Norma.uz

Пенсия иши

 

Ушбу нашрда турли-туман мавзулар берилади. Булар стажни автоматик тарзда тасдиқлаш тўғрисида, иш берувчи пенсионерни ишга қабул қилаётганда нималарни билиши лозимлиги ҳақидаги мавзулар. Шунингдек саволларга «Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев томонидан тайёрланган жавоблар берилган.

 

 

Байрам арафасида

 

Уруш фахрийларига – 10 миллион сўмдан

 

Президент Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги Фармонни (30.03.2020 йилдаги ПФ-5977-сон) имзолади.

 

Умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши ва фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланиши арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 млн сўм миқдорида бир йўла пул мукофотлари берилиши белгиланган.

Тўловлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Пул мукофотлари тантанали равишда топширилади.

 

ЎзА материали асосида.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

Пенсия учун 2005 йилдан кейинги стаж автоматик тарзда тасдиқланади

 

Президентнинг 2.03.2020 йилдаги ПФ-5953-сон Фармони билан пенсияни расмийлаштириш учун 2005 йилдан кейин амалга оширилган меҳнат фаолияти бўйича стажни тасдиқлашнинг янги тартиби белгиланган.

 

Эслатиб ўтамиз, шу йилдан бошлаб «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ЯММТ) (31.10.2019 йилдаги ПҚ-4502-сон) жорий этилган. Унда шакллантириладиган меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар фуқароларнинг 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун меҳнат стажларини тасдиқлайди.

Энди 2005 йилдан 2020 йилгача бўлган давр учун стажни тасдиқлашнинг янги тартиби белгиланди. Архив маълумотларини тақдим этмаган ҳолда пенсия тайинлаш учун:

♦ 2005–2016 йиллар даври учун – жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан;

♦ 2016–2018 йиллар даври учун – Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;

♦ 2019 йил учун – фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан фойдаланилади.

Ушбу даврлар учун архив маълумотлари фақат тизимларда зарур маълумотлар мавжуд бўлмаганда ёки фуқаронинг мурожаати асосида талаб қилиниши мумкин. Фуқаро томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириш ҳамда қўшимча архив маълумотларини талаб қилиб олиш зарурати бўлганда, фуқарога пенсия минимал миқдор бўйича сиртдан расмийлаштирилади ва кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилинади.

 

Эътибор беринг!

2005 йилдан олдин амалга оширилган меҳнат фаолияти бўйича стажни тасдиқлаш тартиби илгаригидек, яъни қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси асосида қоладиган кўринади. Агар меҳнат дафтарчаси бўлмаса, унда зарур ёзувлар мавжуд бўлмаса ёки меҳнат даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар бўлса, бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар: маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлар ва иш ҳақи беришга қайдномалар, меҳнат шартномалари (контрактлари), архив маълумотномалари ва бошқалар қабул қилинади.

 

3 ой муддатда:

♦ 2020 йилгача бўлган давр учун маълумотларни йиғиш ва рақамлаштириш мақсадида ЯММТ орқали манфаатдор идораларнинг тизим ва маълумотлар базалари интеграция қилинади;

♦ пенсия тайинлаш ва тўлаш тартиби такомиллаштирилади. Хусусан, пенсия тўловларини автоматик тарзда ҳисоблаш ҳамда фуқаролар ўзларининг пенсиялари тўғрисидаги ахборот билан ҳам шу тарзда танишишлари механизми ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, ҳужжат ўзини ўзи банд қилаётган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият турлари (хизматлар, ишлар) рўйхатини қайта кўриб чиқиш юзасидан топшириқни ўз ичига олган. Шунингдек, фрилансинг (масофадан туриб ишлаш) имкониятларини оммалаштириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 3.03.2020 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Маълумот учун!

Иш СТАЖИНИ тасдиқлашда фақат МЕҲНАТ ДАФТАРЧАЛАРИГА киритилган ва тасдиқловчи ҳужжатлар асосида МАЪЛУМОТНОМАЛАРДА кўрсатилган ишланган даврлар тўғрисидаги МАЪЛУМОТЛАР қабул қилинади.

 

 

Карантин

 

Пенсия етказиб берилади

 

Пенсиялар нақд пулда стерилланган пакетларда уйга етказиб берилади, деб маълум қилади Podrobno.uz мухбири Халқ банки пул муомаласи ва касса операциялари бошқармаси бошлиғи Олтибой Шариповнинг сўзларига ҳавола қилган ҳолда.

 

– Пенсия олиш борасида саволлар юзага келганда, Халқ банкига 1106 қисқа рақами (иш вақти 9.00 дан 18.00 гача), пенсия ҳисоблаш масалалари бўйича – 1140 қисқа рақами орқали мурожаат қилиш мумкин. Пойтахт ҳокимияти матбуот хизмати томонидан О.Шариповнинг сўзларидан иқтибос келтирилади: «Барча пенсионерлардан уйдан чиқмасликларини ва масофавий хизматлардан фойдаланишларини сўраймиз».

Бундан ташқари, Марказий банкдан пенсия ва нафақаларни тўлаш учун олинадиган барча пул маблағлари қўшимча стерилланади.

Фуқаролар уйдан чиқмаслиги учун пенсия ва нафақаларни етказиб бериш мақсадида кўчма кассалар фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу мақсадлар учун қўшимча махсус машиналар ажратилган.

Бунда кўчма кассаларнинг барча ходимлари тиббиёт ҳимоя ниқоблари, қўлқоплар ва антисептик воситалар билан таъминланади.

 

Podrobno.uz АА.

 

 

 

Бизга ёзган экансиз

 

Кўмак олиш ҳуқуқи

 

Турмуш ўртоғим билан 17 йил яшаган бўлсак-да, никоҳимиз рўйхатдан ўтказилмаган. Икки нафар вояга етмаган фарзандимиз бор. Турмуш ўртоғим пенсионер эди.

Боқувчисини йўқотганлик муносабати билан пенсияни расмийлаштириш учун ПЖга мурожаат қилсам бўладими? Шундай қилиш мумкин бўлса, қандай ҳужжатларни тақдим этиш лозим?

 

– Ҳа, мумкин. Вафот этган пенсионернинг оила аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдори вафот этган пенсионер (боқувчи)нинг пенсиясини ҳисоблаш учун қабул қилинган иш ҳақидан ҳисоблаб чиқилади (Низомнинг 96-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

♦ пенсия тайинланаётган шахснинг ёшини тасдиқловчи туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт;

♦ оила аъзосининг вафот этган боқувчи билан қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, у бўлмаган тақдирда – фуқаролик ҳолати далолатномаларидаги ёзувдан кўчирма, ваколатли ташкилотларнинг ёки хорижий давлатлар мансабдор шахсларининг маълумотномаси);

♦ боқувчисининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.

Бундан ташқари, зарур ҳолларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вафот этган боқувчининг қарамоғидаги оила аъзолари таркиби тўғрисидаги маълумотномаси тақдим этилади (252-сон Низомнинг 14-банди).

 

Маълумот учун!

Пенсионер суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлган ДАВРИДА пенсия ТЎЛАНМАЙДИ.

 

 

Танлашга тўғри келади

 

Турмуш ўртоғим – III гуруҳ ногирони (1986 йилда Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этган) ногиронлик пенсиясини олади. Шу йил 60 ёшга тўлади.

Унга бир йўла ёшга доир пенсия ва ногиронлик пенсияси тўланадими?

 

Йўқ. Давлат томонидан тайинланадиган пенсияларнинг бир неча турига ҳақли бўлган фуқароларга, уларнинг ўзлари танлаган битта пенсия тайинланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси).

 

 

Ҳамма учун эмас

 

Ҳеч қаерда ишламайдиган ва ўқимайдиган аёлларга бола туғилганлиги муносабати билан бериладиган нафақа Пенсия жамғармаси томонидан тўланади.

Шу тўғрими?

 

– Мазкур тартиб ҳеч қаерда ишламайдиган ёки ўқимайдиган ота-оналарга татбиқ этилади. Аёлнинг турмуш ўртоғи ишласа ёки ўқиса, у нафақани иш ёки ўқиш жойидан олишга ҳақли.

 

 

 

Стаж мавжуд бўлмаганда

 

Пенсия ёшидаги кекса қўшнимиз бор. У иш стажи умуман йўқлиги сабабли пенсия берилмаса керак деб ўйлаяпти.

Бундай шахслар учун қандайдир ижтимоий тўловлар назарда тутилганми?

 

– Ҳа, бундай тўловлар назарда тутилган. Ёшга доир пенсия тайинланиши учун зарур иш стажига эга бўлмаган эркаклар 65 ёшга тўлгач ёшга доир нафақа тайинланиши учун мурожаат қилишга ҳақлидирлар (ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон қарорига 2-илова).

 

 

 

Ҳужжатлар шахсан ўзига берилади

 

Холам Термизга кўчиб кетяпти. У пенсионер.

У кўчиб кетаётганда Пенсия жамғармаси бўлимидан ҳужжатларини олишга ва янги яшаш жойидаги ПЖга ҳисобга туришга ҳақлими?

 

– Ҳа, ҳақли. Ўзбекистон Республикаси доирасида пенсионернинг яшаш жойи ўзгарган тақдирда, пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди Пенсия жамғармаси бўлимининг сўрови асосида почта орқали жўнатилади ёки пенсионернинг (ишончли вакилнинг) қўлига берилади (252-сон Низомнинг 196-банди).

Бунда пенсионерга (нафақа олувчига) пенсия йиғмажилди билан бирга пенсия (ижтимоий нафақа) тўланган муддат кўрсатилган аттестат ҳам берилади (17.11.2011 йилдаги 2282-сон Йўриқнома).

 

Маълумот учун!

Стаж тўлиқ бўлмаганда пенсия МИҚДОРИ Қонунда белгиланган миқдорлардан КАМ БЎЛМАСЛИГИ ЛОЗИМ.

 

 

 

Судда учрашамиз

 

15 йиллик стажимни ҳисобга олишмади.

Стажимни исботлаш учун судга мурожаат қилишга ҳақлиманми?

 

– Ҳа, ҳақлисиз. Пенсия жамғармаси бўлими томонидан чиқарилган иш стажини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарордан норози бўлинган тақдирда, ушбу масала суд томонидан ҳал этилади (252-сон Низомнинг 82-банди).

 

 

 

Иш ҳақи миқдори қандай аниқланади

 

Ҳозирги пайтда пенсияни ҳисоблаш учун иш ҳақи қандай аниқланади?

 

– Ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади (252-сон Низомнинг 86-банди).

Иш ҳақини гувоҳлар кўрсатмаси асосида аниқлашга йўл қўйилмайди. Лавозим маошлари штат жадвалидан кўчирмалар ва жамоат ташкилотларининг аъзолик билетлари ҳақиқий иш ҳақини тасдиқлайдиган ҳужжат ўрнини боса олмайди. Иш ҳақи тўғрисида архив маълумотлари мавжуд бўлмаганда иш ҳақи миқдорини аниқлаш:

♦ 2005 йилдан кейинги давр учун – жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлар;

♦ 2016 йилдан кейинги давр учун – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотлари;

♦ 2019 йилдан кейинги давр учун – фуқароларнинг иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан келиб чиқиб амалга оширилади (252-сон Низомнинг 85-банди).

Пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган 60 календарь ойдаги иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилган умумий миқдорини 60 га бўлиш йўли билан аниқланади (252-сон Низомнинг 101-банди).

Иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициенти – тегишли ой учун пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақининг айнан шу ой учун энг кам иш ҳақи миқдорига нисбати сифатида аниқланадиган кўрсаткич.

Пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақини иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентларини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 252-сон қарорига 2-илова) иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентларини қўллаган ҳолда пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақини қайта ҳисоблаб чиқиш тартиби батафсил (мисоллар билан) берилган.

 

 

 

Қайтгандан кейин олади

 

Онам – пенсионер. Пенсияни пластик картада олади. Турмуш ўртоғим билан Россияда яшайман. Онам бизникига меҳмонга келган. У Россияга келгач, пенсияси тўхтатиб турилганлигини билди.

Пенсия жамғармаси бўлими шундай қилишга ҳақлими? Онамга ололмай қолган пенсия пули бериладими ва қайси даврлар учун тўланади?

 

– Аввало бу қандай рўй берганини билиш лозим. Қонун ҳужжатларига мувофиқ тижорат банкининг филиали орқали пенсия оладиган пенсионер ҳар 6 ойда пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига келиш йўли билан ўзининг пенсия суммасини олиш ҳуқуқини тасдиқлаши зарур.

Пенсионер белгиланган муддатда Пенсия жамғармаси бўлимига келмаган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари 10 кун мобайнида қуйидаги ҳолатларни аниқлаш учун пенсионер яшайдиган жойга борадилар:

♦ унинг тирик эканлиги;

♦ иш жойлашганлиги;

яшаш жойи ўзгарганлиги ёки чет элга кетганлиги;

♦ жазони ўташ жойларида эканлиги;

♦ кексалар ва ногиронларнинг интернат уйларида (пансионатларда) яшаётганлиги.

Олинадиган пенсияга пенсионернинг ҳуқуқи тасдиқланган тақдирда, пенсияни тўлаш навбатдаги 6 ойга давом эттирилади.

Пенсионернинг ҳуқуқлари тасдиқланмаган тақдирда, пенсияни тўлаш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тегишли органи вакиллари ва қўшнилар иштирокида Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари томонидан тузилган тўланаётган пенсияни тўлашга ва унинг миқдори асосланганлигига таъсир кўрсатувчи ҳолатни тасдиқлайдиган далолатнома асосида тўхтатиб турилади.

Кўрсатиб ўтилган далолатнома асосида Пенсия жамғармаси бўлими пенсияни тўлашни тўхтатиб туриш (тўхтатиш) ёки унинг миқдорини ўзгартириш тўғрисида тегишли қарор қабул қилади (252-сон Низомнинг 158-банди).

Пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги 12 ойдан ошмаган давр учун тўланади.

Пенсия жамғармаси бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмай қолган пенсия пули ўтган давр учун муддати чекланмаган ҳолда тўланади (252-сон Низомнинг ­169-банди).

 

 

 

Умумий асосларда

 

Амаким яқинда пенсияга чиқади. Унинг меҳнат стажи асосан мавсумий ишлар билан боғлиқ. Меҳнат дафтарчасида ёзувлар қайд этилмаган.

Мавсумий ишларда банд бўлган фуқароларга пенсия қандай ҳисоблаб чиқарилади?

 

– Фуқароларнинг барча тоифалари учун пенсия ҳисоблаш тартиби бир хил. Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларга пенсиялар тайинлашда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи бутун меҳнат фаолияти давомидаги исталган даврдаги кетма-кетма 5 та мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танловига кўра) қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдори олинади.

Ўзгартиришлар киритилганидан кейин мавсумий ишларда банд бўлган шахслар пенсия тайинлаш қисмида қолган барча тоифадаги фуқароларга тенглаштирилди.

Ҳозир пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача иш ҳақи, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги 10 йили давомидаги исталган кетма-кет 5 та мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдоридан аниқланади (Қонуннинг 31-моддаси 5-қисми).

 

 

 

Муддатида улгуриш керак

 

Ногиронлик пенсиясини оламан. Яқинда ногиронлик бўйича тиббий кўрикдан ўтишим лозим.

Кўрсатилган вақтда эмас, балки кейинроқ тиббий кўрикдан ўтсам, ушбу давр учун менга пенсия тўланадими ёки йўқми?

 

– Тайинланган муддатда қайта тиббий кўрикдан ўтиш учун ТМЭКга узрли сабабларсиз (ногиронлик муддати тугаган кундан 1 ой муддат мобайнида) келмасангиз, пенсия тўлаш тўхтатиб турилади. Яна ногирон деб эътироф этилсангиз, тўхтатиб турилган кундан бошлаб тикланади. Қолган ҳолатларда пенсия мурожаат қилинган санадан бошлаб тўланади.

Узрли сабабга кўра қайта тиббий кўрикдан ўтиш муддати ўтказиб юборилган тақдирда, пенсияни тўлаш тўлов тўхтатиб турилган кундан бошлаб қайта текшириш кунигача, бироқ агар ТМЭК бу даврда ногирон деб эътироф этса 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга амалга оширилади. Бунда қайта текшириш чоғида ногиронликнинг бошқа гуруҳига (юқорироқ ёки пастроқ гуруҳга) ўтказилган бўлса, у ҳолда кўрсатиб ўтилган вақт учун пенсия олдинги гуруҳ бўйича тўланади.

Умумий касаллик оқибатида меҳнат лаёқатини йўқотган ногиронга пенсия тўлаш меҳнат лаёқати тикланганлиги туфайли тўхтатилган бўлса ёки узрли сабабларсиз қайта тиббий кўрикдан ўтишга келмаганлиги оқибатида тўхтатиб турилган бўлса, у ҳолда кейинчалик у ногирон деб эътироф этилган тақдирда илгари тайинланган пенсияни тўлаш, агар пенсия тўлаш тўхтатилгандан кейин 5 йилдан кўп бўлмаган вақт ўтган бўлса ногиронлик янгидан белгиланган кундан бошлаб тикланади. 5 йилдан кўп вақт ўтган бўлса, пенсия яна умумий асосларда тикланади (252-сон Низомнинг 173-банди).

 

Маълумот учун!

Пенсиянинг бир туридан бошқасига ўтказиш тўғрисидаги АРИЗА Пенсия жамғармаси томонидан 10 КУНЛИК МУДДАТДА кўриб чиқилиши ЛОЗИМ.

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Буни билган яхши

 

Иш берувчиларнинг мажбуриятлари

 

1. Пенсионерни ишга қабул қилганда

Ташкилот раҳбарлари пенсионер ишга қабул қилинганлиги (у билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилганлиги) ҳақида пенсионерга пенсия тайинлаган унинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармасининг тегишли туман (шаҳар) бўлимини 5 кун ичида хабардор қилиши ва ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани (фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома нусхасини) тақдим этиши шарт.

Ишлайдиган пенсионерларга пенсия ўз вақтида ва тўғри тўланиши, шунингдек пенсионер ишга қабул қилинганлиги ёки у билан тузилган шартнома бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар тўғри тақдим этилганлиги учун жавобгарлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкилот раҳбарига юклатилади.

 

2. Меҳнатда майиб бўлганлик ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида тайинланган ногиронлик пенсиясини тўлаш харажатларини қоплаш

Корхона ва ташкилотлар томонидан, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклидан қатъи назар, меҳнатга ҳақ тўлаш учун мўлжалланган маблағлар ҳисобидан ҳар ойда (10-санага қадар) корхона айби билан меҳнатда майиб бўлганлик ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида тайинланган ногиронлик пенсияларини тўлаш харажатларини қоплаш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўлов киритилади.

 

3. «Давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси «б»–«ж» бандларига мувофиқ пенсияларни тўлаш харажатларини қоплаш

Корхона ва ташкилотлар томонидан, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклидан қатъи назар, меҳнатга ҳақ тўлаш учун мўлжалланган маблағлар ҳисобидан Қонуннинг «б»-«ж» бандларига мувофиқ тайинланган пенсия тўловлари харажатларини қоплаш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўлов киритилади.

 

4. Ишсиз мақомига эга бўлган шахсларга муддатидан олдин пенсия тўлаш харажатларини қоплаш

Республикадаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш жамғармаси органлари томонидан ҳар ойда (10-санага қадар) муддатидан олдин тайинланган пенсияларни тўлаш харажатларини қоплаш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига маблағлар ўтказилади. Ушбу ажратмалар ишсизлар пенсия ёшига етгунига қадар ўтказилади.

 

Маълумот учун!

Пенсионернинг ҳаётидаги ўзгаришлар (ишга жойлашганлиги, оила аъзолари таркиби ўзгарганлиги, тўлиқ давлат таъминотига ўтганлиги ва бошқалар) ҳақида Пенсия жамғармаси бўлими ўз вақтида хабардор қилинмаганлиги туфайли НОҚОНУНИЙ олинган пенсия миқдори пенсионер ёки унинг қонуний вакили (ота-онаси), шунингдек ишончли вакили (пенсионер вафот этганлиги далили қасддан яширилган тақдирда) томонидан ҚАЙТАРИЛИШИ ЛОЗИМ.

 

 

Сўнгсўз ўрнида

 

Ўзингизни синаб кўринг

 

Газетамизнинг қанчалик зийрак ўқувчиси эканлигингизни текшириб кўрадиган вақт келди. Мабодо ниманидир эслолмай қолсангиз, хижолат бўлманг. «Норма маслаҳатчи»ни очиб, билимларингизни такрорлаб олишга доимо имкон бор. Омад ёр бўлсин!

 

1. Болалигидан ногирон фарзандни тарбиялаётган аёл неча ёшдан пенсияга чиқиши мумкин?

а   45 ёшдан. 20 йиллик иш стажи мавжуд бўлганда.

б   54 ёшдан. 15 йиллик иш стажи мавжуд бўлганда.

в   50 ёшдан. Бунда иш стажи камида 20 йилни ташкил этиши лозим.

 

2. Қайси даврлар махсус стажга қўшилади?

а   Фақат зарарли ва оғир меҳнат шароитларида ишланган даврлар.

б   Зарарли ва оғир меҳнат шароитларида ишланган даврлар, шунингдек малака ошириш курсларида ўқиш вақти.

в   Зарарли ва оғир меҳнат шароитларида ишланган даврлар, шунингдек ишлаб чиқариш амалиётини ўташ ёки ўқиш вақти.

 

3. Пенсия жамғармаси бўлимидан ШЖБПҲдан тўловларни олишга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш зарурми?

а   Ҳа, зарур.

б   Йўқ, ПЖ инспекторининг ШЖБПҲ дафтарчасидаги ёзувининг ўзи кифоя.

в   Йўқ, зарур эмас.

 

4. Фуқаролиги бўлмаган шахс пенсия таъминотига ҳақлими?

а   Йўқ, ҳақли эмас.

б   Ҳа, ҳақли.

в   Фақат нафақа олишга ҳақли.

 

5. Пенсионер вафот этгани туфайли олинмай қолиб кетган пенсияни қандай вақт мобайнида олиш мумкин?

а   60 кундан кечиктирмай.

б   12 ой мобайнида.

в   Пенсионер вафот этган ойдан кейинги ойда.

 

6. Байналмилалчи жангчилар учун компенсация тўловларининг миқдори қанча?

а   БҲМнинг 100%и.

б   Пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 45%и.

в   БҲМнинг 75%.

 

Тўғри жавоблар:

 1в, 2а, 3в, 4б, 5а, 6б.

 

Натижалар

 

Ҳар бир тўғри жавоб учун – 1 балл.

 

Сизнинг натижангиз:

6 балл – аъло даражали натижа. Сиз пенсия таъминоти масалаларини яхши тушунасиз.

3-5 балл – кўп нарсани билар экансиз. Билимларингиз янада юқори бўлиши учун «Норма маслаҳатчи»ни ўқинг ва ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлардан доимо бохабар бўлиб туринг.

3 ва ундан кам балл – афсус, сиз жуда кам билимга эгасиз. Эсдан чиқарманг, билим – куч демак. Билимларингиз айниқса пенсия ёшида сизга асқотиб қолади. «Норма маслаҳатчи» билан бирга бўлишга ҳаракат қилинг, шунда яхши натижани қўлга киритасиз.

Диққат! Ушбу саволларга батафсил жавоблар «Норма маслаҳатчи» газетасининг 21.01.2020 йилдаги 3, 25.02.2020 йилдаги 8, 17.03.2020 йилдаги 11-сонларида чоп этилган.

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

 

Прочитано: 714 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика