Ўтган йилнинг охирги кунларида Тошкент турар жой кўчмас мулкини бошқариш соҳасидаги Беларусия, Германия, Литва, Украина, Эстониядан ташриф буюрган экспертларнинг мулоқот қилиш марказига айланди.
Ўзбекистон пойтахтида «Турар жойни профессионал бошқаришга ўтиш – кўп квартирали уй-жой фондини модернизация қилишга тайёргарлик» халқаро конференцияси ўтказилди. Бу нуфузли форум Pro House лойиҳасининг якуний босқичи бўлди.
«Шарқий Европада уй-жой хўжалиги» ташаббуси» (IWO), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги кўмагида Ўзбекистон уй-жой фондининг профессионал бошқарувчилари ва хизмат кўрсатувчилари ташкилотлари уюшмаси конференциянинг ташкилотчилари бўлди. Иштирокчиларга қарата табрик сўзи билан Элчи, ЕИнинг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс мурожаат қилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистонда амалга оширилган лойиҳа доирасида 3 йил давомида турар жой мутахассислари турар жой кўчмас мулкини профессионал бошқаришнинг янги тажриба, билим, ғоя ва малакаларига эга бўлишди, натижа ва ютуқлар билан ўртоқлашишди. Ҳамкорлар давр ўртага ташлаган масалаларга биргаликда жавоблар қидиришди, уларни ҳал этиш йўлларини излашди. Бу янгиликлар уй-жой соҳасини ислоҳ қилиш, кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш йўлида дадил қадамларни ташлаётган ҳар икки давлат учун ўта муҳим аҳамиятга эга эди.
Конференцияда ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати бир қатор янги қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига тузатишлар киритилиши бўлганлиги таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистонда «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қабул қилинди, уни ишлаб чиқишда турар жой кўчмас мулкини бошқаришда Германия тажрибаси ўрганилган. Қонунда кўп квартирали уйларни бошқаришнинг 3 та усули белгиланади: бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан; юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот томонидан ёки жисмоний шахс (бошқарувчи) томонидан шартнома асосида; уй-жой мулкдорларининг ширкати томонидан. Ҳужжат кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича қарорлар қабул қилишда мулкдорлар имкониятини кенгайтирмоқда, бу борада профессионалликка устуворлик беради, янги қурилишларни бошқариш билан боғлиқ бир қатор нормаларни киритади, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини мулкдорларга мажбурий ҳужжатли бириктириб қўйиш ва ҳоказоларни белгиламоқда. Ҳуқуқий эксперимент сифатида Қонун Жиззах, Марғилон шаҳарларида ва Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида апробациядан ўтади ҳамда 2020 йилнинг 1 августида кучга киради. Янги уй-жой қонун ҳужжатини тайёрлашда Pro House лойиҳасининг ҳамкори ҳисобланган Ўзбекистон уй-жой фондининг профессионал бошқарувчилари ва хизмат кўрсатувчилари ташкилотлари уюшмаси ҳам фаол иштирок этган.
Жорий йилда Қозоғистон ҳам кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришнинг янги ўзанларига ўтишга тараддуд кўраётир. «Қозоғистон Республикасининг уй-жой коммунал хўжалиги масалаларига доир айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҚР парламентида муҳокама қилинмоқда. Лойиҳада бошқарувнинг янги формати – мол-мулк мулкдорларининг бирлашмаларини (ММБ) жорий этишни назарда тутади. Унга кўра, ҳар бир уйнинг ўз алоҳида ҳисоб-китоб счёти бўлади. Ҳар бир уй мулкдорларининг маблағлари қўшни уйга эмас, фақат тегишли уй учун сарфланадиган бўлади. Уйларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни ММБ билан шартнома асосида профессионал ташкилотлар амалга оширади. Ишни бу форматда ташкил этиш мулкдорлар бирлашмаларининг фаолияти ва улар маблағлари сарфланишида шаффофликни таъминлайди, уйнинг умумий мол-мулкини бошқаришда иштирок этиш имкониятларини кенгайтиради, турар жой хизматлари бозорининг ривожланишига ёрдам беради. Уй-жой қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ишида Pro House лойиҳасининг қозоғистонлик ҳамкорлари қатнашганлар.
Ўзбекистонда бир уйлик ширкатлар аллақачон урфга айланиб бўлган ва кўплаб мулкдорлар уларга катта умид боғламоқдалар. Бир уйдан иборат ХУМШдан ташқари, бизда кичик, оптимал ва йирик ҳамжамиятлар ишлаб турибди. Ширкатларга бирлашган уйларнинг миқдори тўғрисидаги қарор мулкдорлар умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.
Pro House лойиҳаси раҳбари Лариса Шреккенбах конференцияда лойиҳа якунларининг ажойиб сарҳисобини келтирди. 3 йил давомида бир қатор тадбирлар ўтказилган: семинарлар, конференциялар, давра суҳбати муҳокамалари, кўчмас мулк бошқарувчилари ва бошқа манфаатдор шахслар учун ўқув ва таништирув сафарлари бўлиб ўтди. Уй-жой фондини бошқариш, унинг энергия сарфиёти самарадорлигини ошириш бўйича халқаро тажриба, кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, сиёсатчилар билан музокаралар ўтказиш, қонунчилик жараёнларига таъсир ўтказиш йўл-йўриқлари бўйича билимларга эга бўлиш энг қимматли бойликка айланди. Ўзбекистонликлар кўп квартирали уйларнинг энергия сарфини тежашга доир Германия тажрибасини пухта ўрганиб, кейин бу тажрибадан айримларини мамлакатимизда татбиқ этиш ҳадисини олдилар. Немис экспертлари ўзбекистонлик уй-жой соҳаси мутасаддилари ва манфаатдор идораларнинг мутахассисларига ушбу масаланинг техник жиҳатларини тақдим этдилар.
Шубҳа йўқки, лойиҳада иштирок этиш ўзбекистонликларга уй-жой фондини модернизация қилиш ёндашувларини тушуниб етишга, қулай ва обод яшаш маконларини ташкил этиш билан шуғулланаётган барча манфаатдор томонлар, шу жумладан, сиёсатчилар, шаҳар қурилиши мутасаддилари, бошқарувчилар уюшмаси, оддий одамлар билан ҳамкорлик қилиш муҳимлигини тушунишга имкон берди.
Pro House лойиҳасининг Тошкентда ўтказилган якуний босқичи ўз анъаналарига содиқ қолди – бунда ҳам янги тажрибалар, ғоялар, уй-жой соҳаси мутахассисларининг янги билимлар хазинасига саёҳати тадбир руҳини белгилаб берди. Конференцияда Ўзбекистон ва Қозоғистондаги турар жойларни бошқаришни профессионаллаштириш сиёсати, кўчмас мулкни профессионал бошқаришда бошқарувчилар уюшмаларининг роли, кўп квартирали уйларнинг энергетик санациясининг Берлиндаги тажрибаси, кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлашнинг Литва дастури, Украина энергия сарфининг самарадорлиги ва бошқа масалалар бўйича маърузалар тингланди.
Ирина Гребенюк,
махсус мухбиримиз.