга етмаган болаларимга алимент тўламаганлигим сабабли хорижга чиқишимга тақиқ қўйдирган.

Мамлакатимизда хорижга вақтинча чиқиш учун алиментларни олдиндан тўлашга имконият берувчи қонун ҳужжатларида мавжудми?

 

Давлат ижрочилари иш юритувида бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича алимент тўловларини ихтиёрий равишда тўлаётган жисмоний шахслар муайян давр учун алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент олувчи билан келишилган ҳолда алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузишга ҳақли (ВМнинг 6.10.2018 йилдаги 808-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2-б.).

Алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади (Низомнинг 5-б.).

Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздорнинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади (Низомнинг 8-б.).

Алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун, бироқ 5 йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади.

Алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади.

Суд ажримига асосан олдиндан тўланиши шарт бўлган алиментларнинг тўлиқ миқдорини тўлаш, шунингдек алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига топширилиши шарт бўлган мол-мулкни топшириш 10 иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади (Низомнинг 9-б.).

Алиментларни тўлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш масаласида, қарздор ижро ҳужжатини берган судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Алиментларни ундириш алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувга асосан бўлса, ариза ижро ҳужжати иш юритуви Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади (Низомнинг 10-б.).

Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризада, қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатларни кўрсатади (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.).

Аризага Бюронинг туман (шаҳар) бўлими томонидан берилган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек, давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори илова қилиниши шарт. Бунда зарурат бўлганда, аризага алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар илова қилинади.

Аризага қўшимча равишда баҳолаш ташкилотининг алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган мол-мулкни баҳолаш хулосаси, шунингдек қарздорнинг мазкур мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ­нусхалари илова қилинади (Низомнинг 11-б.).

Алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўланадиган алимент суммасини ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги қарори, қарздорнинг ижро иш юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига киритган аризасига (шу жумладан, электрон почта орқали киритган аризасига) асосан берилади.

Аризада қарздор томонидан алиментларни олдиндан тўламоқчи бўлган даври кўрсатилади. Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент суммалари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадлари, шу жумладан чет элда олинган даромадларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади (Низомнинг 12-б.).

Қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бериш тўғрисидаги ариза 7 иш куни давомида кўриб чиқилади. Ҳужжатларни қўшимча ўрганиш талаб этилганда ариза 15 иш куни ичида кўриб чиқилиши мумкин.

Қарздор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳаққонийлигига шубҳа туғилганда ва уларни бошқа ташкилотларга сўровнома юбориш орқали текшириш зарур бўлганда, аризани кўриб чиқиш муддати 1 ой муддатга узайтирилиши мумкин. Аризани кўриб чиқиш муддатини узайтириш Бюронинг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи томонидан аризани кўриб чиқаётган давлат ижрочисининг асослантирилган билдиргисига асосан амалга оширилади. Аризани кўриб чиқиш муддати узайтарилганлиги тўғрисида аризачи хабардор қилинади (Низомнинг 13-б.).

Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризаси суд томонидан қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича фуқаролик процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади (Низомнинг 20-б.).

Аризани кўриб чиқиш якунлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризани рад этиш ёки қаноатлантириш тўғрисида ажрим қабул қилинади.

Ажримда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

олдиндан тўланадиган алимент суммаси;

олдиндан тўланадиган алиментлар даври, ушбу даврнинг бошланиш ва якунланиши ойи ва йили;

алиментлар суммаси тўлиқ тўланиши лозим бўлган муддат.

Агар қарздор ўз аризасида алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига мол-мулк бериш орқали ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришни сўраган бўлса, ажримда шунингдек қуйидагилар кўрсатилади:

мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи, қиймати ва мазкур мол-мулкни аниқлаш имконини берадиган бошқа маълумотлар;

мол-мулкни ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган муддат (Низомнинг 22-б.).

Ажрим қабул қилиб олинганда, шунингдек, мазкур ажримда кўрсатилган алиментлар суммаси тўлиқ тўлангандан сўнг, қарздор ва унинг мол-мулкига белгиланган барча чекловларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади.

Алиментларни олдиндан тўлаш учун ундирувчига муайян мол-мулкни ўтказиб бериш йўли билан қўйилган чекловларни бекор қилиш фақат мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан, шунингдек:

кўчмас мулкни ўтказишда – мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхасига;

автотранспорт воситаси ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши (ҳисобга туриши) лозим бўлган бошқа мулкларни ўтказишда – автотранспорт воситаси ёки бошқа мулкни ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги (ҳисобга турганлиги) тўғрисидаги ҳужжат нусхасига;

қимматли қоғозлар ўтказишда – қимматли қоғозлар ундирувчи номига рўйхатдан (ҳисобига) ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатга асосан амалга оширилади.

Қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш суд ҳужжатига асосан қўйилган бўлса, чеклашни бекор қилиш суд томонидан амалга оширилади (Низомнинг 24-б.).

Алиментларни олдиндан тўлаш болалар вояга етгунга қадар амалга оширилган тақдирда, мазкур ижро ҳужжати бўйича ижро ишини юритиш тамомланмайди.

Бунда алиментлар олдиндан тўланган давр мобайнида тегишли ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмайди.

Алиментлар олдиндан тўланган давр якунланганда, шунингдек суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби бекор бўлганда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.

Агар олдиндан тўланиши лозим бўлган алиментлар суммаси суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби ўзгартириш тўғрисидаги ажримда кўрсатилган муддатда тўлиқ тўланмаган тақдирда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади (Низомнинг 25-б.).

Шу тариқа, бетоб опангизнинг ёнига Россия Федерациясига боришингиз учун алимент тўловчи сифатида юқорида белгиланган тартибга мувофиқ яшаш жойингиздаги фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишингиз лозим.

Прочитано: 889 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика