Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 23 / Божхона

Экспорт назорати: мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими

 

Бугунги глобаллашув жараёнларида жаҳон бозорлари муттасил интеграциялашиб бормоқда. Экспорт-импорт операциялари мисли кўрилмаган миқёсда ривожланмоқдаки, савдо-сотиқ каттаю-кичик мамлакатлар манфаатларини бирлаштирмоқда.

 

Ана шу жараёнларда экспорт назорати масаласи ўз-ўзидан долзарблик касб этади. Яъни, экспорт назорати объектларининг ноқонуний айлануви олдини олиш ҳамда аниқланган ҳолатлар бўйича чегарадош давлатларнинг божхона хизматлари ўртасида тезкор маълумотлар алмашинуви бўйича ўзаро ҳамкорлик муҳим эканлигини, чегара божхона постларини янги замонавий техник-назорат воситалари билан таъминлаш ҳамда экспортни назорат қилиш тизимини такомиллашитиришда ядро, кимёвий, биологик қуроллар ва уларни етказиб бериш воситаларини тарқатиш хавфини минималлаштириш кун тартибидаги масаладир.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган кундан бошлаб Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга, минтақавий хавфсизликнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этишга эътиборини қаратиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисида»ги, «Ядро синовларини ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисида»ги, «Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни яратиш тўғрисида»ги муҳим халқаро шартномаларга қўшилиши ва бошқа чора-тадбирлар минтақанинг ядро қуролидан холи ҳудудга айлантирилиши, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса бўлиб қўшилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон бу соҳадаги бир қатор халқаро шартномаларнинг иштирокчисига айланди, хусусан: Бактериологик (биологик) ва токсинли қуролларни яратишни, ишлаб чиқаришни ва ғамлаб қўйишни тақиқлаш ҳамда уларни йўқ қилиш тўғрисидаги Конвенция (1996 йил); Кимёвий қуролларни яратишни, ишлаб чиқаришни ва ғамлаб қўйишни тақиқлаш ҳамда уларни йўқ қилиш тўғрисидаги Конвенция (1995 йил); Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (1992 йил); БМТ Хавфсизлик Кенгашининг давлатга қарашли бўлмаган субъектларнинг оммавий қирғин қуроллари ва уларни етказиб бериш воситаларини олишининг олдини олиш, шунингдек уларнинг ноқонуний айланишига барҳам бериш тўғрисидаги 1540-сон резолюцияси (2004 йил).

Ўзбекистоннинг мазкур халқаро шартномалардаги иштироки республикамизда тўлақонли экспорт назорати тизимини ишлаб чиқишни тақозо қилади.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, миллий қонунчилигимизда ҳам экспорт назорати тизимини яратиш ва уни тартибга солишга хизмат қилувчи бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги, «Радиациявий хавфсизлик тўғрисида»ги, «Экспорт назорати тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ионлаштирувчи нурланиш манбалари айланишини давлат томонидан ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини ташкил этиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (3.04.2009 йилдаги 98-сон) қабул қилинди.

Қайд этиш лозимки, экспорт назорати тизими ҳақидаги тушунчалар илк бор «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонунда ўз аксини топган. Ҳужжатнинг қабул қилиниши билан экспорт назоратини амалга ошириш орқали республикамиз хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимизнинг ялпи қирғин қуроли ва бошқа турдаги қурол-яроғларни тарқатмаслик соҳасидаги халқаро мажбуриятлари белгилаб берилди.

Бир сўз билан айтганда, Қонун экспорт назорати тизимининг барча механизм ва тартиб-таомилларини ўзида мужассам этган ҳужжат бўлди.

Аксарият саноати ривожланган давлатларда мавжуд бўлган замонавий экспорт назорати тизими «ишлаб чиқарувчи ва экспортчилар томонидан юқори техник даражадаги товар ҳамда технологиялар билан ташқи иқтисодий оперцияларни амалга оширишда охирги фойдаланувчи улардан фақат белгиланган мақсадларда фойдаланиши мумкинлиги ва назорат остидаги давлатларга реэкспорт қилмаслик» принципи асосида тузилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, экспорт назорати тизимининг мақсади – ялпи қирғин қуроллари ва бошқа турдаги қуроллар, шунингдек бир қатор товар ва технологияларни назорат қилиш орқали уларнинг ноқонуний тарқатилишининг (ишлаб чиқарилишининг) олдини олишни англатади.

 

Шу ўринда айтишимиз лозимки, Ўзбекистон Республикасида экспорт назорати тизими самарадорлигини янада ошириш ҳамда экспорт назоратига тушувчи экспорт, импорт ва транзит товарларнинг республика божхона ҳудуди орқали ноқонуний ҳаракати олдини олиш мақсадида, фикримизча, қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади:

халқаро ўтказиш пунктларини янги замонавий техник-назорат воситалари билан таъминланишини такомиллаштириш;

экспорт назорати объектлари ноқонуний айланувининг олдини олиш ҳамда аниқланган ҳолатлар бўйича чегарадош давлатларнинг божхона хизматлари ўртасида тезкор маълумотлар алмашинуви бўйича ўзаро ҳамкорликни ва бу борада кўп томонлама халқаро шартномалар имзоланишини йўлга қўйиш;

Ўзбекистон Республикасида экспорт назорати объектларига кирувчи ва икки мақсадда фойдаланиладиган товарларнинг аниқ рўйхатларини ваколатли органлар томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини тезлаштириш.

 

А.ЎРИНБОЕВ,

Божхона институти Махсус фанлар кафедраси бошлиғи, божхона хизмати майори,

Ш.ЛУТФУЛЛАЕВ,

Божхона институти катта ўқитувчиси, божхона хизмати подполковниги.

Прочитано: 774 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика