Мен Хўжайли (Қорақалпоғистон) станциясида темир йўл касалхонасининг шифокориман. Бизга қўшни давлатдан (Қозоғистон) даволаниш учун келишганда уларни рўйхатга олиш борасида муаммога дуч келамиз. Эшитишимча, меҳмонхонада уларни меҳмонхона ходимларининг ўзи рўйхатга олишади.
Қозоғистонликларни даволаш тиббий хизматларни экспорт қилиш ҳисобланишини эътиборга олганда, биз мижозларни меҳмонхонада рўйхатга олганлари сингари рўйхатга олишимиз мумкинми?
- Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча прописка қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасалари маъмурияти томонидан улар келиб жойлашган вақтда, қанча муддат бўлишларидан қатъи назар, ихтисослаштирилган электрон автоматлаштирилган дастури ёрдамида хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.
Жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг масъул шахслари томонидан жойлашган шахсларнинг ҳисоби юритилади. Жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг масъул шахслари яшовчилар жойлаштирилган пайтда ҳудудий ички ишлар органларини жойлашган ва пропискадан ўтишлари керак бўлган шахслар тўғрисида Дастур ёрдамида хабардор қилишлари шарт (Низомнинг 35-б., ВМнинг 22.10.2018 йилдаги 845-сон қарорига 2-илова).
Жойлаштириш воситаларида ва даволаш муассасаларида қуйидагилар ҳисобга олиниши керак:
а) Ўзбекистон Республикасига хизмат, савдо ёки жамоат ишлари билан, даволаниш ёки дам олиш учун, туристлар сифатида, алоҳида ҳолларда эса ички ишлар органларининг рухсати билан фуқароларнинг таклифига мувофиқ келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
б) Ўзбекистонга шахсий ишлар билан келган миллий паспортларнинг (дипломатик ёки хизмат паспортларининг) эгалари, хорижий мамлакатлар ташқи ишлар идораларининг хизматчилари ҳамда уларнинг оила аъзолари.
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг амалда ҳисобга олинганлигини текшириш ички ишлар органлари томонидан ихтисослаштирилган электрон автоматлаштирилган дастур ёрдамида амалга оширилади (Низомнинг 37-б.).
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳисобга олиш вақтинча прописка қилишга тенглаштирилади ва жойлаштириш воситалари ҳамда даволаш муассасалари маъмурияти томонидан қонунда белгилаб қўйилган тартибда, Дастур ёрдамида амалга оширилади (Низомнинг 38-б.).