Собиқ турмуш ўртоғим – Россия фуқароси. 3 ёшлик фарзандимиз бор. Суднинг қарорига мувофиқ турмуш ўртоғим болага алимент тўлар эди. Бироқ карантин туфайли тўловлар тўхтаб қолди. Оммавий ахборот воситаларида ёзилишича, Россия фуқаролари Россия авиакомпанияси самолётлари билан олиб чиқилаётган экан. Собиқ турмуш ўртоғим болага умуман ғамхўрлик қилмаслигини ҳисобга олган ҳолда, уни Россия Федерациясига ноқонуний кириши эҳтимолдан холи эмас.
Мазкур ҳолатда қандай йўл тутишим керак?
– Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар ихтиёрий равишда бажариш учун белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли (Низомнинг 5-банди, 1-илова, АВ томонидан 12.11.2019 йилда 3196-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Ижро ҳужжатидаги талабларни қарздор томонидан ижро этиш муддати ижро иши юритиш қўзғатилган кундан 15 кундан ошиб кетмайдиган ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда давлат ижрочиси томонидан белгиланади (Низомнинг 6-банди).
Қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги ариза ундирувчи ёки унинг вакили томонидан давлат ижрочисига тақдим қилинади. У қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашнинг асослантирилган сабабини ўз ичига олган бўлиши лозим.
Давлат ижрочиси қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашни қўллаш тўғрисидаги ундирувчининг аризасини кўриб чиқиб махсус электрон тизим орқали қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарор қабул қилади ёки аризани қаноатлантиришни рад қилади ва ундирувчига ёхуд унинг вакилига ёзма ёки электрон шаклда асослантирилган жавоб юборади (Низомнинг 7-банди).
Давлат ижрочининг қарздор чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори катта давлат ижрочиси томонидан махсус электрон тизим орқали электрон шаклда тасдиқланади (Низомнинг 8-банди).
Қарзнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарор тасдиқлангандан сўнг чеклов қўйилганлиги тўғрисидаги маълумот Ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали автоматик тарзда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига ҳамда Чегара қўшинларига юборилади.
Қарздорга нисбатан чеклов қўйилгани тўғрисидаги маълумотда кўрсатиладиган ахборот томонлар ўртасидаги келишув ва техник йўриқномага асосан белгиланади (Низомнинг 9-банди).
Ижро ҳужжатларида қарздор ёки ундирувчининг (агар қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш ундирувчининг аризасига биноан қўлланилган бўлса) электрон почтаси ёки телефон (мобиль) рақами ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги хабарнома унинг жўнатилганлигини ва қабул қилиб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи махсус автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобиль алоқа воситалари орқали қисқа хабар (SMS) кўринишида йўлланади.
Қарздор ёки ундирувчи электрон почтаси орқали ёки SMS кўринишида юбориш имкони бўлмаган тақдирда, давлат ижрочиси томонидан қарор чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмасдан қарорнинг кўчирма нусхалари яшаш манзили бўйича почта орқали қарздорга ва ундирувчига (агар қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш ундирувчининг аризасига биноан қўлланилган бўлса) юборилади (Низомнинг 10-банди).
Қарздор чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлса, чеклов қўйилганлиги тўғрисидаги маълумот, кейинчалик тегишли органга маълумот бериш учун Ягона электрон ҳамкорлик тизими орқали автоматик тарзда давлат ижрочиси томонидан фақат МваФР бош бошқармасига юборилади (Низомнинг 11-банди).
Чеклов қўйилгани тўғрисидаги маълумот қабул қилинганлиги ҳақидаги электрон хабарнома МваФР бош бошқармаси ва Чегара қўшинлари томонидан Мажбурий ижро бюросига Ягона электрон ҳамкорлик тизими орқали юборилади. Қабул қилинган чеклов бир вақтнинг ўзида иккала идоранинг идоравий электрон базасига киритилади (Низомнинг 12-банди).
Ички ишлар органларининг МваФР бўлимлари (бошқармалари) ҳамда Чегара қўшинлари бўлинмалари суд ёки давлат ижрочиси томонидан қарздорга нисбатан қўлланилган вақтинча чеклов олиб ташланмагунга қадар қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишига йўл қўймасликка мажбурдирлар (Низомнинг 14-банди).