Ходим асосий лавозими бўйича 1 ставкада бошқа лавозими бўйича ўриндошликда 0,25 ставкада ишлайди.
Табелда асосий лавозими бўйича неча соат ҳамда ўриндошлик лавозими бўйича неча соат қайд этилиши лозим?
– Корхонада айнан бир ходим томонидан қўшимча вазифаларни бажаришнинг икки варианти мавжуд (МК 160-м.; ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган Низом).
1. Ходим асосий ишидан бўш вақтларида ички ўриндошлик бўйича ишлайди:
а) у билан иккита меҳнат шартномаси тузилади: биттаси – асосий иш жойи бўйича, иккинчиси – ўриндошлик бўйича;
б) ходим асосий лавозими бўйича тўлиқ иш куни ва ўриндошлик бўйича 0,25 (чорак) иш куни ишлаши лозим. Ёки бир ҳафтада ишланган соатлар иш вақти нормасига тўғри келиши учун ўриндошлик бўйича ишларни асосий ишидан бўш вақтларида чорак ставкада бажариши лозим;
в) ходимга 2 та табель рақами берилади – асосий ва ўриндошликдаги лавозимлари бўйича;
г) асосий лавозим бўйича табелда тўлиқ ставка бўйича соатлар қайд этилади (масалан, 5 кунлик иш ҳафтасида 8 соатдан);
д) ўриндошлик бўйича табелда 0,25 ставка бўйича соатлар қайд этилади (масалан, 5 кунлик иш ҳафтасида 2 соатдан);
е) иккала лавозим бўйича иш ҳақи ҳисобланади.
2. Ходим асосий лавозими бўйича ишларни бажариш билан бир вақтда ички ўриндошлик шартларида бўш лавозим бўйича ишларни ҳам бажаради, бунда:
а) иккинчи меҳнат шартномаси тузилмайди;
б) бўш лавозим бўйича қўшимча мажбуриятларни бажариш шартлари ёки меҳнат шартномасига киритилади ёхуд бу ҳақда томонларнинг келишувига кўра мажбурий тартибда буйруқ чиқарилади;
в) мазкур ҳолатда табель рақами битта бўлади. Иш вақти фақат тўлиқ ставка бўйича қайд этилади (масалан, 5 кунлик иш ҳафтасида 8 соатдан), сабаби ходим қўшимча ишларни иш вақтидан ташқари вақтда бажаради;
г) мазкур ҳолатда ходимга қўшимча ишларни бажарганлиги учун бўш лавозим бўйича лавозим маошининг 25%и миқдорида қўшимча тўлов тўланади (бу саволда ҳам кўрсатилган эди).