Кичик корхона автомобилда юк ташиш билан шуғулланади. Темир йўл контейнерларини ташиш учун 12 та шатакчи ва уларга 12 та ярим тиркамага эга. 2018 йил учун ЯСТ ҳисоб-китобини 1 та транспорт воситасига ҳисоблаганда солиқ суммаси якка тартибдаги тадбиркорлар тўлаётган қатъий белгиланган солиқ суммасидан кам бўлмайдиган қилиб топширдик. Бунда 12 тоннадан ортиқ юк кўтарадиган 12 та автомобиль учун ҳисоб-китоб қилдик. ДСИ ходимлари шатакчи ва ярим тиркамаларга алоҳида транспорт воситалари сифатида қараб, солиқни 24 та транспорт воситасидан келиб чиқиб ҳисоблаш керак демоқдалар. Бироқ шатакчининг ўзи ҳатто 500 кг юкни таший олмайди, тиркамасиз ярим тиркама ҳам ҳеч нимага ярамайди.
12 та шатакчи ва уларга 12 та ярим тиркамадан фойдаланиб юк ташилса, 2018 йил учун ЯСТ суммасини қандай қайта ҳисоблаш керак?
– Шатакчи автомобиллар, тиркамалар ва ярим тиркамалар юк автотранспорт воситалари сирасига киради. Тиркамасиз шатакчи юк ташиш учун мўлжалланмаган ва техник тавсифида юк ташиш параметри мавжуд эмас. Бунда шатакчи ўқига тушадиган чекланган оғирлик ва унинг массаси билан чекланадиган фура (тиркамали шатакчи)нинг максимал юк кўтариш қобилиятини ҳисоблаш мумкин. Фуранинг юк кўтариш қобилиятини мутахассисларингиз аниқ русумдаги шатакчилар ва тиркамалар (ярим тиркамалар)нинг техник тавсифларини инобатга олган ҳолда мустақил равишда ҳисоблай оладилар.
2018 йилда юк ташиш бўйича хизматлар кўрсатувчи корхоналар 1 та транспорт воситасига ҳисоблаганда улар томонидан тўланаётган солиқ миқдори якка тартибдаги тадбиркорлар тўлаётган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаслиги керак эди. Қўшимча равишда ҳисоблаб чиқарилган сумма ЯСТ тўланиши ҳисобига қўшилар эди (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорнинг 8-банди, 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорга 34-илованинг 13-бандига мувофиқ ўз кучини йўқотган).
Қуйидаги юк кўтариш қувватига эга юк автомобиллари учун 2018 йилда автомобиль транспортида юк ташиш билан шуғуллувчи якка тартибдаги тадбиркорлардан қатъий белгиланган солиқ ставкалари (ПҚ-3454-сон қарорга 11-илованинг 5-банди):
● 3 тоннагача – ойига 1,5 ЭКИҲ;
● 8 тоннагача – ойига 2,0 ЭКИҲ;
● 12 тоннагача – ойига 3,0 ЭКИҲ;
● 12 тоннадан ортиқ – ойига 3,5 ЭКИҲ.
1 та транспорт воситасига ҳисоблаганда солиқ суммаси якка тартибдаги тадбиркорлар тўлаётган қатъий белгиланган солиқ суммасидан кам бўлмаслиги кераклигини инобатга олиб 2018 йил учун ЯСТни ҳисоб-китоб қилаётганда унинг юк кўтариш қобилиятидан келиб чиқиш зарур.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.