Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 28 / Мулоҳаза учун мавзу

Селекциядаги ўйинлар ёхуд келажакда дурагай сотадиган давлатларга қарам бўлиб қолмаймизми?

  • Дурагайлар тез тайёр бўлади
  • Бебаҳо генофонд сақланса, иқлим ўзгариб, дунёда қурғоқчилик бўлганда ҳам аҳолини боқа оламиз
  • Маҳаллий навларимиздан ажралиб, қашшоқ бўлиб қолмайлик

Жуда кўпчилик ёшлигидаги олма, нок, помидор, ҳатто пиёзнинг қанчалар ширин бўлгани ҳақида кўп эслайди. Ҳозирда расталарни безаган йирик олмалар, ёшликдаги майда, балки қурт тушган олма мазасини бермаслиги ҳаммага аён. Шу Ўзбекистон, шу деҳқонлар ва шу тупроқ. Хўп, унда йиллар ўтиб, нима ўзгарди?

 

Бугунги суҳбатдошимиз Тошкент давлат аграр университети кафедра мудири, профессор, селекционер олим Маърифат Омонова билан суҳбатимиз уруғчилик борасидаги ютуқлар ва муаммолар ҳақида бўлди.

– Бозорларда сотилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми четдан келтирилган уруғлар асосида етиштирилган. Бунинг сабаби эса бозор талаби билан изоҳланади. Яъни уларнинг ташқи кўриниши чиройли ва узоққа ташишга чидамли. Селекционер олимларимиз ана шундай экспортбоп нав ва дурагайларни ярата олмайдими?

– Дурагайлар навга нисбатан касалликлар, зараркунандалар ва экологик шароитнинг кескин ўзгаришларига чидамли бўлади. Шунинг учун деҳқон ҳам бундай экинларни етиштиришдан манфаатдор. Бизда сувли, витаминларга бой, ширин навлар азалдан жуда кўп бўлган. 90-йилларгача бўлган селекцияда ҳар бир мевадан кўп ва йирик ҳосил олишга эътибор қаратилган. Бироқ, уларнинг вегетация даври узоқ. Камига селекционер олимлар навни янгилаб туриши керак бўлади.

 

– Шунинг учун ҳам тилни ёрар полиз экинлар, мазаси оғизда қоладиган мевалар камайиб кетди. Айниқса, дурагайлар етиштиришга ўтиб кетганимизни оқлаб бўлмайди. Тўғриси, нав яратиш машаққатли иш эканини ва бунинг учун 10-15 йил сарфланишини кўп эшитганмиз? Наҳот олимларимиз дангаса бўлиб, осонроқ тарафга ўтишган?

– Тўғри, нав яратишга 7-15 йил керак. Дурагайлар эса тез тайёр бўлади. Шу кунга қадар фақат пахта селекцияси билан шуғулланган олимлар рағбатлантирилган. Олим йиллаб умрини сарфлаб нав яратади, халққа чиқаради, лекин ҳеч қандай рағбат йўқ. Фойда кўрмайди. Натижада селекционер олимлар сони қисқариб кетди.

Айни вақтда биз талабаларни ўқитиш билан бирга, инновацион технологиялар жорий қилиш ва янги навларни яратиш борасида изланишлар олиб бормоқдамиз. Кафедрамизда йил якуни билан 10 та патент олинди. Яратилган аммаран, мойли экинлар ва бодринг навлари ҳосилдорлиги ва касалликларга чидамлилиги билан мавжуд навлардан анча устун туради.

 

– Ўзбекистонда жамланган қишлоқ хўжалиги экинлари генофондида 43 мингдан ортиқ намуна борлиги айтилади. Биз ана шу бойликдан нега самарали фойдаланмаяпмиз. Ваҳоланки, халқимиз даромадини ошириш учун биринчи навбатда уруғчиликни самарали ташкил этиш керак бўлади.

– Жуда тўғри, юртимизда жуда катта генофонд мавжуд. Бу эса селекционерларимиз учун бебаҳо хазина ҳисобланади. Агар уни сақлаб келажакка етказиб бера олсак, иқлим ўзгариб, дунёда қурғоқчилик бўлса, аҳолини боқа оламиз. Бизда Африкадан келтирилган ғалла ва буғдойнинг 15 минг хил нав ва дурагайи мавжуд.

Ҳозирда генофондга талаб кучайди ва бизнинг асосий вазифамиз генофондни бойитиш ва келажак авлод учун тўлиқ сақлаш. Бу борада ишлар олиб борилмоқда. Эндиликда мева-сабзавотчилик йўналишидаги селекционерларга ҳам маблағ бериладиган бўлди. Аслида бизнинг иқлим шароитимиз дунёдаги ўсимликлар 65 фоизининг ўсишига имкон беради. Шу боис аҳоли учун янгилик бўлган дуккакли экинлар билан шуғулланишни бошладик. Негаки, дунёда энг кўп харидоргир маҳсулот дуккакли экинлар ҳисобланади. Ҳиндистонни кузатсак, уларда гўшт ўрнини дуккакли экинлар эгаллайди. 10 фоиз аҳоли гўшт истеъмол қилади у ҳам балиқ ва тухум. Шундай бўлса-да, дунёдаги энг кучли дастурчилар, шифокорлар ҳиндлар. Бунинг сири эса дуккакли сабзавотлар. Йил охирига қадар дунё бозорига бир қатор янги навларни тақдим этамиз.

 

- Тажрибали деҳқонларнинг сўзларига қараганда, экинларга зарар бераётган кўпгина касалликлар ва зараркунандалар илгари юртимизда учрамаган. Улар хориж уруғлари билан кириб келаётган бўлиши мумкин, деган тахминлар мавжуд. Селекционер олим сифатида бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

– Биласизми, дунёда сиёсий ўйинлар бўлиб туради. Селекцияда ҳам бу бор. Нима учун? Биз четдан дурагайлар оламиз, тўғри, уларнинг хосилдорлиги, унувчанлиги яхши. Лекин биз кўрмаган, биз текшира олмаган, яъни сунъий равишда ҳосил қилинган ўсимликларнинг касалликларини уруғлар билан бизга киритишмоқда. Тўғри, улар мингта уруғдан биттасида бўлади ва ерга тушганда касалликни тупроқда қолдиради. Ерда қолиб кейинги экинларга таъсир қилади ва маълум вақт ўтиши билан мослашиб, янги шаклини пайдо қилади. Бу маҳаллий бойлигимиз бўлган ўсимликларнинг, навларнинг йўқолишига хизмат қилади. Келажакда тўғридан-тўғри дурагай сотадиган давлатларга иқтисодий қарам бўлиб қоламиз.

Мисол учун, хориждан олиб кирилаётган янги узум навлари билан флаксина касаллиги кириб келади. Шу боис биз янги навларни олиб келишга қаршилик қилиб, кўп жойларга мурожаат қилдик. 2013 йилдан буён бу борада эътиборни тортишга ҳаракат қиламиз. Четдан келаётган узумлар таркибида флаксина бор ва улар унга чидамли. Лекин, маҳаллий навларимизнинг бирортаси бу касалга чидамли эмас. Ҳусайн, кишмиш барча-барчасидан ажралиб, қашшоқ бўлиб қолишимиз мумкин. Баъзида бу касаллик бизнинг шароитда ривожланмас деган фикрлар ҳам айтилади, бироқ қишлоқ хўжалиги экинларига таваккал қилиб бўлмайди. Бир вақтнинг ўзида фауна ва флорамизни йўқотсак, озиқ-овқат масаласида четга боғланиб қоламиз. Бу эса жуда хатарли.

 

Сайёра Шоева, ЎзА.

Прочитано: 398 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика