Солиқ кодексининг 378-моддаси 11 ва 17-бандларида жисмоний шахсларнинг жисмоний шахслардан ҳадя сифатида олинган маблағларига солиқ солинмаслиги белгиланган.
Хусусий корхона мулкдори (директори) барча солиқлар ва мажбурий тўловлар, шу жумладан 5%лик ставкада дивиденд солиғи тўлангандан кейин ўз яқин қариндошларининг коммунал тўловлари учун ҳисобланган дивиденд ҳисобидан пул ўтказиш йўли билан тўлаган бўлса, бундай тўлов ҳадя сифатида қараладими? Коммунал тўловларини тўлаттирган мулкдорнинг яқин қариндошлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси ҳисобланадими?
Мулкдор - хусусий корхона директори ўзига ҳисобланган дивиденд ҳисобидан ўз шахсий харажатлари учун пул ўтказган бўлса, ушбу ўтказилган суммаларга солиқ солинадими?
Н.Рўзимуродов, Қарши ш.
– Хусусий корхоналарнинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий корхоналар тўғрисида»ги Қонуни (кейинги ўринларда - Қонун) билан тартибга солинади (11.12.2003 йилдаги ЎРҚ-558-II-сон).
Хусусий корхона ягона жисмоний шахс томонидан тузилади (Қонун 3 ва 8-моддалари). Хусусий корхонанинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган фойдаси, табиийки, корхона мулкдорининг мулки ҳисобланади ва корхона мулкдори бўлмиш жисмоний шахс ушбу фойдадан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиш ҳуқуқига эгадир (Қонун 15-м.).
Жисмоний шахслардан текин (шу жумладан ҳадя шартномалари бўйича) олинган мол-мулкнинг, мулкий ҳуқуқларнинг қиймати уларни олувчи жисмоний шахсларнинг бошқа даромадлари ҳисобланади ва жисмоний шахснинг жами даромади таркибига киради (СК 377-м. 3-б.).
Солиқ кодексининг 378-моддаси 11-бандига мувофиқ, жисмоний шахслардан мерос ёки ҳадя тартибида, шунингдек, текинга олинган пул ва натура шаклидаги даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди, бундан қуйидагилар мустасно:
- илм-фан, адабиёт ва санъат асарларининг, адабиёт ҳамда санъат асарлари ижрочиларининг, шунингдек кашфиётлар, ихтиролар ва саноат намуналари муаллифларининг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) тўланадиган пул мукофотлари;
- яқин қариндош бўлмаган шахслар ўртасидаги кўчмас мулк, автотранспорт воситалари, қимматли қоғозлар, юридик шахсларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) улушлар.
Сизнинг ҳолатингизда хусусий корхона мулкдори олиши лозим бўлган дивидендлардан бошқа жисмоний шахслар (шу жумладан яқин қариндошлар) учун уларнинг коммунал тўловлари тўлаб берилса, бу тўлов суммалари ушбу шахсларнинг даромадлари ҳисобланади (СК 377-м. 3-б.) ва ушбу суммалар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайдиган даромадлар қаторига киритилган (СК 378-м. 11-б.).
Тўланадиган дивидендларни, мулкдорнинг ихтиёрига қараб, унинг эҳтиёжлари учун учинчи шахсларга ўтказиб бериш (масалан, унинг коммунал хизматлари ёки бошқа харажатлари учун тўлаб бериш) қонун ҳужжатлари томонидан тақиқланмаган. Бундай тарзда ўтказиб бериладиган маблағлар ҳеч қандай солиқларга тортилмайди. Лекин бунда тўлов ҳужжатларини юридик жиҳатдан тўғри расмийлаштириш лозим. Акс ҳолда бундай тўловлар билан боғлиқ айрим муаммолар келиб чиқиш эҳтимоли йўқ эмас. Масалан, хизмат кўрсатувчи банк, солиқ органлари, тўловни қабул қилувчи коммунал хўжалик ташкилотлари муносабатларида тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун дивидендларни аввал мулкдорнинг шахсий пластик картасига ўтказиш, кейин эса исталган мақсадларга сарфлаш мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисоблаймиз.
«Norma» МЧЖ экспертлари.