60 ёшга тўлдим. Кичик фирмада ишлайман. Лекин пенсия ҳужжатларимни ҳеч расмийлаштира олишмаяпти.
Қандай муддат ичида маъмурият уларни расмийлаштириши лозим?
– Маъмурият (бошқарув) ариза келиб тушган кундан эътиборан 10 кунлик муддат ичида стаж ва иш ҳақи тўғрисидаги зарур ҳужжатларни расмийлаштириши шарт.
Уларни берилган ариза ва ўз тақдимномаси билан бирга аризачи истиқомат қиладиган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига юборади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддаси 3-қисми).
Ёшга доир пенсия уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб 60 кун ичида уни сўраб мурожаат этилган бўлса, пенсия ёшига тўлган кундан эътиборан тайинланади (Қонуннинг 47-моддаси «а» банди).
Корхоналар ва ташкилотлар пенсия учун (пенсия қайта ҳисобланиши учун) ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки ишончсиз маълумотлари бўлган ҳужжатларни тақдим этиш оқибатида пенсионерга етказилган зарар учун унинг олдида қонун ҳужжатларида белгиланганидек жавобгар бўладилар (Қонуннинг 43-моддаси 11-қ.).