Norma.uz

Қачон ходим вақтинча бошқа ишга ўтказишни талаб қилишга ҳақли

 

Ишлаб чиқариш цехида ишлайдиган ҳомиладор ходима «декрет»га чиққунига қадар енгилроқ ишга ўтказишни талаб қилаяпти. Бироқ корхонада бундай бўш лавозимлар мавжуд эмас. Мазкур ҳолатда ҳамда ходимлар вақтинча бошқа ишга ўтказишни талаб қилган бошқа ҳолатларда қандай йўл тутиш керак?  

 

– МКнинг 93-моддасида белгиланган умумий қоидага кўра, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади. Бошқа ишга ўтказиш муддати тугагач, иш берувчи ходимга унинг аввалги ишини бериши шарт. Бироқ айрим ҳолатларда томонларнинг тегишли розилиги олинмаган ҳолда вақтинча бошқа ишга ўтказиш мумкин. Ходим узрли сабаблар мавжуд бўлганда, вақтинча бошқа ишга ўтказишни талаб қилишга ҳақли бўлади, иш берувчи эса ушбу талабни қаноатлантириши керак.

Иш берувчи қуйидагиларни вақтинча бошқа ишга ўтказиши шарт ҳисобланади:

  • ходимни соғлиғи ҳолатига кўра;
  • ҳомиладор ходималарни;
  • 2 ёшгача боласи бўлган аёлларни;
  • локал тартибда белгиланган узрли сабаблар мавжуд бўлганда, ходимнинг илтимосига биноан (МК 94-м.).

 

Ходимни соғлиғи ҳолатига кўра вақтинча бошқа ишга ўтказиш

Соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказишга муҳтож ходимларни иш берувчи, уларнинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламай, ана шундай ишларга ўтказиши шарт. Бунда ходим камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилганда, шундай ишга ўтказилган кунидан бошлаб 2 ҳафта мобайнида ходимларнинг аввалги ўртача ойлик иш ҳақи сақланади (МК 218-м. 1, 2-қ.).

Иш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлганлиги ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганлиги муносабати билан вақтинча бошқа ишга ўтказилган ходимларга иш берувчи аввалги иш ҳақи билан янги ишда оладиган иш ҳақи ўртасидаги фарқни тўлайди. Бундай фарқ меҳнат қобилияти тиклангунга қадар ёки ногиронлиги белгилангунга қадар тўланади (МК 218-м. 4-қ.).

Сил касаллиги ёки касб касаллигига чалинганлиги сабабли камроқ ҳақ тўланадиган бошқа ишга вақтинча ўтказилган ходимларга шу ишга ўтган вақт учун (лекин 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддат давомида) касаллик варақаси бўйича янги ишда бериладиган иш ҳақига қўшилганда ходимнинг аввалги ишидаги тўлиқ иш ҳақидан ошиб кетмайдиган миқдорда нафақа тўланади. Касаллик варақасида кўрсатилган муддатга бошқа иш тақдим этилиши лозим. Башарти касаллик варақасида кўрсатилган муддатда иш берувчи бошқа иш топиб беролмаган бўлса, ходим ишдан озод этилади ва шунинг оқибатида бекор ўтган кунлар учун умумий асосларда меҳнатга қобилиятсизлик варақаси бўйича умумий асосларда нафақа тўланади (МК 218-м. 3-қ.). 

 

Ҳомиладор ходималарнинг талабларига кўра вақтинча бошқа ишга ўтказиш

Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Муҳим жиҳати шундаки, бошқа ишга ўтказилган даврида уларнинг аввалги иши бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади (МК 226-м. 1-қ.).

Иш берувчи тегишли тиббий хулоса мавжуд бўлганда, ҳомиладор аёлнинг енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган иш бериш илтимосини рад этишга ҳақли эмас. Ҳомиладор аёлга енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунга қадар, шунингдек корхонада унга тўғри келадиган иш мавжуд бўлмаган ҳолатларда, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим (МК 226-м. 2-қ.).

 

МИСОЛ. Зарарли омиллардан холи бўлган бошқа ишга ўтказиш

Металлдан ясалган буюмларни бўяш цехида ишлайдиган ходима ҳомиладорлик тўғрисидаги маълумотномани тақдим этди. Тиббий хулосада уни енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказиш тавсия этилган. Цех бошлиғи унга мос ишни танлай олмаяпти. Иш берувчи қандай йўл тутиши лозим?

– Буйруқ билан ходимани тиббий хулосада кўрсатилган соғлиғига тўғри келмайдиган ишдан озод этиш керак. Бошқа иш берилмагунига қадар, унга аввалги иши бўйича ўртача ойлик иш ҳақи тўланиши лозим (МК 226-м.).

 

2 ёшгача боласи бўлган аёлларни вақтинча бошқа ишга ўтказиш

2 ёшгача боласи бўлган аёл аввалги ишини бажаришининг имкони бўлмаса, уни енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказиш лозим. Янги ишга ўтказилган даврда ходиманинг боласи 2 ёшга тўлгунига қадар унинг аввалги иши бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади.

 

Локал тартибда белгиланган узрли сабаблар мавжуд бўлганда ходимни илтимосига биноан вақтинча бошқа ишга ўтказиш

Иш берувчининг ходимнинг илтимосига кўра уни вақтинча бошқа ишга ўтказиш бўйича мажбурияти компаниянинг жамоа шартномасида назарда тутилади. Бундай шартнома тузилмаган бўлса, ходимларнинг вакиллик органи билан келишган ҳолда белгиланади. Мазкур ҳолатда жамоа шартномасида ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишган ҳолда бошқа ишга ўтказиш учун узрли сабаблар рўйхати ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг тегишли тартиби белгиланади. Бироқ мазкур ҳолатда, юқорида кўриб чиқилган ҳолатлардан фарқли ўлароқ, иш берувчи ходимнинг вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги илтимосини, агар бундай иш корхонада мавжуд бўлса, қаноатлантириши шарт.

 

Ходимнинг ташаббуси билан вақтинча бошқа ўтказишни расмийлаштириш

Ходимнинг ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказишни мазкур ишга ўтказилган давр кўрсатилган ҳолда буйруқ билан расмийлаштирилади. Бунга ходимнинг аризаси асос бўлади. Ҳомиладор ва 2 ёшгача боласи бўлган аёлларни бошқа ишга ўтказиш учун аризага тиббий хулоса илова қилиниши лозим.

 

Саволларга «Norma» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара Хикматова жавоб берди.

Прочитано: 346 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика