Ходимни ўзининг асосий мажбуриятларидан озод қилмаган ҳолда вакант лавозимга вақтинча ўтказиш мумкинми?
– Асосий мажбуриятларидан озод қилмаган ҳолда:
1) ходимни унинг розилигига кўра ўзининг асосий ишидан ташқари, вакант лавозим бўйича қўшимча мажбуриятларни бажаришга жалб этиш мумкин. Бунда мансаб маошига қўшимча ҳақ тўланади (МКнинг 160-моддаси). Бундай иш асосий иш билан бир вақтда бажарилади ва меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритишни талаб қилмайди. Қўшимча тўловнинг миқдорини белгилаган ҳолда қўшимча мажбуриятлар юкланиши тўғрисидаги буйруқни чиқаришнинг ўзи кифоя;
2) қўшимча мажбуриятларни асосий иш вақтидан бўшаган пайтларда бажарган тақдирда, ходим билан ўриндошлик бўйича ишлаш тўғрисида иккинчи меҳнат шартномасини тузиш мумкин. Унда шартноманинг турини кўрсатиш зарур (ўриндошлик бўйича) (МКнинг 160-моддаси; Низомнинг 5-банди, ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарорига 1-илова), ставка миқдорини (меҳнатга ҳақ тўлаш), иш вақти режимини белгилаш керак. Бу ҳолда ходимга иккинчи табель рақами берилади. Табель 2 лавозим бўйича алоҳида-алоҳида юритилади: асосий иш ва ўриндошлик бўйича.
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.