II гуруҳ ногирони – пенсионер ҳеч қаерда ишламайди, опасиникида яшайди. Бошқа даромади йўқ. Уй-жой фондидаги квартирасини жисмоний шахсга ижарага бермоқчи. Бир ойлик ижара ҳақи – 1 500 000 сўм, квартира майдони – 60 кв.м.
II гуруҳ ногирони бўлган ишловчи пенсионер учун қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?
– ЖШДС солиш мақсадларида жисмоний шахсларнинг квартирани ижарага беришдан олган даромадлари мулкий даромад ҳисобланади (СК 375-м. 3-б.). I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар (ушбу даромадлар олинган ҳар бир ой учун МҲЭКМнинг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) ЖШДС солишдан қисман озод этилади (СК 380-м. 1-қ. 3-б.).
Сизнинг ҳолатда II гуруҳ ногирони пенсионер бўлганлиги ва бошқа даромад олиш манбаларига эга бўлмаганлиги сабабли у ижара тўлови кўринишида олган даромадига нисбатан ЖШДСдан қисман озод этишни қўллашга ҳақлидир.
МИСОЛ.
II гуруҳ ногирони – пенсионер 2020 йил 1 январдан 1 календарь йилга ўз квартирасини жисмоний шахсга ижарага берган. Бошқа даромад оладиган манбалари йўқ. Бир ойлик ижара ҳақи қиймати 1 500 000 сўм, квартира майдони – 60 кв.м. Квартира уй-жой фондига тегишли.
Квартирани жисмоний шахсга ижарага беришдан олинган даромадларга жами йиллик давромад тўғрисидаги декларацияга асосан ЖШДС солинади (СК 393-м. 1-қ.). Шунингдек имтиёз декларация топшириш чоғида қўлланилади. Шу боис бир йил мобайнида жами даромад суммасидан ЖШДС тўланади.
2020 йилда ҳар бир ой учун ЖШДС ҳисоб-китоби:
1 500 000 сўм х 12% = 180 000 сўм.
Бир йил учун ижара тўлови 18 000 000 сўмни, бир йил учун тўланган ЖШДС – 2 160 000 сўмни ташкил қилади.
Йил якуни бўйича декларация топширишда имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ҳисобланади. Аниқланган ортиқча тўлов ижарага берувчи – II гуруҳ ногиронига қайтарилади.
Азизахон Тошхўжаева,
«Norma» МЧЖ эксперти.