Norma.uz

Фуқаролигини олиш қийин бўлган дунё мамлакатлари

 

Инсон турли мақсадларда, хусусан, моддий ва маънавий эҳтиёжларига муносиб муҳит излаб ўз ватанидан кетиб ўзга мамлакатларда яшашга интилиши мумкин. 

 

Бу эса ўз навбатида ўзи қўним топган давлат фуқаролигини олишни талаб этади. Шу ўринда баъзи мамлакатларда фуқаролик бериш масалалари анча мураккаб жараён ҳисобланади. Дунёнинг қатор етакчи мамлакатларида чет давлат фуқароларининг рўйхатга олиниши учун ўн йилдан ортиқ вақт талаб этилади. Қуйида мазкур жараён анча қийин кечиши мумкин бўлган мамлакатлар билан танишасиз.

ШВЕЙЦАРИЯ – фуқаролигини олиш қийинлиги бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлардан ҳисобланади. Сўнгги йилларда қоидалар кучайтирилганидан сўнг Швейцария фуқаролигини олиш янада мураккаблашди. Мазкур давлат фуқаролари рўйхатига кириш учун хорижлик шахс камида 12 йил ушбу мамлакатда яшаган бўлиши керак. Шунингдек, Швейцария фуқароси билан уч йиллик никоҳи бўлган беш йилдан буён ушбу мамлакатда яшаётган муҳожирлар Швейцария фуқаролигини олиши мумкин. Йилига 40 мингга яқин хорижликлар Швейцария фуқаролигини олади. Аммо жорий 2021 йилдан мамлакат қонунларига киритилган ўзгартиришларга кўра бу рақам сезиларли даражада камайиши мумкин. Швейцария паспорти фуқаролик сонига чеклов қўймайдиган дунёдаги энг нуфузли ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

БИРЛАШГАН АРАБ АМИРЛИКЛАРИ – дунёнинг энг бой давлатларидан бири ҳисобланган Бирлашган Араб Амирликлари аҳолисининг 80 фоизини чет элликлар, атиги 20 фоизини маҳаллий араблар ташкил этади. БААда қонуний тарзда 30 йилдан буён яшаётган, мамлакат иқтисодиётига етарли даражада инвестиция киритган, жиноятлари учун судланмаган муҳожирлар БАА фуқаролигини олиши мумкин. Шунингдек, БАА фуқароси билан 7 йиллик никоҳга эга бўлган чет элликлар мамлакат фуқаролигини олишлари мумкин.

САН-МАРИНО – аҳолиси атиги 33 000 кишидан иборат. Италия билан чегарадош бўлган ушбу мамлакатда қонуний равишда 30 йил яшаган чет элликлар мамлакат фуқаролигини олиши мумкин. Сан-Маринолик билан тузилган никоҳ шартномаси орқали мамлакат фуқаролигини олиш учун эса 15 йил керак бўлади.

ХИТОЙ – аҳолисининг кўплиги жиҳатидан дунёнинг етакчи мамлакати ҳисобланади. Мамлакатда ер-жой масаласи асосий муаммолардан бўлиб, Хитой дунёдаги фуқароликни олиш энг қийин бўлган давлатдир. Хитойдаги чет элликларнинг аксарияти мамлакат фуқаролигини олмаган ҳолда доимий яшаш мақомига эга бўладилар.

Хитой фуқаролигини олиш учун чет элликлардан мамлакат фуқаросининг қариндоши бўлиш ёки мамлакатда узоқ вақт доимий яшаш талаб этилади. Бошқа давлат фуқароси бўлган ҳолда Хитой фуқаролигини олиш қатъиян тақиқланган.

Агар бола Хитойда туғилган бўлса, ота-онасидан биттаси Хитой фуқароси бўлган тақдирдагина у мамлакат фуқаролиги мақомини олади. Агар ота-онаси бошқа бирон-бир мамлакат фуқароси бўлмаса ва ХХРда бир неча йилдан бери яшаётган бўлса, янги туғилган чақалоқ Хитой фуқароси мақомини олади.

Бирон-бир давлат фуқароси бўлмаганлар Хитой фуқаролигини олиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга. Хитойда доимий яшовчи ёки мамлакатнинг ҳуқуқий ҳимоясидан фойдаланган, қонунларни бузмаган ва ХХР юрисдикциясида бўлганлар учун фуқароликни олиш имконияти сезиларли даражада ошади. Мамлакат тараққиёти учун сезиларли даражада ҳисса қўшган чет эл фуқароси ҳам мамлакат фуқаролигини олиш учун ариза бериши мумкин. Икки фуқаролик Хитой Халқ Республикасида қўллаб-қувватланмайди. Шунинг учун Хитой фуқароси мақомини олиш шарти билан, ариза берувчи дарҳол олдинги фуқаролигидан маҳрум қилинади.

САУДИЯ АРАБИСТОНИ – мамлакат фуқаролигини олишда дин муҳим аҳамиятга эга. Мусулмон бўлмаган муҳожирлар учун Саудия Арабистони фуқаролигини олиш анча мушкул. Ислом динини қабул қилгандан сўнг 15-20 йил Саудия Арабистонида яшашлик мамлакат фуқаролигини олишни анча енгиллаштиради. Чет эл фуқаролари фарзандларининг Саудия Арабистонида туғилиши мамлакат фуқароликни олишга имкон бермайди. Отаси Саудия Арабистони фуқароси бўлсагина гўдакка мамлакат фуқаролигини олишга рухсат берилади. Мамлакатга қўшни давлат ҳисобланган Қатар ва Баҳрайн фуқаролигини олиш учун чет элликлардан 25 йил мамлакатда яшаган бўлиши талаб этилади.

АНДОРРА – Франция ва Испания оралиғида жойлашган. Андорра князлиги фуқаролигини олиш чет элликлар учун мамлакатда камида 20 йил яшашликни талаб этади. Андоррада таълим олиш ва иш жойига эга бўлиш эса ушбу муддатни 10 йилга қисқартиради. Икки давлат фуқароси бўлиш Андорра қонунчилигида қатъиян тақиқланган.

 

ЎзА.

Прочитано: 1262 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика