Norma.uz

Ўзи ўзига хўжайин

 

Ҳозир аҳолининг кўп қисми расман ишга жойлашмаган ҳолда ишлаётганлиги ва даромад олаётганлиги сир эмас. Ўтган йили Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати кенгайтирилди ва уларни рўйхатдан ўтказиш қоидалари соддалаштирилди (8.06.2020 йилдаги ПҚ-4742-сон қарор). Булар нафақат аҳолини қонуний тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш имкониятини яратади, балки бундай ходимлар келгусида пенсия олишларини таъминлайди. Бунинг учун ўзини ўзи банд қилган шахслар нималарни билишлари лозимлиги ҳақида «Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев айтиб берди.

 

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида қаерда ва қандай рўйхатдан ўтиш мумкин?

– Ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини олиш талаб этилмайди (ПҚ-4742-сон қарор 3-б.).

 

Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатдан ўтказиш қоидалари сингари чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ҳам шундай қоидалар назарда тутилганми?

– Ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнат даромади олишга йўналтирилган, жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинмаган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар ҳисобланади (Низомнинг 2-б., ВМнинг 23.12.2020 йилдаги 806-сон қарорига 1-илова).

Жисмоний шахс деганда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, бошқа давлатлар фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар тушунилади (ФК 16-м.).

Баён этилганларни ҳисобга оладиган бўлсак, чет эллик шахсларни ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказишда бирор-бир чекловлар мавжуд эмас.

 

Ўзини ўзи банд қилганда ижтимоий солиқ қандай миқдорда тўланиши лозим?

– Ўзини ўзи банд қилган шахсларга меҳнат стажини ҳисоблаш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ихтиёрий равишда йилда бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда солиқ тўланади (СК 408-м. 2-қ.). Ҳозир БҲМ 245 000 сўмга тенг (30.12.2020 йилдаги ПҚ-4938-сон қарор 1-б.).

 

Солиқни тўлаш меҳнат стажини ҳисоблаш ҳуқуқини беради. Пенсия миқдорига нималар бевосита таъсир кўрсатади?

– Шуни эътиборга олиш лозимки, ойлик тўлов миқдорини ошириб, келгусида олинадиган пенсияни ошириш мумкин, сабаби унинг миқдори нафақат иш стажига, балки пенсия ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача иш ҳақига ҳам боғлиқ бўлади.

 

МИСОЛ. 2021 йилда ҳар ойда 245 000 сўм миқдорида ижтимоий солиқ тўланган. Тегишинча, 2021 йилдаги ойлик даромад миқдори 2 041 666,67 сўмни (245 000 / 12 х 100, бунда 12% – микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек деҳқон хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси) ташкил қилган.

Шахс тўланадиган ижтимоий солиқ миқдорини ошириш орқали пенсия ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақи миқдорини ошириши мумкин.

Чунончи, ҳар ойда 295 000 сўмдан ижтимоий солиқ тўланадиган бўлса, ўртача ойлик даромад миқдори 2 458 333,33 сўмни (295 000 / 12 х 100, бунда 12% – микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек деҳқон хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси) ташкил этади.

 

Маълумот учун. Пенсияни ҳисоблаш учун пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 10 бараваридан ошмайдиган ўртача ойлик иш ҳақи ёки 2 624 700 сўм қабул қилинади (Қонуннинг 31-м. 6-қ.; 30.07.2020 йилдаги ПФ-6038-сон Фармон 2-б.).

 

Ўзини ўзи банд қилганлар иш учун хорижий валютада ҳақ олишлари мумкинми? Бунинг учун қаердадир (солиқ инспекцияси, банклар ва бошқалар) алоҳида рўйхатдан ўтиш лозимми?

– Интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахсларга (фрилансинг) кўрсатилган хизматлар учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар – норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилиш ҳуқуқи берилади (ПҚ-4742-сон қарор 4-б.).

 

Ўзини ўзи банд қилган шахс якка тартибдаги тадбиркор бўлиши ёки оилавий бизнесни юритиши мумкинми? Шундай бўлса, ушбу ҳолатда унинг солиқ органи ва Пенсия жамғармаси билан муносабатлари қандай бўлади, қандай солиқлар ва қанча миқдорда тўланади?

– Ўзини ўзи банд қилган шахслар ва якка тартибдаги ёки оилавий тадбиркорлар ўртасида қуйидаги фарқлар мавжуд:

1) рўйхатдан ўтказиш тартиби. Юқорида айтиб ўтилганидек, ўзини ўзи банд қилган шахслар махсус мобиль иловалар орқали хабардор қилиш тартибида ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали QR-код берилган ҳолда рўйхатдан ўтадилар.

ЯТТ ёки оилавий тадбиркор давлат хизматлари марказларида, шу жумладан онлайн тарзда рўйхатдан ўтади. Онлайн тарзда рўйхатдан ўтишда 50% миқдорида давлат божи тўланади. Уларга ЯТТ ёки оилавий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади;

2) тўловларни тўлаш тартиби. Ўзини ўзи банд қилган шахс тўловларни ихтиёрий равишда тўлайди. ЯТТ ёки оилавий тадбиркор мажбурий тартибда тўлайди;

3) ишчиларни ёллаш тартиби. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ходимларни жалб қилишга, шунингдек иш берувчига эга бўлишга ҳақли эмас. ЯТТ 3 нафаргача ишчини ёллаши мумкин, оилавий тадбиркор эса барча оила аъзоларини ёллашга ҳақли.

Буларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда, бир вақтнинг ўзида ҳам ўзини ўзи банд қилган шахс, ҳам ЯТТ бўлиш мумкин эмас.

 

Ўзини ўзи банд қилган шахснинг фаолият тури фақат битта бўлиши лозимми ёки бир неча фаолият билан шуғулланиш мумкинми? Масалан, бир вақтнинг ўзида боғбонлик қилиш ёки мураккаб бўлмаган таъмирлаш-қурилиш ишларини бажариш.

– Рўйхат бўйича ўзини ўзи банд қилган шахс томонидан бир ёки бир нечта фаолият тури билан шуғулланиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) юзасидан чекловлар ёки тақиқлар мавжуд эмас.

 

Маълумот учун!

ТАШКИЛОТ МАЪМУРИЯТИ пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни олдиндан тайёрлайди ва пенсия тайинлаш учун тақдимномани РАСМИЙЛАШТИРАДИ.

Прочитано: 565 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика