Давал хом ашёси билан ишлайдиган корхоналар бухгалтерлари бундай операцияларни расмийлаштириш, ҳисобини юритиш ва солиқ солиш масалаларига дуч келади. Хусусан, ҚҚС ҳисоб-китоби бўйича саволлар туғилади. Уларга «Norma» компанияси эксперти Ирина АХМЕТОВА жавоб берди:
– Буюртмачига тегишли бўлган ва бошқа шахсга (қайта ишловчига) саноат асосида қайта ишлашга берилган хом ашё ва материаллар давал хом ашёси ва материаллари ҳисобланади. Шундан кейин қайта ишловчи томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот тузилган шартномага мувофиқ буюртмачига қайтарилади.
Агар сиз қайта ишловчи бўлсангиз ва давал хом ашёсидан маҳсулот ишлаб чиқарсангиз, ҚҚСни фақат ўзингизнинг қайта ишлаш бўйича хизматларингиздан ҳисоблаб чиқаринг. Давал хом ашёсидан акцизости товарларини ишлаб чиқаришда қайта ишлаш бўйича хизматлар қийматида акциз солиғини ҳам ҳисобга олинг (СК 248-м. 6-қ.; «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга 8-илова).
Давал хом ашёси билан боғлиқ операцияларни махсус Қайта ишлашга берилган хом ашё билан боғлиқ операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ рўйхат рақами 2086, 15.03.2010 й.) мувофиқ расмийлаштиринг ва ҳисобини юритинг.
Буюртмачи давал хом ашёсини қайта ишловчига давал хом ашёсини қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки юкхати бўйича беради (Низомга 1, 2-иловалар).
Ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш – буюртмачининг хатоси
Амалиётда кўпинча буюртмачи давал хом ашёсини беришни ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирадиган вазиятлар учраб туради. Ушбу хато мазкур операция давал хом ашёси билан боғлиқ операция сифатида ҳисобланмаслигига олиб келади.
Ҳисобварақ-фактура товарга бўлган мулк ҳуқуқининг ўтиши чоғида расмийлаштирилиши боис, мазкур операция тегишли солиқ оқибатлари, шу жумладан – ҚҚС ҳисоблаш билан хом ашёни реализация қилиш сифатида малакаланади.
Қайта ишловчи қандай ҳужжатларни расмийлаштириши керак?
Қайта ишлаш маҳсулотларини қайтариш чоғида буюртмачига ўзингизнинг қайта ишлаш бўйича хизматларингизга ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда ҳисобварақ-фактура тақдим этинг. Олинган хом ашё ва ундан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бўйича маълумотларни ҳисобварақ-фактурада акс эттирманг. Маҳсулотларни беришни давал хом ашёсини қайта ишлашдан олинган маҳсулотни қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва давал хом ашёсининг ишлатилиши тўғрисида ҳисобот билан расмийлаштиринг (Низомга 4, 5-иловалар).
Буюртмачига қайта ишлаш бўйича хизматлар қийматига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурада ушбу хизматларнинг шартнома қийматидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилган ҚҚСни кўрсатинг. ҚҚС бўйича бюджет билан ҳисоб-китобларда хизматлар қиймати бозор қийматига тўғри келиши лозимлигини инобатга олинг (СК 248-м. 4-қ.).
Давал хом ашёсидан ва ўзининг хом ашёсидан фойдаланишда ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилади?
Агар маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатишда сиз ҳам ўзингизнинг хом ашёдан ҳамда давал хом ашёсидан фойдалансангиз, ушбу операцияларнинг алоҳида ҳисобини юритинг. Давал хом ашёсининг аналитик ҳисобини ҳар бир буюртмачи бўйича алоҳида юритинг (Низомнинг 12-б.).
МИСОЛ. ҚҚС тўловчиси бўлган тикув корхонасининг ҳисобот даври учун соф тушуми 120 000 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан:
● давал хом ашёсидан буюмлар тикиш бўйича хизматлар кўрсатишдан – 20 000 минг сўм;
● ўзининг хом ашёсидан буюмлар ишлаб чиқариш (тикиш) бўйича – 100 000 минг сўм.
Ҳисобот даври якунлари бўйича тикиш бўйича хизматларнинг ишлаб чиқариш таннархи 22 000 минг сўмни ташкил этди, бу уларни реализация қилиш қийматидан ортиқ. Бунда реализация қилиш қиймати бундай хизматларнинг бозор нархига тўғри келади.
Ўзининг хом ашёсидан ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг таннархи 75 000 минг сўмни ташкил этди ва реализация қилиш қийматидан ошмади.
Бундай вазиятда ҚҚСни бундай тарзда ҳисобланг:
● қайта ишлаш бўйича хизматлар бўйича – 20 000 минг сўмдан келиб чиқиб;
● ишлаб чиқариш бўйича – 100 000 минг сўмдан келиб чиқиб.