Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 23 / Божхона

АКТ билан қуролланиб...

божхона органларида жорий этилган интерактив хизматлар тадбиркорлар манфаатига хизмат қилмоқда

 

ДБҚда бўлиб ўтган матбуот анжуманида бугунги кунда божхона хизмати органлари қай турдаги энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланганлиги, уларнинг тадбиркорлар манфаатига хизмат қилиши билан бир вақтда, хавфни бошқариш соҳасидаги имкониятлари хусусида сўз борди. Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Анвар ­Асамов журналистларни ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар билан таништирди.



Маълумки, тадбиркорлар, айниқса ТИФ иштирокчилари учун вақт – энг қимматли ресурс ҳисобланади. Шунинг учун экспорт-импорт операцияларида талаб этиладиган ҳужжатларни, божхона назорати ва расмийлаштируви учун сарфланадиган вақт ҳамда маблағларни тежаш мақсадида божхона органлари билан боғлиқ жараёнлар тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Бу йўналишда юкнинг божхона чегарасига кириб келишидан бошлаб, божхона расмийлаштируви тугаллангунга қадар жараённи ўз ичига қамраб олган 51 та автоматлаштирилган ахборот тизими ва 14 та электрон интерактив хизматлар амалиётга жорий этилган. Эндиликда тадбиркорлик субъектлари Вазирлар Маҳкамасининг «Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига (31.07.2018 йилдаги 605-сон) асосан декларацияларни брокерларга мурожаат этмасдан, бевосита ўзлари божхона органларига тақдим этишлари, уларни автоматик рўйхатга олишлари ва тақсимлашлари мумкин. Натижада бунинг учун сарфланадиган вақт ҳозирга келиб, ўртача 30 мартага қисқарди.
2019 йил 1 мартдан бошлаб божхона расмийлаштируви жараёнига тўлақонли равишда жорий этилган «Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими» эндиликда фақат хавф аниқланган товарларнигина божхона кўригидан ўтказиш, хавф гуруҳига кирмайдиган товарларни эса божхона кўригисиз расмийлаштириш имкониятини бермоқда. Натижада жорий йилнинг ўтган даврида экспорт режимида 82%, импорт режимида 59% БЮД божхона кўрикгини ўтказмаган ҳолда – соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди.
Тадбиркор ва ТИФ иштирокчилари божхона тўловларини банк идораларига бормасдан туриб, қисқа вақт ичида ва қулай усулларда тўлаш имкониятларини қўлга киритишди: ҳозирда божхона тўловларини Click, PAYME ёки UPAY тўлов тизимлари орқали амалга ошириш имконияти йўлга қўйилган.

Тадбиркор ва фуқароларнинг мурожаатлари, таклиф ва муаммоларини зудлик билан кўриб чиқишни таъминлаш мақсадида ДБҚ марказий аппаратида 11-08 қисқа рақамли «Call Марказ» ишга туширилди. Мазкур тизим орқали жорий йил давомида 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушди ва уларга батафсил жавоблар берилди. Амалиётга жорий этилган интерактив хизматлар тадбиркорларга бир қанча қулайликлар тақдим этади ва асосан вақтни тежаш, қоғоз харажатларини камайтириш, керакли маълумотларни божхона органларига бормасдан, интернет орқали олиш ҳамда расмийлаштириш имконини берди.
«Божхона тўловлари бўйича солиштирув далолатномасини шакллантириш» интерактив хизмати ТИФ иштирокчиларига божхона тўловлари бўйича бундай далолатномаларни божхона органларига ташриф буюрмасдан, қоғоз ва вақтни ортиқча сарф қилмасдан, онлайн тарзда юклаб олиш имкониятини беради.
«Авто» ҳамда «Темир йўл» интерактив хизматлари орқали тадбиркорлар автотранспорт воситаси ёки темир йўл вагонлари рақамини киритиш орқали унинг қайси божхона пости орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги, кириш санаси, қайси ТИФ постига етиб борганлиги, кириш ва чиқиш санаси ҳамда юкни етказиб бериш назорат китобчаси рақами ҳақидаги маълумотларга эга бўлиши мумкин. Ушбу қулайликдан тадбиркорлар 2018 йилда 255 184 марта ҳамда 2019 йилнинг ўтган даврида 172 668 марта фойдаланган.

Интерактив хизматлар ва ДБҚ веб-сайтида яратилган қулайликлардан фойдаланиш мутлақо бепул бўлиб, кечаю-кундуз ишлайди. Ҳозирда веб-сайт орқали ТИФ иштирокчилари учун фойдали бўлган бир қатор ахборотларни тақдим этиш йўлга қўйилди.

Масалан, эндиликда республикамизнинг чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувига сарфлаган ўртача вақтининг таҳлили ҳар ойда божхона постлари ва автотранспорт турлари кесимида эълон қилиб борилмоқда. 2019 йил апрель ойи таҳлилларига кўра, республикамизнинг чегара-божхона постлари орқали умумий ҳисобда 120 564 та автотранспорт воситаси ҳаракатланган бўлиб, уларнинг божхона расмийлаштируви учун ўртача 23 дақиқа 39 сония сарфланган.
Бундан ташқари, ТИФ иштирокчилари томонидан товар ва транспорт воситаларининг экспорти ва импортида божхона расмийлаштируви учун сарфланган ўртача вақт ҳақида божхона постлари кесимида ҳам ҳар ойда маълумотлар эълон қилиб келинмоқда.
Тадбиркорлик субъектларига мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида 2019 йил 10 майдан бошлаб Ўзбекистондан экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотлари тўғрисида ДБҚ расмий-веб сайти орқали интерактив маълумотлар тақдим этиш йўлга қўйилди. Эндиликда тадбиркорлар http://ed1.customs.uz/selhoz/ ҳаволаси орқали республикамизнинг қайси ҳудудидан, қайси турдаги транспорт воситасида қайси мамлакатларга қанча миқдорда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинганини реал вақт давомида онлайн тарзда кузатиб боришлари мумкин.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, ДБҚ келгусида «Ягона дарча», «Ваколатли иқтисодий операторлар реестри», «Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри» каби 10 дан ортиқ ахборот тизимлари ҳамда «Божхона тўловлари бўйича солиштирув далолатномалари» интерактив хизматининг мобил талқинини, автотранспорт воситаларини давлат чегараси орқали ўтишда навбатларни бошқариш электрон тизимини жорий этиш устида иш олиб бормоқда.
Ҳозирда республикамиздаги чегара ва темир йўл божхона постлари орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари ҳамда темир йўл составларини божхона назоратидан ўтказиш вақтини қисқартириш мақсадида республикамиз божхона постлари босқичма-босқич инспекцион кўрик мажмуалари билан таъминлаб келинмоқда ва бугунги кунда 17 та божхона пости 19 комплект инспекцион кўрик мажмуаларига эга. Биргина 2019 йилда худди шундай инспекцион кўрик мажмуалари «Бекобод», «Сариосиё» ҳамда «Хўжадавлат» темир йўл чегара божхона постларига ўрнатилди. Ушбу мажмуалар 4-5 соат давом этадиган божхона кўригини 3-4 дақиқада амалга ошириш имконини бериш билан бирга, контрабанда ашёлари ҳамда товарларнинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйишга ҳам хизмат қилади. Зеро, 2019 йилнинг 4 ой давомида ушбу техник воситалар кўмагида 21 та божхона қоидабузилиш ҳолатлари аниқланиб, ноқонуний олиб ўтилаётган салкам 2,2 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар тўхтатиб қолинган.

Божхона постларида фуқароларнинг қўл юкларини қисқа муддатларда назоратдан ўтказиш учун 2019 йилда 39 та янги замонавий рентген аппаратлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 219 тага етказилди. Шунингдек, оммавий қирғин қуроллари ва радиоактив моддалар республикамизга киришининг олдини олиш мақсадида 127 комплект радиация портал мониторлари ишлаб турибди.
Чегара божхона постларидаги тирбандлик, постлар фаолиятини реал вақт давомида таҳлил қилиш мақсадида ДБҚда видеокузатув мониторинг маркази ишга туширилиб, унга 115 та божхона объектларидаги 1 746 та кузатув камералари уланган.
Шунингдек, республиканинг жами 340 та божхона омборидан 207 тасида мавжуд бўлган 1 372 та кузатув камерасини ДБҚ марказий аппаратига улаш таъминланди. Натижада кунлик навбатчилар томонидан республика миқёсидаги барча божхона постлари ва бошқармалари фаолияти кузатиб борилиб, амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Ҳозирда Тошкент халқаро аэропортида йўловчиларни божхона назоратидан қисқа фурсатда ва самарали тарзда ўтказиш мақсадида инсон танасини сканер қилувчи қурилмалар ўрнатилиб, синовдан ўтказилмоқда. Мазкур замонавий техник воситалар ўрнатилгандан сўнг бир ҳафта ичидаёқ 6 та божхона қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, 377 млн сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши олди олинди.
Айни пайтда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Ғишткўприк» чегара-божхона постида «Автотранспорт воситалари давлат рақамларини аниқлаш» тизими вақтинчалик синовдан ўтказилмоқда. Мазкур тизим автотранспорт воситаларининг чегара божхона постидан ўтиш вақтини назорат қилиш ва беҳуда ушланиб қолишининг олдини олишга хизмат қилиб, унинг самарадорлиги ўртача 95,6%ни ташкил этмоқда.


ДБҚ Ахборот хизмати.

Прочитано: 620 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика