Германиянинг Кирххаймболанден шаҳрида энг ёши улуғ депутат Лизель Хайзе 101 ёшида қонуний нафақани расмийлаштирди. Бу ҳақда «Badischen Neuesten Nachrichten» нашри хабар тарқатган.
Пенсионер момо ёши эмас, балки кўриш ва эшитиш қобилияти сустлашгани туфайли ўз ваколатини топширибди. Унинг айнан саломатлиги йиғилишларда иштирок этишида панд бераётган экан.
Депутатни кузатиш маросими каттагина танаффусдан кейин бўлиб ўтган дастлабки мажлис чоғи уюштирилди: мамлакатда коронавирусга қарши кураш чоралари аста-секин юмшатиляпти. Бургомистр Марк Мухов Хайзе — кекса инсонлар учун ҳақиқий намуна эканини таъкидлади ва ўз навбатида бошқа немис нуронийларини ҳам шаҳар сиёсий ҳаётида фаол қатнашишга чақирди.
Собиқ ўқитувчи Лизель Хайзе 2019 йил бошида маҳаллий сайловларда ўз номзодини илгари сурганди. 100ёшли аёл шаҳардаги кўп йиллар мобайнида фаолият кўрсатмай келаётган бассейнни қайтадан ишга туширилишига эришиш мақсадида сиёсатга кириб келди. Сайланиш учун Хайзега 900 овоз тўплаш лозим бўлди. Кейинроқ у тегишли мандатни олди ва Германиядаги энг ёши улуғ шаҳар ноибига айланди.
Афсуски, нуроний депутат ўзининг эзгу ниятига эриша олмай, пенсияга чиқиб кетди — шаҳар бассейни ҳалиям очилмади. Шунга қарамасдан, Лизель момо депутат сифатидаги фаолияти ўзига хос тажриба мактаби бўлганини таъкидламоқда.
ЎзА.