Norma.uz

Пенсия тайинлаш – паспорт бўйича

 

Президентнинг 4.05.2021 йилдаги ПҚ-5102-сон қарори билан фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари назарда тутилган. 

 

Бугунги кунда давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжат талаб этилади ҳамда уларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатларни йиғиш жараёнини рақамлаштиришга тўсқинлик қилиб келмоқда.

2022 йил 1 январдан бошлаб:

Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Тендерлар ҳар 3 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказилади. Тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотларга пенсия ва нафақаларни нақд пулда маҳалла фуқаролар йиғинларига, фуқароларнинг яшаш манзилларига етказиб бериш мажбурияти юклатилади;

пенсия ва нафақаларни маҳалла фуқаролар йиғини биноси ёки фуқаронинг яшаш манзилига етказиб бериш шартларидан келиб чиқиб, хизмат ҳақи дифференциялашган тартибда пенсия ва нафақалар тўланадиган (етказиб берилган) сумманинг 1%игача миқдорда бўлиши мумкин. Пенсия ва нафақаларни етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Пенсия жамғармаси ва республика бюджети томонидан тўлаб берилади.

2022 йил 1 июлдан бошлаб:

давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ЯММТ)га киритиш хизмати жорий этилади. Маълумотлар уларнинг меҳнат дафтарчалари асосида кўрсатилган фуқароларнинг бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиши орқали киритилади;

давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади;

давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.

Пенсия жамғармасига вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромаднинг 20%ини Пенсия жамғармаси ходимларини ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтириш ҳуқуқи берилди.

2022 йил 1 июлга қадар Пенсия жамғармасининг бинолари бўйича минимал талабларга асосан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар бир ҳудудда биттадан Пенсия жамғармасининг мавжуд бинолари негизида «Намунали Пенсия жамғармаси бўлими» ташкил этилади.

2024 йилга қадар босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари бинолари минимал талабларга мослаштирилади.

Қуйидагилар тасдиқланди:

Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича «Йўл харитаси»;

Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати тузилмаси, ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларининг намунавий тузилмалари.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 5.05.2021 йилдан кучга кирди.

Эльмира Сиразиева.

Прочитано: 361 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика