Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 25 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражаси баҳоланади

 

Президентнинг 16.06.2021 йилдаги ПҚ-5148-сон қарори билан аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари белгиланди.

 

Ҳужжатга асосан 2021 йил 1 августдан бошлаб аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади. Қуйидагилар унинг асосий мақсади ҳисобланади:

жисмоний қобилият ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш ҳамда зарарли одатлар ва турли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш;

ёшларда ирода, ўз кучи ва имкониятларига ишонч каби фазилатларни мустаҳкамлаш, уларда жасорат, ватанпарварлик ва садоқат хислатларини ривожлантириш, юртимиз шарафини ҳимоя қила оладиган, жисмонан бақувват ва интеллектуал салоҳиятли Ватан мудофаасига муносиб захира кадрларни тайёрлаш;

республикада аҳолини соғломлаштириш ишларини янада ривожлантириш;

аҳоли жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг халқаро стандартлари ва илғор хорижий тажрибасини татбиқ этиш.

Спорт синовлари махсус ва ихтиёрий равишда аҳолининг 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталарнинг жисмоний тайёргарлигини аниқлайди. Улар уларнинг поғона ва мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, 15 турдан иборат бўлади.

Туризм ва спорт вазирлиги спорт синовлари тадбирлари ўтказилишининг ташкилотчиси ҳисобланади.

Спорт синовлари иштирокчиларига 11 та ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ва унвонлари берилади ҳамда улар совғалар билан рағбатлантирилади.

Спорт синовларини муваффақиятли топширган шахслар учун «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони таъсис этилади. Бунда, ғолиблар I, II, ва III даражали кўкрак нишонлари билан тақдирланади.

Спорт синовларининг махсус талабларини муваффақиятли бажарган шахслар бир йил мобайнида қуйидаги имтиёзлар ва рағбатлантиришлардан фойдаланади:

сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловининг 50 фоизини чегирма билан тўлайди ва муддатли ҳарбий хизматга биринчилар қаторида устунлик билан юборилади;

махсус талабларни бажарган ғолибларга (I ўрин) «Темурбеклар мактаби»га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга киради, уларга умумий фойдаланишдаги давлат йўловчи ташиш шаҳар транспортида бепул ҳамда ҳудудлараро ҳаракатланишда 50 фоиз чегирмали тўлов билан имтиёзли юриш ҳуқуқи берилади (такси, шу жумладан, йўналишли такси мустасно);

бепул тарзда давлат туман (шаҳар) кўп тармоқли тиббиёт муассасасида бир марталик чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтади;

фарзандлари яшаётган жойдаги умумтаълим мактаби, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз жойлаштирилади;

республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган имтиҳон (олий таълим муассасалари спорт йўналишларидан ташқари), синов, амалий машғулотларда устунлик (имтиҳонда максимал балл ёки амалий машғулотлардан озод қилиниши) берилади.

Қуйидагилар тасдиқланди:

Спорт синовларининг ўтказилишини таъминлаш бўйича Республика комиссияси таркиби;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида спорт синовларининг ўтказилишини таъминлаш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларининг намунавий таркиби.

Шунингдек, спорт синовларини баҳолаш тизими меъёрлари, спорт разрядлари ва унвонлари, ўтказиш графиклари ва иштирокчилар учун тавсиялар платформаси ишлаб чиқилади ҳамда спорт синовлари иштирокчилари ҳақидаги ягона электрон база яратилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 17.06.2021 йилдан кучга кирди. 

 

Эльмира Сиразиева.

Прочитано: 317 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика