Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 17 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Фармацевтика маҳсулотларини импорт қилиш тартибига қандай ўзгартиришлар киритилди

 

Президентнинг 10.04.2019 йилдаги «2019–2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5707-сон Фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжат қисман фармацевтика маҳсулотлари импортига тааллуқли.

Биринчидан, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тузади, Вазирлар Маҳкамаси эса тасдиқлайди. Илгари Ҳукумат Бош вазир ўринбосари бошчилигидаги махсус ишчи гуруҳ таклифига кўра Рўйхатга тузатиш киритар эди.

Эслатиб ўтамиз, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида Рўйхатдаги товарларни импорт ҚҚСдан озод қилиш тарзидаги имтиёз татбиқ этилмайди (Солиқ кодексининг 211-моддаси 6-банди). Хориждан келтирилган маҳсулот ҚҚС боис Ўзбекистон бозорида қимматлашиб, маҳаллийси билан рақобатлаша олмайди.

Бунда аниқлик киритилишича, тайёр маҳсулотлар ҳамда «in bulk» маҳсулотлар – қадоқлаш, ўраш ва маркировкалаш босқичларидан ўтмаган, тўлиқ хорижда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари импорт қилинганда имтиёз амал қилмайди. Бу рўйхатдан ўтган худди шундай маҳаллий маҳсулотлар мавжуд бўлганда 15.04.2018 йилдан бошлаб «in bulk» маҳсулотлар импорт қилинганда ҚҚС бўйича имтиёзни қўлламаслик механизмига ойдинлик киритади (23.01.2018 йилдаги ПҚ–3489-сон қарорнинг 6-банди иккинчи хатбошиси).

Ушбу механизм узилишларсиз ишлаши учун импорт ҚҚС солинадиган фармацевтика маҳсулотлари рўйхатига тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича ишлаб чиқариладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларигина кириши керак.

Масалан, Ўзбекистонда инъекциялар учун 2 фоизли эритма кўринишида лидокаин ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулот ҚҚС бўйича имтиёз татбиқ этилмайдиган Маҳсулотлар рўйхатига киради (15-банд). Шу билан бирга, «in bulk» шаклидаги ампуладаги худди ўша 2%ли лидокаин маҳаллий ишлаб чиқариш учун хом ашё деб ҳисобланади, у бошқа Рўйхатга (1479 ва 1480-бандлар) мувофиқ импорт ҚҚСдан озод қилинган. Бунда чалкашликка йўл қўйилгани кўриниб турибди. Яқин орада рўйхатлар қайта кўриб чиқилмаса, янгилик натижасида «in bulk» лидокаин олиб кирганда ҚҚС тўлашга тўғри келади. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган лидокаин хорижий «in bulk» маҳсулотларни ўраш ва маркировкалаш йўли билан чиқарилмаётгани аниқми? Бундай тушунмовчиликлар кўп учрайди.

Шу сабабли Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига дори воситалари ва тиббиёт буюмларини маҳаллий ишлаб чиқариш ва дорихона ичида тайёрлашга мўлжалланган, ҚҚСдан озод қилинадиган хом ашё рўйхатини мустақил тасдиқлаш ҳуқуқи берилди. Рўйхат йилда камида 2 марта янгиланади ҳамда Агентлик ва ДБҚ сайтларига жойлаштирилади. Амалдаги рўйхат Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, ТИАИСВ, ДБҚ ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан қабул қилинган.

Иккинчидан, импорт дори воситалари (дори субстанциялари бундан мустасно) ва тиббиёт буюмларини «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирганлик учун йиғим миқдори оширилди. У божхона қийматининг 1,2%ини ташкил этади. Илгари ставка 0,2%, бироқ 25 АҚШ долларидан кам ва 3 000 АҚШ долларидан кўп эмас эди (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарорига илова).

Учинчидан, 2022 йил 1 январгача технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, фармацевтика ишлаб чиқариш бинолари учун «тоза хоналар», сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари, шунингдек лаборатория ҳайвонларини боқиш, клиниколди тадқиқотлар ва дори воситалари ишлаб чиқариш (ш.ж. дорихона ичида тайёрлаш) учун ишлатиладиган хом ашё ва материаллар, тиббиёт буюмлари ва қадоқлаш материаллари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинди. Бунда тўланмайдиган божхона тўловлари сирасига импорт ҚҚС, акциз солиғи, шунингдек импорт божхона божи киради. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларига ўз эҳтиёжлари учун, шунингдек фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи корхоналарга дорихона ичида дори тайёрлаш учун товарларни имтиёзли олиб киришга рухсат берилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 11.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий инвесторларга – имтиёзли кредитлар

 

Президентнинг 16.04.2019 йилдаги ПҚ-4290-сон қарори билан соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди.

 

Бу соҳада шериклик қуйидаги тарзда амалга оширилади:

биринчидан, лойиҳалар давлат ва хусусий шерик ўртасидаги битимга асосан амалга оширилади. Бир ёки бир неча шакллар жамини танлаш таклиф қилинади:

♦ соғлиқни сақлаш соҳасида жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, яратиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш;

♦ соғлиқни сақлаш соҳасида товарларни етказиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш.

Соғлиқни сақлаш соҳасида, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари иштирокида амалга ошириладиган бирламчи аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларнинг концепцияси 3 ой муддатда тасдиқланади;

иккинчидан, хусусий шерикни танлаб олиш тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали амалга оширилади (Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида истисно назарда тутилиши мумкин). Битимларни тузиш ҳуқуқини берувчи тендерни 15 августгача эълон қилишлари керак;

учинчидан, битимнинг амал қилиш муддати шериклар томонидан белгиланади, бироқ у 3 йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги керак;

тўртинчидан, лойиҳаларни амалга ошириш доирасида хусусий шерикка ажратилган ер участкалари, сотиб олинган тиббий ва бошқа ускуналар ҳамда улар томонидан қурилган объектлар битимнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлатга топширилади.

Инвесторларга имтиёзли кредитлар берилади. Бунинг учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 200 млн АҚШ долларигача ажратиш кўзланмоқда.

Кредит фақатгина импорт қилинадиган замонавий тиббий ускуналар ва инвентарларни сотиб олиш учун – чет эл валютасида киритиладиган инвестиция умумий ҳажмининг 20%идан кўп бўлмаган миқдорда расмийлаштирилади. Муддати – 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, 8 йилгача бўлган муддатга қайта молиялаштирувчи банкнинг маржаси билан бирга йиллик 1% миқдорида. Бунда шарт мавжуд – хусусий (ш.ж., хорижий) инвестиция ҳажми улар умумий миқдорининг 80%идан кам бўлмаслиги керак.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 17.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Чиқинди: кўпроқ қайта ишланиб, камроқ кўмилади

 

Президентнинг 17.04.2019 йилдаги ПҚ-4291-сон қарори билан 2019–2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси қабул қилинди.

 

Стратегиянинг асосий вазифалари:

♦ аҳолининг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлашга йўналтирилган санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмасини ривожлантириш;

♦ қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш;

♦ полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини камайтириш, санитария ва экологик меъёрлар талабларига мувофиқ келадиган замонавий қаттиқ маиший чиқинди полигонларини яратиш, шунингдек, мавжуд полигонларни ёпиш ва рекультивация қилиш бўйича чора-тадбирларни кўриш;

♦ санитария жиҳатидан тозалаш соҳасида нархлар шаклланишини такомиллаштириш ва тарифларни оптималлаштириш;

♦ қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларидан муқобил энергия манбалари сифатида фойдаланиш.

Ҳужжатнинг принципларидан бири – «ифлослантирувчи тўлайди». Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича харажатлар чиқиндиларни ҳосил қилувчилар томонидан қопланишини кўзда тутувчи ҳуқуқий ва иқтисодий асослар яратилади.

Стратегия икки босқичда амалга оширилади:

1) 2019–2021 йилларда – қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик базасини ва иқтисодий тартиботлар механизмларини такомиллаштириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишнинг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида санитария жиҳатидан тозалашнинг моддий-техник базасини ва инфратузилмасини ривожлантириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида экологик таълим тизимини ривожлантириш учун методик ва ахборот таъминотини яратиш;

2) 2022–2028 йилларда – қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича инфратузилмани ривожлантириш, полигонларни оптималлаштириш, қайта юклаш станциялари ва чиқиндиларни қайта ишлаш объектларини қуриш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича салоҳиятини ривожлантириш. Ушбу босқичда қуйидаги мақсадли индикаторларга эришиш режалаштирилмоқда:

♦ аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан қамраб олишни 100%га етказиш;

♦ ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг камида 60%ини қайта ишлашни таъминлаш;

♦ ўзига хос қаттиқ маиший чиқиндиларни (таркибида симоб бўлган чиқиндилар, автошиналар, аккумуляторлар, ишлатилиб бўлинган мойлар, қадоқлаш чиқиндилари ва ҳ.к.) қайта ишлаш ҳажмини 25%гача ошириш;

♦ полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини 60%гача камайтириш;

♦ барча полигонлар ҳолатини ўрнатилган талабларга мувофиқлаштириш, ёпилган полигон ерларини тўлиқ рекультивация қилиш;

♦ қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларида муқобил энергия манбаларидан 35%гача фойдаланиш;

♦ полигонлар ҳолати мониторингини (ер ости (сизот) сувлари ва атмосфера ҳавосининг ҳолати устидан назорат) 100%гача таъминлаш.

Стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурида ушбу соҳага оид аниқ инвестиция лойиҳалари назарда тутилган. Уларни амалга оширишга бюджет маблағлари ва халқаро молия институтларининг хусусий секторга жалб қилинган маблағлари сарфланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Йирик солиқ тўловчилар қандай текширилади

 

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси тўғрисида низом тасдиқланди (ВМнинг 17.04.2019 йилдаги 320-сон қарори).

 

У кимга тааллуқли?

Йирик солиқ тўловчилар – қуйидаги мезонлардан келиб чиқиб солиқ маъмуриятчилиги остига тушадиган айрим тоифадаги юридик шахслар:

♦ солиқ даври якуни билан ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаси ЭКИҲнинг 200 минг бараваридан кам бўлмаган;

♦ товар айланмаси ҳажми ЭКИҲнинг 300 минг бараваридан кам бўлмаган;

♦ жами активлари қиймати ЭКИҲнинг 100 минг бараваридан кам бўлмаган.

 

Кимлар назорат қилинади?

Аввалига йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ маъмуриятчилигига доир функциялар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ДСБга берилди. Сўнг улар Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига (26.06.2018 йилдаги ­ПҚ–3802-сон қарор) ўтди. Бунда «қарамоғидагилар» жойлашган ва фаолият юритаётган жой аҳамиятга эга эмас.

Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

биринчидан, йирик солиқ тўловчилар ҳисобини ташкил этиш ва улардан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишини таъминлаш;

иккинчидан, йирик солиқ тўловчилар фаолиятида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши бўйича солиқ назоратини ташкил этиш, хусусан:

♦ камерал назорат, шунингдек йирик солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган маълумотлар ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилишининг қонунийлигини тасдиқлаш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда мавзули экспресс-ўрганишларни амалга оширади (Солиқ кодексининг 70, 712-моддалари);

♦ ҳисоботларда кўрсатилган ишчилар сони билан ҳақиқатда ишловчилар сони, шунингдек ишлаб чиқариш ҳажмларининг мос келиши масалалари бўйича йирик солиқ тўловчилар фаолияти мониторингини олиб боради. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган ҳолатларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чораларини кўради (Солиқ кодексининг 711-моддаси);

♦ экспорт-импорт операциялари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан ўз ваколатлари доирасида назоратни амалга оширади;

♦ ҚҚС бўйича ноль даражали ставка қўлланилишининг асослилиги юзасидан назоратни амалга оширади (Солиқ кодексининг 38-боби);

♦ солиқ текширувлари (Солиқ кодексининг 14-боби). Молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) давомида бухгалтерия ҳисобларини ва молиявий ҳисоботларни текширади, хом ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ва тайёр буюмларни тортиб кўради ва ўлчайди, хом ашё, материаллар ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришда назорат тариқасида ишлатиб кўради, текширади;

♦ солиқ тўловчилардан ёки уларнинг мансабдор шахсларидан тушунтиришлар олади, мол-мулк мавжудлигини текширади, ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларни, ш.ж. даромадлар олиш учун фойдаланиладиган ёхуд солиқ солиш объектини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечиради ёки текширади;

♦ пул маблағлари ва моддий бойликларнинг бухгалтерия ҳисобини юритишнинг белгиланган тартибига риоя қилинишини, корхоналар ҳудудига моддий бойликларни олиб кириш ва у ердан олиб чиқишда корхоналарда рухсат бериш тизими ишларининг ташкил этилиши ҳолатини текширади;

учинчидан, йирик солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ўзаро ҳамкорлик асосида сервис-техник хизмат кўрсатилишини амалга ошириш;

тўртинчидан, йирик солиқ тўловчилар маъмуриятчилиги доирасида солиққа оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, аниқлаш ва олдини олиш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш.

 

Инспекциянинг ўзини ким назорат қилади?

Инспекция бошлиғи унинг фаолияти тўғрисида ДСҚ раиси олдида мунтазам равишда ҳисобот беради. ДСҚ раисининг ўринбосарлари Инспекция раҳбарларини назорат қилиб борадилар. ДСҚ ҳар чоракда Инспекция ишини баҳолайди. Натижалар бўйича унинг раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи ҳал этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 17.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, Самир Латипов, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 575 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика