Солиқ даври – календарь йил мобайнида солиқ тўловчилар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича бўнак тўловларини тўлашади (Солиқ кодексининг 448-моддаси 1-қисми).
Бу норма қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
● қишлоқ хўжалиги корхоналари;
● фаолиятини ДМ орқали амалга ошираётган норезидентлар бўлган юридик шахслар;
● деҳқон хўжаликлари.
Солиқ даври учун бўнак тўловлар суммаси солиқ ҳисоботида кўрсатилган тўланиши лозим бўлган солиқ суммасига нисбатан 10%дан ортиқ миқдорга камайтирилган тақдирда, солиқ органи бўнак тўловларни солиқнинг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб, қайтадан ҳисоб-китоб қилади ва пеня ҳисоблайди (Солиқ кодексининг 448-моддаси 6-қисми).
Маълумотнома тақдим этиш муддатлари
Солиқ тўловчилар сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш жойидаги солиқ органларига қуйидаги муддатларда жорий солиқ даври учун солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани тақдим этади (Солиқ кодексининг 448-моддаси 2-қисми):
● янги ташкил этилганлари – давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан 30 кундан кечиктирмай;
● солиқ бўйича мажбуриятлари солиқ даври ичида юзага келган солиқ тўловчилар – солиқ мажбурияти юзага келган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай;
● қолганлари – жорий солиқ даврининг 20 январигача (Солиқ кодексининг 5-моддаси 8-қисми).
Солиқ даври давомида мўлжалланаётган солиқ базаси ўзгарганда, сиз солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақлисиз. Бунда солиқ даврининг қолган қисми учун бўнак тўловларга солиқнинг ўзгарган суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади (Солиқ кодексининг 448-моддаси 4-қисми).
Тўлов муддатлари
Бўнак тўловлар (Солиқ кодексининг 448-моддаси 3-қисми):
● солиқ даврида солиқ суммаси 200 БҲМдан кўпроқни ташкил этадиган юридик шахслар томонидан,бундан айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар мустасно – ҳар ойнинг 20-санасидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида;
● солиқ даврида солиқ суммаси 200 БҲМдан камроқни ташкил этадиган, айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар бўлмаган юридик шахслар, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан – ҳар чорак учинчи ойининг 20-санасидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида тўланади.
2020 йилнинг январь ойида 200 БҲМ 44 600 000 сўмга (223 000 х 200) тенг.
Маълумотнома шакли
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг 2020 йил учун мўлжалланаётган суммаси тўғрисидаги маълумотнома 2019 йилда амалда бўлган шаклда тақдим этилади (МВ ва ДСҚнинг 30.12.2019 йилдаги 06/04-01-32/3953-сон ва 12-37999-сон ахборот хати).
Солиқ ҳисоботларини қабул қилиш тизимида (my.soliq.uz) 2020 йил учун тавсия қилинган шакллар жойлаштирилган, ундан ўзингизга тўғри келадиган шаклни танлаб олишингиз лозим.
Маълумотнома учун маълумотлар
Бўнак тўловлар мўлжалланаётган солиқ базасидан (фойдаланиладиган сув ҳажмидан) ва белгиланган солиқ ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади (Солиқ кодексининг 448-моддаси 2-қисми).
Маълумотномани тўлдириш учун қуйидаги кўрсаткичлар ҳисобланиши лозим:
1. Солиқ солиниши лозим бўлган сувдан фойдаланишнинг тахмин қилинаётган ҳажми (куб метрда).
Бу кўрсаткични ташкилотингизнинг техник мутахассислари қуйидагилардан келиб чиқиб ҳисоблаб беришга ёрдам берадилар:
● 2020 йил учун режалаштирилган ишлаб чиқариш ҳажми, сув ресурслари харажати меъёрлари;
● жорий эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда олдинги йиллардаги сувдан фойдаланиш ҳажмлари.
Ҳисоб-китобларга солиқ солиш объекти бўлмаган қуйидаги сув ресурсларини киритманг:
1) нотижорат ташкилотлар томонидан нотижорат фаолиятни амалга ошириш доирасида фойдаланиладиган сув ресурслари;
2) соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан даволаш мақсадида фойдаланиладиган ер ости минерал сувлари, бундан савдо тармоғида реализация қилиш учун фойдаланилган сув ҳажми мустасно;
3) атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олиш мақсадида чиқариб олинган ер ости сувлари, бундан ишлаб чиқариш ва техник эҳтиёжлар учун фойдаланилган сув ҳажми мустасно;
4) шахтадан сувларни қочириш учун, фойдали қазилмаларни қазиб олиш пайтида чиқариб олинган ва қатламдаги босимни сақлаб туриш учун ер қаърига қайта қуйиладиган ер ости сувлари, бундан ишлаб чиқариш ва техник эҳтиёжлар учун фойдаланилган сув ҳажми мустасно;
5) гидроэлектростанциялар гидравлик турбиналарининг ҳаракати учун фойдаланиладиган сув ресурслари;
6) иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари томонидан қайта қуйиладиган сув ресурслари;
7) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган шўрланган ерларни ювиш учун фойдаланиладиган, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли соҳасидаги ваколатли орган томонидан тасдиқланган шўрларни ювиш нормалари доирасидаги сув ресурслари (Солиқ кодексининг 442-моддаси 2-қисми).
Ҳажми
Ер усти ва ер ости манбаларидан олинган сув ҳажмини сув ўлчагич асбоблар кўрсаткичлари асосида аниқланг (Солиқ кодексининг 444-моддаси 1-қисми).
Агар сизнинг корхонангизда ўрнатилган сув ўлчагич асбоблари ер усти ва ер ости манбаларидан олинган сув ҳисобини алоҳида юритиш имконини берса, тахмин қилинаётган фойдаланиш ҳажмини манбаларнинг иккала тури бўйича алоҳида аниқланг.
Сув ўлчагич асбоблар бўлмаса, сувдан фойдаланишнинг тахмин қилинаётган ҳажмини сув объектларидан сув олиш лимитларидан, сувни истеъмол қилишнинг технологик ва санитария нормаларидан, экинлар ҳамда яшил дарахтзорларни суғориш нормаларидан ёки бошқа усуллардан келиб чиққан ҳолда аниқланг (Солиқ кодексининг 444-моддаси 2-қисми).
Солиқ базаси
Агар сиз сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларидан сув келадиган водопровод тармоғидаги сувдан фойдалансангиз, солиқ базасини сув ҳажмлари нисбатидан келиб чиқиб аниқланг.
Сув етказиб беришни амалга оширувчи юридик шахслар ҳар бир календарь йил учун нисбатни солиқ органларига жорий солиқ даврининг 15 январига қадар тақдим этади. Ўз навбатида солиқ органлари уч кун ичида ушбу маълумотларни солиқ тўловчилар эътиборига етказади (Солиқ кодексининг 444-моддаси 3-қисми).
Биноларнинг бир қисми ёки алоҳида иншоотлар ижарага берилганда солиқ базаси сув етказиб беришни амалга оширувчи юридик шахс билан шартнома тузган ижарага берувчи томонидан аниқланади. Агар сиз биноларнинг бир қисмини ёки алоҳида иншоотларни ижарага олган ва сув етказиб беришни амалга оширувчилар билан ўзингиз шартнома тузган бўлсангиз, солиқ базасини мустақил равишда аниқланг (Солиқ кодексининг 444-моддаси 5, 6-қисмлари). Яъни биноларнинг бир қисми ёки алоҳида иншоотлар ижарага олинган ҳолатда солиқни сув етказиб беришни амалга оширувчи билан шартнома тузган солиқ тўловчи тўлайди.
Алкоголли маҳсулот ва алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқариш ва бошқа мақсадлар учун фойдаланилган сувнинг ҳажми ишлаб чиқарувчи юридик шахслар учун солиқ базаси ҳисобланади. Алкоголли маҳсулот ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган сув ҳажми деганда истеъмол идишидаги тайёр маҳсулотга тўғри келадиган сувнинг ҳажми тушунилади (Солиқ кодексининг 444-моддаси 12-қисми).
2. Водопровод сувидан фойдаланишнинг тахмин қилинаётган ҳажми
Агар сиз водопровод тармоғидаги сувдан фойдалансангиз, сувдан фойдаланишнинг тахмин қилинаётган ҳажмини ер усти ва ер ости манбалари нисбатидан келиб чиқиб аниқланг, бу ҳақдаги ахборотни сув етказиб беришни амалга оширувчи ташкилотлар тақдим этади.
Хусусан, Тошкент шаҳар «Сувсоз» ДУК 2020 йил учун водопровод сувидаги ер усти ва ер ости сувларининг фоизли нисбатини маълум қилди:
● ер усти сувлари – 90,1%;
● ер ости сувлари – 9,9%.
МИСОЛ. Ер усти ва ер ости сувлари нисбатидан келиб чиқиб сувдан фойдаланишнинг тахмин қилинаётган ҳажмини аниқлаш
Корхона Тошкент шаҳрида жойлашган. 2020 йилда сувдан фойдаланишнинг тахмин қилинаётган ҳажми – 1 200 куб м. Сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбалари нисбатидан келиб чиққан ҳолда солиқ базаси:
● ер усти сувлари – 1 081,2 куб м (1 200 х 90,1%)ни;
● ер ости сувлари – 118,8 куб м (1 200 х 9,9%)ни ташкил этади.
3. Корхонангиз фаолият соҳасидан келиб чиққан ҳолда солиқ ставкалари.
Белгиланган лимитлар доирасида ер усти ва ер ости манбалари учун солиқ ставкалари бир куб метр учун мутлақ миқдорда белгиланади. Солиқ ставкалари миқдори Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун билан белгиланади (Солиқ кодексининг 445-моддаси 1-қисми).
2020 йил учун солиқ ставкалари «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга (9.12.2019 йилдаги ЎРҚ-589-сон) 11-иловада билан тасдиқланган:
СУВ РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНГАНЛИК УЧУН СОЛИҚ СТАВКАЛАРИ
Т/р
|
Тўловчилар
|
1 куб метр учун ставка (сўм)
|
|
Ер усти сув ресурслари манбалари
|
Ер ости сув ресурслари манбалари
|
||
1
|
Иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги корхоналар (2-6-бандларда назарда тутилганлар бундан мустасно), деҳқон хўжаликлари (юридик ва жисмоний шахслар), шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида сув ресурсларидан фойдаланадиган жисмоний шахслар
|
140
|
170
|
2
|
Cаноат корхоналари (3-6-бандларда назарда тутилганлар бундан мустасно)
|
410
|
490
|
3
|
Автотранспорт воситаларини ювишга ихтисослашган корхоналар
|
1 380
|
1 730
|
4
|
Электр станциялари
|
35
|
60
|
5
|
Коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари
|
70
|
90
|
6
|
Пиво ва винодан ташқари алкоголь маҳсулот ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар:
|
|
|
|
пиво ва винодан ташқари алкоголь маҳсулотлар ва алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича
|
21 900
|
21 900
|
|
бошқа мақсадларда
|
410
|
490
|
Қуйидагиларда солиқ белгиланган солиқ ставкаларининг 5 баравари миқдорида тўланади:
● сувдан фойдаланиш учун белгиланган лимитлардан ортиқча сув олинганда (Солиқ кодексининг 445-моддаси 2-қисми);
● бундай ортиқча қисм бўйича сув ресурсларидан рухсат берувчи ҳужжатларсиз фойдаланилганда (Солиқ кодексининг 445-моддаси 3-қисми);
● автотранспорт воситаларини ювишни амалга оширувчи корхоналар томонидан ер усти манбаларидан олинган сувдан фойдаланилганда (Солиқ кодексининг 445-моддаси 3-қисми).
МИСОЛ. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича бўнак тўловлари ҳисоб-китоби
Тошкент шаҳрида жойлашган, айланмадан олинадиган солиқни тўловчи бўлмаган ишлаб чиқарувчи корхона 2020 йил учун сувдан фойдаланишнинг тахмин қилинаётган ҳажмини аниқлади: 15 600 куб м водопровод суви ва 20 300 куб м қудуқдан ер ости суви. Сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбалари нисбатидан келиб чиққан ҳолда водопровод суви бўйича мўлжалланаётган солиқ базаси:
● ер усти сувлари – 14 055,6 куб м (15 600 х 90,1%)ни;
● ер ости сувлари – 1 544,4 куб м (15 600 х 9,9%)ни ташкил этади.
Саноат корхоналари учун 2020 йил учун солиқнинг қуйидаги ставкалари белгиланган:
● ер усти сувлари – 1 куб м учун 410 сўм;
● ер ости сувлари – 1 куб м учун 490 сўм.
2020 йил учун солиқнинг мўлжалланаётган суммаси 16 466 552 сўмни ташкил этади, шу жумладан:
● ер усти сувлари учун – 5 762 796 сўм (14 055,6 х 410);
● ер ости сувлари учун – 10 703 756 сўм ((1 544,4 + 20 300) х 490).
16 466 552 сўм миқдордаги солиқ суммаси 200 БҲМ (44 600 000 сўм)дан кам, шу боис бўнак тўловлар ҳар чорак учинчи ойининг 20 санасидан кечиктирмай тўланиши керак. Яъни биринчи тўлов – 2020 йилнинг 20 мартидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми (16 466 552 : 4 = 4 116 638 сўм) миқдорида тўланади.
Олег ЦОЙ,
«Norma» МЧЖ эксперти.