Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 23 / Бухгалтерга тавсиялар

Ўртача иш ҳақи: қачон ва қандай тўланади

 

Меҳнат кодексида ходимга ўртача иш ҳақини ёки ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланадиган даромадни тўлаш мажбурияти иш берувчининг зиммасига юклатиладиган бир қатор ҳолатлар назарда тутилган.

 

Кафолатли тўловларни, барча турдаги таътил пулини, мажбурий прогул, касаллик учун ҳақ тўлаш ва бошқа ҳолларда ходимга тўланиши лозим бўлган ўртача иш ҳақини ҳисоблаш чоғида қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилинг:

● Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартиби (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова);

● Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган);

● Йиллик меҳнат таътили вақтида сақланиб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 17.03.2018 йилда 2985-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Ушбу НҲҲнинг талаблари бюджет ташкилотлари ходимларига нисбатан қўлланилиши мажбурий ҳисобланади, ҳарбий хизматчилар бундан мустасно. Бюджет ташкилотлари ҳисобланмаган ташкилотларнинг ходимлари учун Йўриқноманинг талаблари тавсиявий хусусиятга эга.

Тижорат корхоналарининг локал ҳужжатларида қонунлардагига нисбатан қўшимча, имтиёзлироқ тўлов шартлари белгиланиши мумкин (МКнинг 4, 37, 52, 153-моддалари).

 

Таътил пули

Таътил бериш тартиби МКнинг VIII-боби 2-«Таътиллар» параграфи ва XIV-боби 3-«Ишни таълим билан бирга қўшиб олиб бораётган шахслар учун имтиёзлар» параграфида белгиланган.

Таътиллар вақтига ҳақ тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақини 133-сон Тартибнинг 1-бандига мувофиқ ҳисобланг.

Ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда уларни:

● биринчи йил ишловчиларга – 1/12 га;

● 6 ой тўлиқ ишлаганларга – 1/6 га;

● 7 ой тўлиқ ишлаганларга – 1/7 га ва ҳ.к.;

● ўрта махсус ва ҳунар-техника ўқув юртлари ўқитувчилари учун – ҳисоблаш даврида тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган суммани 1/10 га оширган ҳолда ҳисоблаб чиқаринг.

Тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошадиган тўловларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради.

2985-сон Йўриқноманинг 3-бандида ҳам назарда тутилишича, ўртача иш ҳақи миқдорини ҳисоблаб чиқишда қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари (давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадаллар) ҳисобланган барча тўловлар ҳисобга олинади.

2019 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бекор қилинди, бироқ ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартибига ўзгартиришлар киритилмади.

Ушбу норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар ўртача иш ҳақини ҳисоблашда ягона ижтимоий тўловнинг солиқ солиш объектига кирадиган барча тўловларни (Солиқ кодексининг 306-моддаси) ҳисобга олиш зарур деб ўйлаймиз, улар Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардир.

 

МИСОЛ. Таътиллар жадвалига кўра ходим 2019 йил 15 апрелдан бошлаб 24 иш кунидан иборат бўлган (15 кунлик асосий ва 9 кунлик қўшимча таътил) меҳнат таътилига чиқади. Апрелда ходимнинг лавозим маоши – 3 000 000 сўм. Ходим 2018 йил 2 июлдан буён компанияда ишлайди.

2018 йил июлдан 2019 йил мартгача бўлган даврда белгиланган лавозим маошига қўшимча равишда қуйидагилар ҳисобланган:

озиқ-овқат учун компенсация – 2 300 000 сўм;

давлат байрамларига атаб берилган мукофотлар – 4 000 000 сўм;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун моддий ёрдам – 2 000 000 сўм.

Таътил пули миқдорини ҳисоблаш зарур.

2018 йил 2 июлдан 2019 йил 31 мартгача ходим 9 ой ишлаганлиги сабабли лавозим маошига лавозим маошидан ошган тўловларнинг 1/9 қисмини қўшиш лозим.

Бизнинг ҳолатда таътил пулини ҳисоблашда инобатга олинадиган тўловларга озиқ-овқат учун компенсация ва байрам саналарига атаб берилган мукофотлар киради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун моддий ёрдам меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киритилмайдиган ва, тегишинча, ЯИТ солинмайдиган жисмоний шахснинг бошқа даромадларига киради (Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-банди).

Таътил пулини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи (ҳисоблаб чиқариш кунидаги лавозим маоши + лавозим маошидан ошган тўловларнинг 1/9 қисми) 3 700 000 сўмга (3 000 000 + (2 300 000 + 4 000 000) / 9) тенг бўлади.

Ўртача кунлик иш ҳақи 145 669,29 сўмни (3 700 000 / 25,4) ташкил этади.

24 кунлик таътил учун 3 496 062,96 сўм (145 669,29 х 24) таътил пули ҳисоблаш лозим.

 

Эътибор беринг!

17.03.2018 йилдан бошлаб бюджет ташкилотлари таътил пулини тўлаш учун ўртача кунлик иш ҳақини ҳисоблаш чоғида иш кунларининг ўртача ойлик сонини ҳар йили тасдиқланадиган иш вақти календари бўйича аниқлайдилар (2985-сон Йўриқноманинг 18-банди). 2019 йилда бу сон 25,25 кунга (303 / 12) тенг. Қолган корхоналар аввалги тартибни қўллашлари, яъни уни 25,4 кундан келиб чиқиб ҳисоблашлари мумкин, сабаби 2985-сон Йўриқнома улар учун тавсиявий хусусиятга эга.

 

ВАЗИЯТ.

2019 йил ноябрда ходимга меҳнат таътили берадилар. Шу йилнинг январида у таътилдан фойдаланиб бўлган, ўшанда ҳисобланган таътил пули тарифдан ошган (лавозим маошидан ошадиган) тўловларга киритилган.

Ноябрда таътил пулини ҳисоблаш чоғида январда – «жорий» таътил пулини ҳисоблашдан олдинги 12 ойлик ҳисоблаш даврига кирадиган ойда меҳнат таътили бўйича ҳисобланган таътил пули суммаси инобатга олинадими?

Ходимларга йиллик меҳнат таътилини беришда тўланадиган таътил пули меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги харажатларга киради ва уларга ЯИТ солинади (Солиқ кодексининг 143-моддаси 7-банди, 306, 307-моддалари). Тегишинча, «жорий» таътил пулини ҳисоблашдан олдинги ҳисоблаш даврида тўланган «аввалги» таътил пули (тариф қисмини чегирган ҳолда) тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошадиган тўловлар таркибида ҳисобга олинади.

 

МИСОЛ. 2019 йил январда ходимга 15 иш кунидан иборат бўлган таътил берилган. Ўша ойда таътил пулини ҳисоблаб чиқиш кунида ҳисоблаш даврида лавозим маошидан ошган тўловларнинг суммаси 2 400 000 сўмни ташкил этган.

2019 йил 1 ноябрдан унга яна 12 иш кунидан иборат бўлган таътил берилган. Таътил пулини ҳисоблаш кунидаги лавозим маоши – 4 000 000 сўм. Ҳисоблаш даврида (2018 йил ноябрь–2019 йил октябрь) лавозим маошидан ошган тўловлар 6 000 000 сўмни (мукофотлар – 2 400 000 сўм, озиқ-овқат учун компенсация – 3 600 000 сўм) ташкил этган.

Ноябрь ойи учун таътил пулини ҳисоблаш чоғида, мукофотлар ва озиқ-овқат учун компенсациядан ташқари, январь ойи учун таътил пули ҳисоб-китоб кунида белгиланган тариф қисмидан (лавозим маошидан) ошадиган суммада ҳисобга олиниши керак.

Январь ойи учун таътил пулини ҳисоблаш чоғида маошдан ошадиган тўловларнинг 1/12 қисми 200 000 сўмни (2 400 000 / 12) ташкил этган. Бинобарин, лавозим маошидан ошган таътил пули суммаси 118 110,24 сўмга (200 000 / 25,4 х 15) тенг.

Ноябрь ойидаги таътил пулини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 4 509 842,52 сўмни (4 000 000 + (6 000 000 + 118 110,24) / 12) ташкил этади.

Ноябрь ойи учун таътил пули – 2 130 634,26 сўм (4 509 842,52 / 25,4 х 12).

 

Баъзан корхоналарда ходимни меҳнат таътилидан чақириб олишга тўғри келади. Таътилга чиқиш пайтида таътил пули суммаси тўлиқ ҳисобланади. Таътилдан чақириб олганда ходим таътилнинг барча кунларидан фойдаланмаган, аввал унга ортиқча таътил пули тўланган бўлиб чиқади.  

Таътил пулининг бир қисмини иш ҳақидан ушлаб қолиш керакми?

Таътилдан чақириб олинган ходимга биринчи иш кунидан иш ҳақи ҳисобланиши керак. Таътилнинг қолган қисми бошқа вақтга кўчирилганда таътилнинг кўчирилган кунларига тўғри келадиган, тўланган ўртача иш ҳақи суммасини иш ҳақидан ушлаб қолмай, балки иш ҳақи ҳисобига берилган аванс сифатида инобатга олиш мумкин.

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация тўланиши керак бўлса, уларнинг миқдори таътил пулини ҳисоблашда бўлганидек аниқланади.

 

Ишдан бўшатиш нафақаси

Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.

Ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақини 133-сон Тартибнинг 1-бандига мувофиқ ҳисобланг.

Меҳнат шартномаси бекор қилинган қуйидаги ҳолларда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади (МКнинг 109-моддаси):

● иш берувчининг ташаббуси билан, ходим ўзининг меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабабли шартноманинг бекор қилиниши бундан мустасно;

● тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга биноан – ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган ёки шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда (МКнинг ­106-моддаси 1, 2-бандлари);

● меҳнат шартномаси ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан бекор қилинганда, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса (МКнинг 106-моддаси 4-банди). Ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар ходимнинг айби билан бузилган ҳолларда (суднинг муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақидаги ҳукмини яшириш, сохта ҳужжатлар тақдим этиш ва ҳ.к.) ишдан бўшатиш нафақаси тўланмайди;

● ходим янги меҳнат шартлари асосида ишни давом эттиришни рад этганлиги сабабли (МКнинг 89-моддаси 4-қисми).

 

Ўқиш даврида

Олий таълим тизимида ўқиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш даври учун ўртача ойлик иш ҳақини 133-сон Тартибнинг 1-бандига мувофиқ ҳисобланг.

 

МИСОЛ. 2019 йил 8 апрелда ходим 12 иш кунига малака оширишга юборилди. Апрелда ходимнинг маоши – 3 000 000 сўм. 2018 йил апрелдан 2019 йил мартгача ишлаш даврида ҳисоблаш даврида тариф қисмидан (лавозим маошидан) ошган тўловлар суммаси 4 800 000 сўмни ташкил этган.

Апрель учун ходимга қанча сумма ҳисоблаш зарур?

Ходим малака ошириш курсларида бўлган вақтда унга ўртача иш ҳақи тўланиши керак.

Ўртача иш ҳақи 1 606 299,21 сўмни ((3 000 000 + 4 800 000 / 12) / 25,4 х 12) ташкил этади.

Апрель ойида ходим 26 куннинг 14 кунида ишлади. Бу вақт учун унга 1 615 384,62 сўм (3 000 000 / 26 х 14) иш ҳақи ҳисобланди.

Апрель ойи учун ҳисобланган умумий сумма 3 221 683,83 сўмни (1 606 299,21 + 1 615 384,62) ташкил этади.

 

Касаллик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш варақалари бўйича тўловлар ҳисоб-китобини (нафақалар ҳисоблашни) Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (133-сон Тартибнинг 4-банди; 1136-сон Низом) мувофиқ амалга оширинг.

Ушбу нафақаларни барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқаринг. Уларни ҳисоблашда асос қилиб олинадиган ҳақиқий иш ҳақига иш жойидан, суғурта бадаллари ундирилиб тўланадиган жами иш ҳақи тўловлари киради.

2019 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бекор қилинди, бироқ нафақаларни ҳисоблаш тартибига ўзгартиришлар киритилмади.

Тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар нафақаларни ҳисоблашда ЯИТнинг солиқ солиш объектига кирадиган барча тўловларни (Солиқ кодексининг 306-моддаси) ҳисобга олиш зарур деб ўйлаймиз, улар Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардир.

Нафақаларни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинадиган иш ҳақининг барча турлари, шу жумладан, тегишли ойда иш ҳақи билан биргаликда тўланадиган ойлик мукофотлар уларнинг ҳақиқатда олинган вақти бўйича эмас, балки улар ҳисоблаб ёзилган вақт бўйича иш ҳақига қўшилади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик таътили бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олган ва суғурта бадаллари чегирилган барча мукофотларнинг 1/12 қисми нафақа ҳисоблаб чиқариладиган ойлик иш ҳақига қўшилиб, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори аниқланади.

Нафақа миқдорлари ходимларнинг иш стажининг давомийлигига ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликларнинг турларига қараб фарқланади. Бунда айрим тоифадаги шахсларга нафақалар иш стажидан қатъи назар иш ҳақининг тўлиқ миқдорида тайинланади.

Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар бўйича ҳисобда турмайдиган ходим қуйидаги миқдорларда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини олиши лозим:

● умумий иш стажи 8 йилгача бўлганда – иш ҳақининг 60%и миқдорида;

● умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлганда, шунингдек 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимлар – иш ҳақининг 80%и миқдорида.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа барча ҳолларда белгиланган энг кам иш ҳақидан кам бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақидан юқори бўлмаслиги лозим.

 

МИСОЛ. 2019 йил 1–8 апрелда ходим касал бўлган, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси бор. Унда бемор 9.04.2019 йилдан ишга тушиши мумкинлиги кўрсатилган. Ходимнинг умумий иш стажи – 6 йил.

Ходимнинг маоши – 2 000 000 сўм. Олдинги 12 ойда жисмоний шахсларнинг ЯИТ солинадиган, тариф қисмидан ошган даромадлари суммаси 2 400 000 сўмни ташкил этган.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қандай ҳисобланади?

Нафақани ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 2019 йил апрель ойида 2 200 000 сўмни (2 000 000 + 2 400 000 / 12) ташкил этган.

Ўртача кунлик иш ҳақи ҳисоб-китоб ойидаги иш кунлари сонидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Апрель ойида 5 кунлик иш ҳафтасида ўртача кунлик иш ҳақи 100 000 сўмни (2 200 000 / 22 кун) ташкил этган.

Нафақа суммаси ўртача кунлик иш ҳақини вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврига тўғри келадиган иш кунлари сонига кўпайтириб, 60%га кўпайтириб аниқланади, сабаби ходимнинг умумий стажи 8 йилдан кам. Нафақа 360 000 сўмни (100 000 х 6 х 60%) ташкил этади.

 

Бошқа ҳоллар 

Бошқа барча ҳолларда ўртача ойлик иш ҳақини кейинги 2 календарь ойидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланг (133-сон Тартибнинг 5-банди).

 

МИСОЛ. Январь ойи учун ходимга ҳисобланган иш ҳақи – 3 000 000 сўм, февраль ойи учун – 3 400 000 сўм.

Ўртача ойлик иш ҳақини март ойида тўлаш лозим бўлса, у қандай аниқланади?

Март ойида тўланадиган ўртача ойлик иш ҳақи 3 200 000 сўмни ((3 000 000 + 3 400 000) / 2) ташкил этади.

 

Қуйида санаб ўтилган барча ҳолларда ўртача ойлик иш ҳақи худди шу тартибда ҳисоблаб чиқарилади.

 

1. Меҳнат шартномасини алоҳида асосларга кўра бекор қилиш (МКнинг 67-моддаси)

Меҳнат шартномаси:

● ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли (МКнинг 89-моддаси 4-қисми);

● технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги (МКнинг 100-моддаси 2-қисми ­1-банди) сабабли;

● ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 2-банди);

● шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга қайта тикланиши сабабли (МКнинг 106-моддаси 2-банди);

● корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 6-банди) бекор қилинган ҳолларда иш қидириш даврида, бироқ 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади.

Агар ушбу ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 10 календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтсалар, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан 3-ой учун ҳам олдинги иш жойларидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

2. Иш берувчининг ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказиш (МКнинг 95-моддаси)

Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши муносабати билан ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим соғлиғига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас.

Ходим вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврда унга бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади.

Бошқа ишга ўтказиш муддатининг чегараси, меҳнатга тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдорлари, шунингдек ишлаб чиқариш зарурияти деб ҳисобланадиган ҳолатлар жамоа шартномасида кўрсатилади, агар у тузилмаган бўлса, – иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

 

МИСОЛ. Ишлаб чиқариш зарурияти муносабати билан 1 апрелдан бошлаб корхона юрисконсульти бўш турган кадрлар бўйича инспектор лавозимига ўтказилди. Бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги буйруқда ходимга аввалги лавозимидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланиши қайд этилган.

Февраль ойида юрисконсультга 3 000 000 сўм, март ойида 3 500 000 сўм иш ҳақи ҳисобланган. Кадрлар бўйича инспекторнинг апрель ойидаги маоши – 2 500 000 сўм. Ходим 1–30 апрелда янги лавозимда ишлаган.

Ушбу ходимнинг апрель ойидаги иш ҳақини ҳисоблаймиз.

Аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи 3 250 000 сўмни ((3 000 000 + 3 500 000) / 2) ташкил этган. Кадрлар бўйича инспекторнинг маоши юрисконсультнинг иш ҳақидан кам эканлиги сабабли кам ҳақ тўланадиган лавозимда апрель ва ундан кейин тўлиқ ишланган ойлар учун ходимнинг 3 250 000 сўм миқдоридаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолади. 

 

3. Яроқсиз маҳсулот тайёрланганда ва бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўлаш
(МКнинг 159-моддаси)

Ходимнинг айбисиз яроқсиз маҳсулот тайёрланганда ва бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Ходимнинг айби билан тайёрланган қисман яроқсиз маҳсулот учун камайтирилган ишбай баҳолар бўйича ҳақ тўланади, бундай баҳолар жамоа шартномасида белгилаб қўйилади, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

Ходимнинг айби билан тайёрланган тўлиқ яроқсиз маҳсулот ва бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўланмайди.

 

МИСОЛ. Созловчи механикка февраль ойи учун 3 000 000 сўм, март ойи учун 3 200 000 сўм иш ҳақи ҳисобланган. Апрель ойидаги маош – 3 400 000 сўм. Апрель ойи 22 иш кунидан иборат, уларнинг 17 кунида ишланган, 5 кунида эса ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган.

Аввалги 2 ойдаги ўртача ойлик иш ҳақи 3 100 000 сўмни ((3 000 000 + 3 200 000) / 2) ташкил этади. Апрель ойида бекор туриб қолинган кунлар учун тўлов 704 545,45 сўмга (3 100 000 / 22 х 5) тенг.

Апрель ойи учун 3 331 818,18 сўм (3 400 000 / 22 х 17 + 704 545,45) иш ҳақи ҳисобланади.

 

4. Ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажариши (МКнинг 165-моддаси)

Ходим давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётган вақтида иш берувчи уни иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда ишдан озод қилиши шарт. Уларга қуйидагилар киради:

● сайлов ҳуқуқини амалга ошириш;

● депутатлик вазифаларини бажариш;

● тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси ишида иштирок этиш;

● ҳарбий бурчни бажариш;

● терговга қадар текширувни амалга оширувчи органга, суриштирувчи, терговчи, прокурор ҳузурига ёки судга гувоҳ, жабрланувчи, эксперт, мутахассис, таржимон, холис тариқасида чақирилганда;

● суд мажлисларида халқ маслаҳатчиси, жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси, жамоат бирлашмалари ва меҳнат жамоаларининг вакили сифатида иштирок этиш;

● қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар.

Ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажариши, шунингдек уларнинг жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилиши билан боғлиқ кафолатли тўловларни тўлаш махсус Тартиб (ВМнинг 133-сон қарорига 5-илова) билан белгиланган.

 

МИСОЛ. 2019 йил 1–5 апрелда ходим суд мажлисига халқ маслаҳатчиси сифатида жалб этилди. У давлат вазифаларини бажариш учун 5 иш кунини сарфлади.

Жадвалга кўра 2019 йил апрель 22 иш кунидан иборат. Апрель ойидаги маош – 2 500 000 сўм.

2019 йил апрелда иш ҳақи қандай ҳисобланади?

1–5 апрель учун тўловни ҳисоблаш мақсадида давлат вазифалари бажарилган ойдан аввалги 2 ой – 2019 йил февраль ва март ойларидаги ўртача ойлик иш ҳақи аниқланади. Ходимга февраль ойида 2 500 000 сўм, март ойида 3 000 000 сўм миқдорида меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган.

Ўртача ойлик иш ҳақи 2 750 000 сўмга ((2 500 000 + 3 000 000) / 2) тенг.

5 кунлик иш ҳақи 625 000 сўмни (2 750 000 / 22 х 5) ташкил этади.

Ходим жадвал бўйича апрель ойидаги 22 куннинг 17 иш кунида ишлаб берган. Бу кунлар учун унга 1 931 818,18 сўм (2 500 000 / 22 х 17) ҳисобланган.

Апрель учун умумий ҳисобланган сумма – 2 556 818,18 сўм (625 000 + 1 931 818,18).

 

5. Иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш (МКнинг 166-моддаси)

 

Иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш мақсадида, масалан, малака ошириш, рационализаторлик таклифларини жорий этиш ишида қатнашиш, хизмат сафарида бўлиш, тиббий кўрикдан ўтиш ва бошқа ҳолларда ходим ишдан озод этилиши мумкин.

Ишдан озод этиш шартлари ва ана шу давр учун тўланадиган кафолатли тўловлар миқдори жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади, лекин бу тўлов миқдори ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак.

Мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимларга, уларнинг ишга яроқлилигини аниқлаш мақсадида стационар тиббий муассасаларда текширувдан ўтадиган даври учун, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган кафолатлар берилади.

Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби махсус Низомда (АВ томонидан 29.08.2012 йилда ­2387-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.

 

6. Ходимнинг жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилиши (МКнинг 167-моддаси)

Ходим жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилганда (авариялар, табиий офатларнинг оқибатларини тугатиш, инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва бошқа ҳолларда) ана шу даврда унинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади.

Тиббий текширувдан ўтадиган куни ва қуйиш учун қон топширадиган куни ходимларга соғлиқни сақлаш муассасаларига боришларига иш берувчи монеликсиз рухсат бериши шарт.

Донорлик қилувчи ходимларга ҳар сафар қуйиш учун қон топширган куннинг албатта эртасига дам олиш учун бир кун берилади. Ходимнинг хоҳишига кўра бу кун таътилга қўшиб берилади. Текширувдан ўтадиган ва қуйиш учун қон топширадиган куни ишдан озод этилган давр учун, шунингдек дам олиш кунлари ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

 

7. Соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказиш (МКнинг 218-моддаси)

Соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказишга муҳтож ходимларни иш берувчи, уларнинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламай, ана шундай ишларга ўтказиши шарт.

Соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилганда шундай ишга ўтказилган кунидан бошлаб 2 ҳафта мобайнида ходимларнинг аввалги ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

 

8. Ходимнинг ўз ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солаётган ишни бажаришни рад этиши
(МКнинг 219-моддаси)

 

Ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўради.

Агар зарур чоралар кўрилмаса, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақлидир. Ана шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

 

9. Ҳомиладор аёлларни енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказиш (МКнинг 226-моддаси)

Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади.

Ҳомиладор аёлга енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунга қадар, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим.

 

10. Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказиш (МКнинг 227-моддаси)

2 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, боласи 2 ёшга тўлгунга қадар аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади.

 

11. Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар (МКнинг 236-моддаси)

2 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар 3 соатда бир марта ҳар бири 30 минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. 2 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида 1 соат қилиб белгиланади.

Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади.

 

12. Меҳнатга доир айрим ишлар бўйича қарорларни дарҳол ижро этиш (МКнинг 273-моддаси)

Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганда уни ишга тиклаш, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари таърифини ўзгартириш тўғрисида суд чиқарган ҳал қилув қарори ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимни аввалги ишига тиклаш ҳақида меҳнат низоларини кўрувчи орган чиқарган қарор дарҳол ижро этилиши лозим.

Иш берувчи томонидан бундай қарорнинг ижроси кечиктирилган тақдирда, ижро кечиктирилган барча вақт учун ходимга ўртача иш ҳақи тўланади ёки иш ҳақидаги фарқ тўлиқ миқдорда тўланади.

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини ошириш

Қуйидаги даврларда:

● ходим меҳнат таътилида бўлиш;

● давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш;

● 2 ойгача бўлган муддатда иш қидириш, меҳнат бўйича маҳаллий орган томонидан берилган маълумотномага мувофиқ эса – 3 ой;

● касаллик даврида тариф ставкалари (лавозим маошлари) миқдорлари ошган ҳолларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларидаги ташкилотларнинг ишлаган кунларига тўғри келган иш кунларининг амалдаги сони учун тўловларни қайта ҳисобланг (133-сон Тартибнинг 6-банди).

 

МИСОЛ. 2019 йил 8 апрелдан 4 майгача ходимга 24 иш кунидан иборат бўлган меҳнат таътили берилган. Апрель ойидаги маоши – 2 000 000 сўм. 2018 йил апрель–2019 йил март ойларидаги давр учун тарифдан ошган тўловларнинг суммаси 2 400 000 сўмни ташкил этган.

2019 йил 1 майдан ходимнинг маоши 2 500 000 сўмгача оширилганини ҳисобга олган ҳолда ходимнинг таътил пули қандай қайта ҳисобланади?

Дастлаб таътил пули қуйидаги тарзда ҳисобланган. Таътил пулини ҳисоблаш учун ўртача кунлик иш ҳақи – 86 614,17 сўм ((2 000 000 + 2 400 000 / 12) / 25,4). Таътил пули – 2 078 740,08 сўм (86 614,17 х 24).

1 майдан бошлаб ходимнинг лавозим маоши оширилганлиги боис янги шартларда ишлаган вақт учун, у 4 иш кунини ташкил этади (6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиққанда), таътил пулини қайта ҳисоблаш лозим.

Маошнинг янги миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланган ўртача кунлик иш ҳақи 106 299,21 сўмни ((2 500 000 + 2 400 000 / 12) / 25,4) ташкил этади.

Май ойидаги таътилнинг 4 куни учун 78 740,16 сўм ((106 299,21 – 86 614,17) х 4) қўшимча ҳисобланиши керак.

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 1367 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика