ҚҲТБТ порталида Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси жойлаштирилган. У 2020 йил 17 мартга қадар муҳокама қилинади. Мазкур ҳужжат нималарни таклиф қилади?
Сайёр солиқ текширувининг мақсади – солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш.
Сайёр текширувлар натижалари бўйича қўшимча солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш мумкин эмас. Бироқ, ҳуқуқбузарлик аниқланса, солиқчилар «қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўради».
Сайёр текширувнинг муддати – 10 иш кунидан кўп эмас.
Қуйидагилар сайёр текширув ўтказиш учун асос бўлиши мумкин:
● солиқ аудити ва камерал солиқ текшируви жараёнида қўшимча маълумотлар ва ҳужжатларни олиш зарурати;
● ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида мурожаатлар ёки ишончли маълумотлар келиб тушганда.
Текширувчилар қуйидагиларга мажбур:
● солиқ тўловчини сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан таништириш;
● тадбиркорнинг текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш;
● текширувни ўтказиш вақтида тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахсларига уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш.
Текширувчилар:
● солиқ ҳисоби, ТМҚ ва пул маблағларининг ҳаракати, солиқ тўловчи фаолияти билан боғлиқ бошқа ахборотни таҳлил қилади;
● назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари ишини текширади;
●ходимлар сони мониторингини амалга оширади;
● бозорлар, савдо комплекслари фаолиятини текширади;
● фаолият турларини амалга ошириш учун лицензия ёки рухсат гувоҳномалари мавжудлигини текширади;
● ТМҚ қолдиқларини ҳамда уларни автотранспорт воситалари орқали ташилиши қонунийлигини текширади;
● хронометраж ўтказади ва ҳоказо.
Бундан ташқари, текширувчилар ишлаб чиқариш ҳудудлари, омборлар, юк транспортлари ва савдо биноларини видеотасвирга олишади.
Тўлов терминаллари ва касса аппаратларидан тўғри фойдаланилаётганлигини текшириш учун «холис харидорлар» жалб этилиши мумкин.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
buxgalter.uz