Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 41 / Божхона

Божхона брокерининг парвози ва инқирози

 

Солиқларни тўламаслик билан боғлиқ кескин муаммони кўтариб чиққан таҳририятимизга қилинган мурожаатини А.Васильева* шундай деб атаган.

Мулоҳазали, баҳс-мунозарали мазкур мурожаат таҳририятимизни вазиятни яхшилаб ўрганиб чиқишга, божхона хизмати вакиллари, божхона брокерлари, ТИФ иштирокчиларининг бу борадаги фикрларини билишга ҳамда «чўрт кесар» муаллиф ўртага ташлаган муаммо бўйича баҳс юритишга ундади.

 

– Мен ўтган асрнинг охиридан ҳозирга қадар божхона брокерлари тизимида бухгалтер бўлиб ишлаб келаман. У даврларда божхона декларацияларини расмийлаштирувчи мутахассислар ўз ишини портатив электр машинкаларида декларацияларга чақ-чуқ этиб ҳарф теришдан бошлаган. Бирор хатолик ўтиб кетса, БЮДнинг барча нусхалари қайтадан тузатиб ёзиларди.

Лекин хатолар тўлов реквизитлари ва рақамлар билан боғлиқ бўлмаса, ўтган асрда божхона грамматик хатоларга панжа ортидан қарар эди.

Кейинчалик бу ишга компьютер ва тегишли дастурларни жорий этишди. Шу тариқа соҳа аста-секин тета-поя қила бошлади. Айрим ишлар осон кечса, айримлари мураккаб бўларди. Интернет чиққач, мисли кўрилмаган имкониятлар эшиги очилди. БЮДнинг ўзи ҳам Интернет орқали жўнатиладиган бўлди. Янги Божхона кодексига киритилган ўзгартиришлар (3.10.2018 йилдаги ЎРҚ-494-сон Қонун) янги талабларни илгари сурди, хусусан, божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун штатида амалдаги аттестатга эга бўлган камида икки нафар декларантга эга бўлиш ҳамда декларант ёки ваколатли шахс олдида ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурталаган бўлиши керак эди. Юқоридаги кўп сонли комиссиялар тегишли тарзда расмийлаштирилган стендларимиз бўлишини, барча зарурий ҳужжатлар, суғурта қоғозлари, аттестатлар, буйруқлар, фармонлар ва бошқа ахборотлар бўлишини талаб қилавериб хит қилиб юборишган. Бу «қоғозбозликлар» жилла қурса ишимизни тартибга солиш ва палапартишликдан кўра яхшироқ экан.

Вақтлар ўтди, божхона брокерлари сафи кун сайин кенгая бошлади. Мансабдан туширилган ва ишдан кетказилган божхоначилар ўзларининг брокерлик фирмаларини очиб, у ерда бир вақтнинг ўзида ҳам директор, ҳам декларант сифатида ишлай бошлашди. Брокерларнинг бу янги авлоди барқарор ва эскидан ишлаётган фирмаларга алоҳида таҳдид солгани йўқ. Лекин ўртада бошқа хатар юзага келди: божхона постларида катта ва бош инспектор сифатида ишлаб келаётганлар қариндошлари номига расмийлаштирилган ўз брокерлик фирмаларини оча бошлашди. Буни қарангки, «шоҳона дастурхондан охирги сарқитлар»ни териб олиб, бу шароитда ҳам жон сақлаб қола олдик. Аммо асосий бало бизни ҳали олдинда кутаётган эди – бу декларацияни расмийлаштиришнинг тартиб-таомили соддалаштирилиши билан бошланди.

Ўтган йилнинг июлида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи (Ягона интерактив давлат хизматлари портали) орқали реал вақт режимида ҳамда божхона брокерларига мурожаат қилмасдан тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлишди (Президентнинг 12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон Фармонининг 4-банди 6-хатбошиси). Давлат божхона қўмитаси божхона брокерларининг реестрини юритмай қўйди ва илгари қўйилган барча талабларини бекор қилди. Эндиликда БЮДни тўлдириш малакасига эга бўлган исталган киши декларацияни тўлдириши ва ўзининг шахсий калити ёрдамида ЯИДХПга жўнатиши мумкин. Бу ўринда энг муҳим гап божхона брокерларидан ортиб қолган мижозларни олиб қўйишда қолган. Бу иш эса у қадар мураккаб эмас. Чунки янгидан иш бошлаган «якка тартибдаги тадбиркор»лар солиқларни тўлашмайди-да. Шунинг орқасидан улар анчайин ўта рақобатбардош чиқиб қолишди – ишлашса, фақат ўз киссалари учун ишлашади. Уларнинг «танобини тортиб қўйиш» ҳам осон иш эмас. Исталган вақтда уларда баҳона тайёр: «Мижознинг ЭРИдан фойдаланиб, (текинга ёки шунчаки) БЮДни тўлдириш ва жўнатишга ёрдам бервордик», дейишади-вассалом.

Шубҳа йўқки, йирик корхоналар бундайлар билан ишламайди. Одатда уларнинг ўз мутахассислари бўлади.

Мен ишлайдиган ташкилот эса бундай кўргуликни бошдан кечирди: қанчадан-қанча етакчи декларантларимиз сердаромад мижозларни ўз ортидан олиб кетишди. Кўрсатилган хизматлар ҳажмидан тушумнинг 40%ини, яна йирик қийматда таътил пулини берсак ҳам уларни ўзимизда ушлаб қола олмадик. Бундан ташқари, божхона қоидалари бузилганлиги, яъни ўзларининг хатолари учун ҳисобланган барча пуллик жарималарни қоплаб беришимиз ҳам уларда «вафодорлик» туйғуларини уйғота олмади. Боз устига ташкилотлар ўтган йили барча иш ҳақидан ягона ижтимоий тўлов тўлаганлар (25%).

Ана энди бу «декларант мутахассиcлар» ташкилотга қанчага тушганини ҳисоблаб чиқарамиз: 100% минус 50% (таътил пуллари ва жарималар билан бирга) минус 12,5% (ЯИТ – 25 х 50), минус 5% (ЯСТ) – даромад сифатида 32,5% қолмоқда. Мен ҳали иш берувчи ва брокернинг мажбурий суғуртасини бу ўринда ҳисоблаганим йўқ - бунга ҳам 5% кетиб қолади. Бунинг орасида бино ижараси ва уни сақлаб туриш харажатлари, бухгалтерга иш ҳақи ва ҳ. к. чиқимлар ҳам бор.

Жорий йилда бироз осон бўлди – ЯИТни 12%гача пасайтиришди. Гапнинг пўскалласини айтганда, солиқларни умуман тўламаслик мумкин бўлган бир пайтда уларнинг пасайтирилиши кимни ҳам қизиқтирар эди! Декларантлик хизматларини кўрсатиш соҳасига доир бугунги қонунчилигимиз ана шундай имкониятни бермоқда-да. Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ўзларининг шижоатга тўла фаолиятларидан солиқ тўламасликлари эса ДБҚнинг эмас, солиқ қўмитасининг бош оғриғи бўлиши керак.

Божхона брокерларининг «қашшоқлашиш даври» ҳам етиб келди. Ўз вақтида брокерликнинг барча асъаса-дабдабасида юрганлар бугун шу соҳада ишлаб, ҳалол фаолият кўрсатган ва солиқларини тўғри тўлаганларнинг «қашшоқлиги»ни ҳам ҳис қилиб кўрсин-да. Афтидан, БЮДни расмийлаштириш соддалаштирилганда мана шу омил ҳисобга олинмаган кўринади. Бу вазиятни тузатиш кераклиги равшан бўлиб қолди.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 


*Муаллифнинг илтимосига кўра исм-шарифи ўзгартирилди.

 

Прочитано: 829 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика