Улгуржи-чакана савдо корхонаси умумбелгиланган солиқларни тўлайди. Жами айланмага ҚҚС солинади. ҚҚСдан озод этилган айланма мажуд эмас.
Компания ходимлари фақат хизмат мақсадларида корпоратив мобиль алоқадан (савдо агентлари), Интернетдан (маъмурий-бошқарув ходимлари), шаҳар телефонидан фойдаланадилар. Шунингдек товарларни сақлаш учун омборлар ва савдо шохобчалари учун бинолар (савдо фаолиятида фойдаланиладиган, 9410-счёт) ижарага олинади. Ушбу хизматларни етказиб берувчиларнинг барчаси ҚҚС тўловчилар ҳисобланади.
Корхонанинг солиқ солинадиган айланмаси 100% бўлганда, у ҚҚС билан харид қилинган фақат хизмат мақсадлари учун фойдаланиладиган, харажатлари эса давр харажатларига (9400-счёт) киритиладиган хизматлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиши мумкинми?
– Ҳа, ушбу ҳолатда харид қилинган хизматлар, хусусан: корпоратив мобиль алоқа, Интернет, шаҳар телефон алоқаси, товарларни сақлаш учун омборларни ва савдо шохобчалари учун биноларни ижара олиш бўйича хизматларга ҚҚС тўловчилар томонидан ҳисобварақ-фактуралар ёзиб берилган бўлса, корхона улар бўйича тўланган ҚҚС суммасини тўлиқлигича ҳисобга олиши мумкин.
Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини аниқлашда, солиқ тўловчи қуйидаги шартларни бир вақтда бажарган тақдирда, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш орқали солиқнинг умумий суммасини камайтиришга ҳақли бўлади (СК 266-м.):
1) товарлардан (хизматлардан) солиқ тўловчининг реализация қилиш бўйича айланмасига солиқ солиниши лозим бўлган товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизмат кўрсатиш) билан боғлиқ фаолиятида фойдаланилганда;
1) солиқ тўловчининг товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизмат кўрсатиш) билан боғлиқ фаолиятини амалга ошириш чоғида товарлардан (хизматлардан) фойдаланилганда реализация қилиш бўйича айланмасига солиқ солиниши лозим бўлганда;
2) олинган товарларга (хизматларга) солиқ тўловчи томонидан ҳисобварақ-фактура ёки етказиб берувчи томонидан тақдим этилган солиқ суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган бошқа ҳужжат олинганда ҳамда товарларни (хизматларни) етказиб берувчи солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилганда.
Маъмурий ҳамда бошқа мақсадларда фойдаланиладиган товарлар (хизматлар) эса товарларни реализация қилиш (хизматлар кўрсатиш) билан боғлиқдир.
Ҳисобга олинмайдиган ҚҚС суммалари СКнинг 267-моддасида белгиланган. Ушбу рўйхатда солиқ тўловчининг бухгалтерия ҳисоби счётлари бўйича харажатларини ҳисобга киритиш мезонлари белгиланмаган. Ҳисобга олишнинг асосий мезони ҚҚС солишдан озод этилмаган фаолиятни амалган ошириш учун товарлар (хизматлар)дан фойдаланиш ҳисобланади.
ҚҚС бўйича имтиёзлар мавжуд бўлганда, СК 268-269-моддаларида белгиланган нормалар қўлланилади.