2020 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев биринчи марта ўзбек тилида нутқ сўзлади ва бу ўзбек халқи учун катта ғурурдир. Президентимизнинг ўзбек тилидаги нутқи нафақат мамлакатимизда яшовчи, балки дунёнинг турли бурчакларида истиқомат қилаётган ўзбеклар учун ҳам совға бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари БМТнинг юксак минбаридан туриб она тилимизда бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурганда яна бир бор фахр-ифтихор туйғусини туйдим. Бинобарин, Президентимизнинг энг нуфузли халқаро анжуманда ўзбек тилида маъруза қилиши она тилимизга давлат тили мақоми берилганининг 31 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.
Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азизу мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир. Буюк ёзувчи, она тилимизнинг матонатли жонкуярларидан бўлган Абдулла Қаҳҳор «Бизнинг жуда бой, чиройли тилимиз бор, бу тилда ифодалаб бўлмайдиган фикр-туйғу, ҳолат йўқ» дея таъкидлаган эди.
Навоий тилини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор унинг дунёда роли ва обрўсини кучайтиришга ёрдам беради. Бугунги кунда ўзбек тили дунёнинг кўплаб мамлакатларида танилган ва ўрганилмоқда. Кўпгина хорижий университетларда махсус бўлимлар очилган бўлиб, уларда чет эллик талабалар нафақат ўзбек тилининг, балки мамлакатимизнинг ҳам жозибаси ва гўзаллигини, унинг тарихи ва замонавийлигини ўрганадилар.
Москва давлат лингвистик университетида талабалар ўзбек тилини иккинчи чет тили сифатида ўрганадилар. Шунингдек, Россияда Uzbekonline.ru ўзбек тилидаги Интернет мактаби бўлиб, 24 та дарс 12 ҳафта мобайнида ўтилади.
1870 йилда ташкил топган Огайо давлат университети (АҚШ) бугунги кунда ижтимоий ва гуманитар фанлар соҳасида дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларидан ҳисобланади. Ўзбекистонинг АҚШдаги элчихонаси маълумотларига кўра, ҳозирги кунда мазкур университетда АҚШда ўзбек тилини ўқитиш бўйича энг йирик дастур амалга оширилмоқда. Global May дастури доирасида университет талабалари маълум бир мамлакатнинг маданияти ва тилини ўрганиши учун ушбу мамлакатга уларнинг 4 ҳафталик саёҳати уюштирилади. Хусусан, мамлакатимиз тилини ўрганаётган бир гуруҳ талабаларнинг ушбу дастур доирасида Ўзбекистонга ташрифи 2021 йилга режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Жанубий Кореянинг Ханкук университети ўртасида шартнома асосида талабалар алмашинуви ташкил этилган. 2019–2020 ўқув йилининг биринчи семестрида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ханкук университетининг 8 нафар талабасидан иборат гуруҳ ўқитилган бўлиб, бу талабалар ўзбек тилини ҳам ўрганган. Дарслар давомида корейс талабалари билим олишга, айниқса, ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш билдиришларини таъкидлаганлар. Бир семестр давомида ўзбек тилини ўрганиш натижасида талабалар Ўзбекистоннинг маросимлари ва урф-одатлари тўғрисида мақолалар нашр этганлар, шунингдек радио ва телевидение орқали ўзбек тилида интервью берганлар.
Афғонистонда истиқомат қиладиган ўзбек миллатига мансуб кўп сонли аҳоли ўз она тилини сақлаб қолиш истагида. Ўзбекистон Республикасининг Мозори Шариф шаҳридаги консулхонаси томонидан Афғонистонда ўзбек тилининг халқаро нуфузини ошириш ва уни тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун дунёвий тараққиёт бизнинг ёшларни ҳам бир неча тилларни мукаммал билишга, бошқа тилларда ёзилган, бошқа алифболарда ифодаланган манбалардан унумли фойдаланишга даъват этмоқда. Бу яхши, албатта. Аммо миллий тил чет тилини ўрганишда асосий замин ҳисобланади. Шу боис она тилимизни қанча теран билсак, чет тилини шунча пухта ўзлаштирамиз. Шундай экан, ёш авлодда давлат тилига, ўзбек халқининг бой адабий меросига бўлган чуқур қизиқиш ва ҳурматни шакллантириш бутун жамиятнинг муҳим вазифасидир.
Н.ҚУДРИДДИНОВА,
ДБҚ Божхона институти Ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси катта ўқитувчиси, божхона хизмати майори.