Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 09 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Дарахтлар кесилишига мораторий қандай амалга оширилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 18.02.2020 йилдаги 93-сон қарори билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

 

Ҳукумат давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг 78 номдан иборат рўйхатини тасдиқлади ҳамда улар кесилишига мораторийни амалга ошириш тартибини белгилади.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 30.10.2019 йилдаги ПФ-5863-сон Фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача мораторий жорий этилган.

Қабул қилинган қарорда белгиланишича, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесиш бўйича қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

♦ давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аризаларни қабул қилишга;

♦ ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан дарахтлар ва буталарни кесиш учун хулосалар беришга;

♦ туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан дарахтлар ва буталарни кесиш учун рухсатномалар расмийлаштирилишига.

Адлия вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ушбу талабларни бажаришга доир чора-тадбирлар қабул қилинади.

Ҳужжатда белгиланишича, давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда қимматбаҳо навлардан ташқари дарахтлар ва буталар навларини ҳамда табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдирувчи дарахтлар ва буталарни санитар кесиш ва қирқишга Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги қарорлари асосида рухсатнома берилади:

«Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги (31.03.2018 йилдаги 255-сон);

♦ «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги (17.01.2019 йилдаги 43-сон).

Бунда «Обод маҳалла» ва «Обод қишлоқ» давлат дастурлари лойиҳалари асосида ҳудудларни ободонлаштириш ишларида санитария жиҳатидан кесиш ва қирқиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга риоя қилинган ҳолда, фақат туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари томонидан амалга оширилади. Объектларни қуриш ва қуришни лойиҳалаштириш учун ер майдонларини танлаш ва ажратиш босқичида расмийлаштириладиган ҳужжатларда, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларида, шунингдек электрон онлайн-аукцион натижалари баённомаларида ер участкасида ўсаётган дарахтлар сони, уларнинг аниқ координаталари, навлари, диаметри, баландлиги кўрсатилиши шарт, шунингдек уларни сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш чоралари ва талаблари кўрсатилиши лозим.

Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда қурилиш майдонида ўсаётган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навлари тўлиқ сақлаб қолиниши ёки кўчириб ўтказилиши таъминланиши шарт, дарахтлар ва буталар бошқа навларининг камида 50%и сақлаб қолиниши ёки кўчириб ўтказилиши ёхуд уларнинг ўрнига 10 тадан кам бўлмаган дарахтлар компенсация сифатида экиб берилиши керак.

2020 йил 1 мартдан бошлаб қурилиш, қайта таъмирлаш, қайта тиклаш, капитал таъмирлаш, қурилиш объектларини ободонлаштириш, бузиш бўйича лойиҳа ҳужжатларида, шунингдек қурилиш объектларини фойдаланишга қабул қилишда мажбурий тартибда ўсимлик дунёси объектларига ва уларнинг ўсиш муҳитига салбий таъсир кўрсатишнинг олдини олишни таъминлайдиган, уларни бундай таъсирдан ҳимоя қиладиган чоралар, компенсация тадбирлари ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича қоида ва меъёрларга риоя этилиши назарда тутилади. Ушбу меъёрларни жорий этиш Қурилиш вазирлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси зиммасига юкланган.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Фанлар академияси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2 ой муддатда иқлим ва бошқа шароитлардан келиб чиқиб, аҳоли пунктларида экишга тавсия этиладиган манзарали дарахт навлари рўйхатини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши лозим.

Шунингдек давлат ўрмон фондидан ташқари ерларда дарахт ва буталарни кўчириб ўтказиш тартиби ҳамда компенсация тадбирларини амалга ошириш шартлари бузилганлиги, давлат ўрмон фондидан ташқари ерларда дарахт ва буталар ноқонуний кесилганлиги, шунингдек ноқонуний кесилган дарахтлар ва буталар ташилиши ва қабул қилиниши учун жиноий жавобгарликни кучайтириш бўйича таклифлар киритилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.02.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Анвар Иркаходжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Ташқи реклама бозорида қандай ўзгаришлар кутилмоқда

 

Вазирлар Маҳкамасининг 20.02.2020 йилдаги 104-сон қарори билан реклама фаолияти соҳасига оид талаблар белгиланди ва ушбу соҳага тааллуқли низомлар тасдиқланди.

 

Мазкур қарор кучга киргунига қадар қонун ҳужжатларига мувофиқ ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш учун тузилган шартномалар, берилган паспортлар, гувоҳномалар, сертификатлар, рухсатномалар ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатларнинг амал қилиши қуйидагича узайтирилади:

♦ ер участкаларидаги ташқи реклама объектлари (конструкциялари) учун – 10 йил муддатга;

♦ давлат мулки бўлган бино ва иншоотлардаги объектлар учун – 5 йил муддатга.

Уларга давлат хизматлари марказлари орқали реклама жойлари паспортлари берилади. Видео экранли объектлар учун муддат қўшимча равишда 10 йилга узайтирилади.

Муддат белгиланган бир марталик йиғимни тўлаш шарти билан узайтирилади ҳамда ушбу маблағлар бир йил давомида ҳар ой тенг тақсимланган ҳолда туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетига ўтказилади. Видео экранли объектлар учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган йиғимларни тўлаш чоғида 0,5 коэффициент қўлланилади. Миллий байрамлар, хорижий давлатлар раҳбарларининг давлат ташрифлари ва бошқа давлат тадбирларига оид ахборот ташқи реклама объектларида (конструкцияларида) жойлаштирилганда, ойлик йиғим миқдори тегишли ҳокимлик қарорига биноан жойлаштирилган кунларга мутаносиб равишда камайтирилади.

Қалбакилаштирилган ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда ташқи реклама объектларига ­(конструкцияларига) ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлар, шунингдек ваколатли органнинг рухсатисиз ўрнатилган бундай объектлар бўйича ҳужжатларнинг муддатини узайтиришга рухсат берилмайди.

Қонуний равишда ўрнатилган барча ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) мазкур қарор талабларига мослаштириш учун 6 ой муддат берилади. Ушбу муддатда белгиланган талабларга мослаштирилмаган реклама объектлари (конструкциялари) уларнинг эгалари томонидан ихтиёрий равишда ўз кучи билан олиб ташланади (демонтаж қилинади) ҳамда ер майдони тартибга келтирилади. Акс ҳолда қурилмалар суд тартибида маҳаллий ҳокимлик томонидан демонтаж қилинади ва барча харажатлар объект эгаларидан ундирилади.

Битта реклама жойида бир нечта ташқи реклама объектлари қурилганлиги ва улар турли тадбиркорлик субъектларига тегишли эканлиги аниқланган тақдирда, қайта аукцион ўтказиш орқали ушбу жойда фақат битта ташқи реклама объектини қуриш ҳуқуқи берилади.

2020 йил 1 мартдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги 702-сон қарорига мувофиқ реклама соҳасида амалга ошириши лозим бўлган фаолияти бўйича ишчи органи сифатида Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси тузилмасидаги «Архитектура-режалаштириш бюроси» белгиланади. Унга қуйидаги вазифалар юкланади:

♦ ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш учун бериладиган ер участкаларини аниқлаб, уларнинг рўйхатини шакллантириш;

♦ ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) тизимли мониторинг қилиш, уларни ноқонуний жойлаштириш ҳолатларини аниқлаш ва тегишли чора кўриш учун ваколатли органга таклифлар киритиш.

Бунда Тошкентда ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи («E-IJRO AUKSION» орқали) фақат юқори технологияли ташқи реклама объектларига (конструкцияларига) берилади. 2020 йил 31 декабрга қадар биринчи даражали марказий қатнов кўчаларида ҳамда 2021 йил 31 декабрга қадар иккинчи даражали марказий қатнов кўчаларида жойлаштирилган ташқи реклама объектлари юқори технологияли қурилмаларга босқичма-босқич ўзгартирилади. Биринчи даражали марказий қатнов кўчаларида фақат видео экранли ва иккинчи даражали марказий қатнов кўчаларида аралаш турдаги юқори технологияли ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 1 ой муддатда биринчи даражали ва иккинчи даражали марказий қатнов кўчалари рўйхатини тасдиқлаши лозим. Ушбу муддатда белгиланган талабларга мослаштирилмаган реклама объектлари (конструкциялари) уларнинг эгалари томонидан ихтиёрий равишда ўз кучи билан олиб ташланади (демонтаж қилинади) ҳамда ер майдони тартибга келтирилади ёхуд бу ишлар суд тартибида тегишли ҳокимлик томонидан амалга оширилади ва барча харажатлар объект эгаларидан ундирилади.

Шаҳар (туман) ҳокимликлари олдига ташқи рекламани жойлаштириш соҳасида тегишли вазифалар қўйилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Бош прокуратура, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, ИИВ, Маданият вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташқи реклама объектларини хатловдан ўтказиш ҳамда қарорда кўрсатилган масалаларни ҳал этиш учун ҳар бир туман (шаҳар) бўйича махсус ишчи гуруҳлар тузилади.

Қурилиш вазирлиги маҳаллий ҳокимликлар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Ташқи реклама объектларининг (конструкцияларининг) ягона электрон реестрини шакллантиради ва ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

♦ Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш тартиби тўғрисидаги низом;

♦ Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш учун бериладиган ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом;

♦ Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда қуриш ҳуқуқини электрон аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги низом;

♦ Ўрнатилган ташқи реклама объектлари (конструкциялари) учун тўловлар миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом;

♦ Ташқи реклама объектлари (конструкциялари) хавфсизлигининг умумий техник регламенти.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.02.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Анвар Иркаходжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

 

Ипотека: қарз олувчилар ва банкларга қандай талаблар қўйилади

 

Молия вазирлиги ва Марказий банк томонидан Аҳолига кўп квартирали уйлардаги квартираларни сотиб олиш учун бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари ажратиш концепцияси тасдиқланди.

 

У Президентнинг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5886-сон Фармони ижроси юзасидан ишлаб чиқилди.

Ҳужжат билан қарз олувчилар-жисмоний шахслар ва ипотека кредитларини беришда қатнашувчи тижорат банкларига талаблар белгиланди.

1. Қуйидаги талабларга тўғри келадиган жисмоний шахслар ипотека кредити олиш учун потенциал мурожаат қилувчилар бўлиши мумкин:

♦ ипотека кредити кредит олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган ва 50 ёшдан ошмаган Ўзбекистон фуқароси;

♦ ипотека кредити бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда қайтариш имкониятига эга бўлган доимий иш жойига, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан доимий даромадга эга бўлиши;

♦ қарз олувчининг барча кредитлари ва микроқарзлари (жумладан олинадиган ипотека кредити) бўйича ўртача ойлик тўловлари, яъни қарз юки кўрсаткичи миқдорининг қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг тасдиқланган ўртача ойлик даромадига нисбати 70%дан юқори бўлмаслиги;

♦ ипотека кредити ажратиш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш вақтида кредит ташкилотларидан аввал олган кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги.

2. Тижорат банкларига қўйиладиган талаблар:

♦ янги тартиб доирасида ипотека кредитларини ажратиш юзасидан аниқ белгиланган ички тартибни ишлаб чиқиш;

♦ «Fitch Ratings» ёки «Standard & Poor’s» халқаро рейтинг агентликларининг «В» даражасидан ёки «Moody’s Investors Service» рейтинг агентлигининг «В2» рейтингидан паст бўлмаган даражада узоқ муддатли кредит рейтингига эга бўлиши;

♦ охирги уч йиллик молиявий ҳисоботларига аудиторлик ташкилотининг ижобий хулосаси мавжудлиги;

♦ давлат бюджети маблағлари, шу жумладан Молия вазирлиги томонидан янги тартибга мувофиқ жойлаштирилган молиявий ресурслар бўйича муддати ўтган қарздорлиги бўлмаслиги;

♦ МБ томонидан ўрнатилган пруденциал нормативлар бузилганлиги сабабли унга нисбатан амалдаги чора ва санкциялари мавжуд бўлмаслиги;

♦ 500 млрд сўмдан кам бўлмаган регулятив капиталига эга бўлиши.

 

norma.uz

 

Прочитано: 789 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика