Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 22 / Бухгалтерга ёрдам

Ижтимоий солиқ қандай ҳисобланади

 

Юридик шахснинг СК 371-моддасига мувофиқ аниқланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги харажатлари ижтимоий солиқ бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади. Уларга қуйидагилар киради:

 меҳнатга ҳақ тўлашнинг қабул қилинган шакллари ва тизимларига мувофиқ ишбай нархлардан, тариф ставкаларидан ва мансаб маошларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган, ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи;

 илмий даража ва фахрий унвон учун устамалар;

 рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар (СК 372-м.)

 компенсация тўловлари (СК 373-м.);

 ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш (СК 374-м.).

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар жумласига қуйидаги тўловлар ҳам киради (СК 371-м. 2-қ.):

 предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан иборат бўлган, тузилган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар (бундан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар мустасно);

 юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар;

 Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, ДХХ, Президент Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларига, ички ишлар органларининг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига ҳамда ДБҚнинг ва бошқа ҳарбий хизмат назарда тутилган идоралар ходимларига хизматни ўташи (хизмат мажбуриятларини бажариши) муносабати билан тўланадиган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар.

Ижтимоий солиқ фақат меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ҳисобланганлиги сабабли, уни жисмоний шахсларнинг қуйидаги даромадларига ҳисобламайсиз:

 мулкий даромадлар (СК 375-м.);

 моддий наф тарзидаги даромадлар (СК 376-м.);

 бошқа даромадлар (СК 377-м.).

 

Мисол. Ижтимоий солиқ бўйича солиқ базаси қандай аниқланади

Корхона ходимга март ойи учун 4 млн сўм миқдорида даромад тўлайди, шундан:

 меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад – 2 млн сўм;

 таътил учун тўлов – 1 млн сўм;

 ходимнинг автоулови ижараси учун тўлов – 500 минг сўм;

 моддий ёрдам – 500 минг сўм.

Ижара тўлови ва моддий ёрдам меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга кирмайди, шунинг учун солиқ базаси 3 млн сўмни (2 млн + 1 млн) ташкил этади.

 

Ходимларнинг СК 403-моддаси 4-қисмида қайд этилган қуйидаги даромадларини ижтимоий солиққа тортмайсиз:

 иш берувчининг ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги ёки соғлиғига бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ зарарнинг ўрнини белгиланган миқдорлардан ортиқча қоплаш;

 пахта йиғим-терими бўйича мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари учун меҳнат ҳақи.

 

Ижтимоий солиқ бўйича солиқ базасини аниқлашда қуйидаги ҳолатларда ўзига хос хусусиятлар мавжуд:

 Ўзбекистон ташқарисига хизмат сафарига юборилган дипломатик ваколатхоналар ходимларининг даромадлари бўйича;

 норезидент томонидан чет эл кадрлари тақдим этилганда.

 

Вазият. Ўзбекистон ташқарисидаги дипломатик ваколатхона ходими иш ҳақи олади. Ушбу иш ҳақи тўловларига ижтимоий солиқ қандай ҳисобланади?

Ходимнинг республикадан ташқарида ишлашга юборилишидан илгари охирги иш жойида олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан келиб чиқиб, солиқ базасини аниқланг. Агар шу вақт ичида Ўзбекистонда МҲТЭКМнинг оширилиши амалга оширилган бўлса, ушбу ўсишни ҳисобга олган ҳолда, солиқ базасини қайта ҳисоб-китоб қилинг (СК 404-м. 2-қ.).

 

Вазият. Ўзбекистон резиденти норезидент билан хорижий ходимларни ишга тақдим этилиши тўғрисида шартнома тузади. Ижтимоий солиқ бўйича солиқ базаси қандай ҳисобланади? 

Солиқ базасини чет эллик ходимларга тўланадиган даромадлар суммаси сифатида аниқлайсиз. Бунда ушбу сумма Ўзбекистон ҳудудида ишлаш учун чет эллик ходимлар билан таъминлаш юзасидан хизматлар кўрсатишга доир шартнома бўйича харажатлар умумий суммасининг 90%дан кам бўлмаслиги керак (СК 404-м. 3-қ.).

 

Ижтимоий солиқ қандай ҳисобланади

 

Бюджетга тўланадиган ижтимоий солиқ суммасини ҳар ойда қуйидаги формуладан фойдаланган ҳолда ҳисоблайсиз (СК 404, 405-м.):

Ижтимоий солиқ = (Солиқ базаси – Алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича солиқ базасини камайтириш (имтиёзли даромадлар мавжуд бўлганда) х Ставка.

 

Ижтимоий солиқ ставкалари

 

Ижтимоий солиқни қуйидаги ставкалар бўйича тўланг (СК 405-м.):

Корхоналар

 

Ижтимоий солиқ ставкалари

 

Бюджет ташкилотлари – 25 фоиз

 

25%

 

Бошқа тўловчилар – 12 фоиз

 

12%

 

«SOS – Ўзбекистон Болалар маҳаллалари» уюшмалари – 7 фоиз

 

7%

 

Ихтисослаштирилган цехлар, участкалар ва корхоналарда ишловчи

ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатидан фойдаланувчи солиқ

тўловчилар – 4,7 фоиз

4,7%

 

 

 

Мисол. Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга ижтимоий солиқ ҳисоблаш 

Корхонанинг жорий ойдаги меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги харажатлари қуйидагиларни ташкил этади:

 ҳақиқатда бажарилган иш учун иш ҳақи (СК 371-м.) – 30 млн сўм;

 ой якуни бўйича мукофот (СК 372-м.) – 8 млн сўм;

 таътил учун тўлов (СК 374-м.) – 5 млн сўм;

 фойдаланилмаган таътил учун компенсация (СК 374-м.) – 2 млн сўм;

 жами – 45 млн сўм.

Барча тўловлар ижтимоий солиққа  тортиш объектига кирганлиги сабабли, солиқ базаси 45 млн сўмни ташкил этади. Солиқ ставкаси – 12%.

Ижтимоий солиқ суммаси 5,4 млн сўмни (45 000 000 х 12%) ташкил этади. 

 

Мисол. Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага асосан жисмоний шахсга тўланадиган даромадларга ижтимоий солиқ ҳисоблаш 

Савдо корхонаси жисмоний шахс билан маркетинг тадқиқотларини бажариш бўйича шартнома тузади. Бажариладиган ишлар қиймати – 1 500 минг сўм. Тўлов икки босқичда амалга оширилади: 30%и – шартнома тузилгандан сўнг, 70%и – бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатнома имзолангандан кейин тўланади.

Жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор (якка тартибдаги иш билан банд бўлган шахс) сифатида рўйхатдан ўтмаган.

Ижтимоий солиқни ҳисоблаш мажбуриятлари корхонада – даромадларни тўлаш манбаида бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатнома имзолангандан кейин, яъни жисмоний шахс билан якуний ҳисоб-китоб қилинганда юзага келади.

Ижтимоий солиқ ставкаси 12%ни ташкил этади, айрим корхоналар бундан мустасно,

Жисмоний шахснинг даромадларидан олинадиган ижтимоий солиқ 180 минг сўмни (1 500 х 12%) ташкил этади.

 

Мисол. Ногиронлар меҳнат фаолияти юритадиган корхонада ижтимоий солиқ ҳисоб-китоби  

Кичик корхона маиший-хўжалик мақсадлар учун электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Йиғиш цехида 45 нафар ишчи ишлайди, улардан 20 нафари ногирон.

Корхона томонидан март ойи учун ҳисобланган МҲТФ 32 500 минг сўмни ташкил этиб, шундан 14 800 минг сўми ногиронларнинг МҲТФга тўғри келади.

Ихтисослаштирилган цехларда ишловчи ногиронлар меҳнатидан фойдаланувчи корхоналар ногиронларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан 4,7% ставка бўйича ижтимоий солиқ тўлайдилар. Бошқа ишловчиларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан солиқ умубелгиланган ставкада тўланади.

Имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлаш учун корхона солиқ органларига ногиронларнинг меҳнат фаолияти учун аттестацияланган иш жойлари сони кўрсатилган санитария-техник паспортни, шунингдек ТМЭКнинг ногиронларни иш билан таъминлаш бўйича хулосаларини (тавсияларини) тақдим этди.

Ушбу ҳолатда ижтимоий солиқ қуйидагиларни ташкил этади:

 ногиронларнинг МҲТФдан – 695,6 минг сўм (14 800 х 4,7%);

 бошқа ишловчиларники – 2 124 минг сўм (17 700 х 12%).

Ижтимоий солиқнинг умумий суммаси 2 819,6 минг сўмга (695,6 + 2 124) тенг бўлади.

 

Президент қарори билан солиқ тўловчиларнинг алоҳида тоифалари учун пасайтирилган солиқ ставкалари ўрнатилиши мумкин. Ижтимоий солиқнинг пасайтирилган ставкаси имтиёз бўлиб ҳисобланади.

 

Давлат бюджетидан молиялаштирилганда ижтимоий солиқ ставкаси қандай аниқланади

Бюджет ташкилотлари учун ижтимоий солиқ 25% ставка  деб тасдиқланган. Бюджет ташкилоти:

 бу нотижорат ташкилоти;

 белгиланган тартибда давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра ташкил этилади;

 давлат функцияларини амалга оширади;

 давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақлаб турилади (Бюджет кодекси 4-м.).

Бюджет ташкилотларига, масалан, давлат умумий таълим мактаблари, болалар боғчалари, оилавий поликлиникалар ва бошқалар киради. Улар тўлиқ бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади ва ходимларга иш ҳақи тўлаш харажатлари сметасини тасдиқлашда улар ижтимоий солиқни 25% миқдорида белгилайдилар.

Бюджет маблағларини бюджет ташкилотларидан ташқари бюджет ташкилоти мақомига эга бўлмаган бошқа ташкилотлар ҳам олишлари мумкин (Бюджет кодекси 5-м.). Улар ижтимоий солиқни 12% ставка бўйича жами меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан тўлайдилар.

Масалан, корхона маълум бир давлат дастури ёки лойиҳасини амалга ошириш учун давлат бюджетидан молиялаштирилади. Ушбу ҳолатда, давлат идораси мазкур лойиҳага тегишли, жумладан меҳнатга ҳақ тўлашни ўз ичига олган, харажатлар сметасини тасдиқламайди. Корхона олинган маблағларни мустақил равишда тақсимлайди. У ижтимоий солиқни 12% ставка бўйича жами меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ҳисоблайди. Шу билан бирга, у солиқни тўлаш учун давлат бюджетидан олинган маблағлардан фойдаланиши мумкин.

Бюджет ташкилоти қошида ташкил этилган, бюджет маблағларини олувчи – ташкилотлар мавжуд. Улар қуйидагилар бўлиши мумкин:

 давлат корхоналари (ДК) – ўзига тезкор бошқарув учун берилган давлат мулки негизида ташкил этилган давлат унитар корхонаси шаклидаги тижорат ташкилоти. ДК давлат мулкидан қонунда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларида, мулкдорнинг топшириқларига ҳамда мақсадига мувофиқ тасарруф этишни амалга оширади;

 давлат муассасаси — давлат мулкини тасарруф этувчиси томонидан бошқарув, ижтимоий-маданий вазифаларни ёки тижорат хусусиятига эга бўлмаган бошқа вазифаларни амалга ошириш учун ташкил этилган ва тўлиқ ёки қисман давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилот (Низом 1-б., АВ рўйхат рақами 1708, 3.09.2007 й.).

Бундай ташкилотлар давлат бюджетидан молиялаштирилсада, улар бюджет ташкилотлари мақомига эга эмаслар. Одатда уларни барпо этган бюджет ташкилоти молиялаштиришнинг асосий манбаи ҳисобланади.

Давлат муассасаси учун ижтимоий солиқ ставкасини аниқлашда меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари сметаси ким томонидан тасдиқланишига ва давлат бюджетидан маблағ қайси мақсадлар учун ажратилишига эътибор беринг:

 агар, ваколатли давлат органи меҳнат ҳақи харажатлари сметасини тасдиқлаган ва иш ҳақини тўлаш учун бюджетдан маблағ ажратган бўлса, у ҳолда ижтимоий солиқ 25 фоиз ставкада ҳисобланади.

 агар, давлат муассасаси давлат бюджетидан иш ҳақини тўлаш учун эмас, балки кўрсатилган хизматлар учун маблағ оладиган бўлса, у ҳолда ижтимоий солиқ 12 фоиз ставкада тўланади.

 

Вазият. Давлат муассасаси қисман бюджет ҳисобидан молиялаштирилади ва пуллик хизматлар кўрсатади

Қисман бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат таълим муассасаси (олий ўқув юрти) бир вақтнинг ўзида тўлов-контракт асосида таълим хизматларини кўрсатади. Харажатлар сметаси, шу жумладан иш ҳақини тўлаш харажатлари давлат органи томонидан тасдиқланади. Унда ижтимоий солиқ 25 фоиз ставкада ҳисобга олинади.

Олий ўқув юрти иш ҳақи учун маблағлар қайси манбадан тўланишидан қатъи назар, ижтимоий солиқни 25% ставкада жами меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ҳисоблайди.

 

2020 йил 1 январдан бошлаб, ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий ўқув юртлари ижтимоий солиқни 12 фоиз ставкада тўлайдилар (30.12.2019 й. ПҚ-4555-сон қарор 14-б.).

Тажриба-синов тариқасида қуйидаги олий ўқув юртлари ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтдилар (3.12.2019 й. 967-сон ВМҚ):

1. Самарқанд давлат чет тиллар институти;

2. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти;

3. Тошкент давлат юридик университети;

4. Тошкент давлат иқтисодиёт университети;

5. Тошкент молия институти;

6. Тошкент давлат шарқшунослик институти;

7. Тошкент фармацевтика институти;

8. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;

9. Урганч давлат университети;

10. Тошкент темир йўл муҳандислари институти.

 

Мисол. Бюджет ташкилоти қошида ташкил этилган давлат муассасаси пуллик хизматларни кўрсатади

Бюджет ташкилоти қошида шартнома асосида фақат шу ташкилотга хизмат кўрсатадиган соғлиқни сақлаш муассасаси (профилакторий) ташкил этилган.

Муассаса бюджет маблағлари ҳисобидан бюджет ташкилоти орқали молиялаштирилишига қарамасдан, у ижтимоий солиқнинг 25 фоиз ставкасини қўлламайди. Меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари сметаси давлат идораси томонидан тасдиқланмаганлиги сабабли, давлат бюджетидан иш ҳақини тўлаш учун маблағ ажратилмайди.

 

Мисол. Давлат муассасаси бюджет ташкилотига қўриқлаш хизматларини кўрсатади

Шартнома асосида қўриқлаш хизматларини кўрсатувчи давлат муассасаси бюджет ташкилотларига хизмат қилади. Бюджет ташкилотлари қўриқлаш хизматлари учун тўловларни давлат бюджети томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан тўлайдилар. Давлат муассасаси меҳнат ҳақи миқдорини мустақил равишда белгилайди ва иш ҳақини хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлардан тўлайди.

Давлат органи меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича харажатлар сметасини тасдиқламайди ва ушбу мақсадлар учун маблағлар ажратмайди. Шунинг учун, давлат муассасаси меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар бўйича 12 фоиз ставкада ижтимоий солиқ тўлайди.

 

Умид ҲАМРОЕВ,

Молия вазирлиги бўлим бошлиғи,

Дилором САИДОВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 3990 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика