Донни қайта ишловчи корхона умумбелгиланган солиқларни, 20%лик* ставкада ҚҚСни тўлайди. 2018 йил 1 сентябрдан маҳсулотга ҚҚС солинадиган оборотни дон қийматини чегирган ҳолда тушум ҳажмидан ҳисоблаб чиқарамиз (ВМнинг 24.08.2018 йилдаги 684-сон қарори).
Ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари учун ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилиниши муносабати билан донни қайта ишловчи корхоналар томонидан ҚҚС солинадиган оборотдан дон қийматини чегириб ташлаш тартиби 2019 йил 1 октябрдан бекор қилиндими?
– Президентнинг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қоидаларини кўриб чиқамиз (27.06.2019 йилдаги ПФ-5755-сон).
Фармоннинг мақсади – ҚҚСнинг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш (ПФ-5755-сон Фармоннинг 3-банди). Бунинг учун 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагиларга нисбатан белгиланган ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинди:
1) ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига. Донни қайта ишловчи корхоналар нон-булка маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ҳисобланмасалар, бу уларга тааллуқли бўлмайди;
2) буғдойни импорт қилишда (ПФ-5755-сон Фармонга илованинг 22-банди). Арпа, маккажўхори ва тариққа ҚҚС бўйича божхона имтиёзлари ҳозирча қолдирилган.
Донни қайта ишловчи корхоналар 2019 йил 1 октябрдан доннинг катта қисмини ҚҚС ҳисобланган ҳолда оладилар деган хулоса чиқариш мумкин. Бироқ донни қайта ишловчи корхоналарга қўшилган қиймат солиғини солишнинг алоҳида тартиби ўзгартирилмади (ВМнинг 24.08.2018 йилдаги 684-сон қарори).
Қуйидагиларга эътибор қаратинг:
1) донни қайта ишловчи корхоналар учун ҚҚС ҳисоб-китобининг алоҳида тартиби (ВМнинг 684-сон қарори 2-банди) ҚҚС бўйича имтиёз ҳисобланмайди, уни ПФ-5755-сон Фармоннинг 3-бандига мувофиқ бекор қилиш мумкин;
2) жорий йилнинг 1 октябридан донни қайта ишловчи корхоналар етказиб бериладиган доннинг катта қисмини ҚҚС билан оладиган бўлсалар, уларнинг иқтисодий кўрсаткичлари, шу жумладан унни сотиш нархи ва фойда ҚҚС ҳисоб-китобининг умумбелгиланган тартиби (имтиёзларсиз) ва алоҳида тартиби (ВМнинг 684-сон қарори) қўлланилганда, деярли фарқ қилмайди.
Бироқ умумбелгиланган тартибда ҚҚС бўйича солиқ маъмуриятчилиги ва ҳисоб операциялари анча соддароқ.
ҚҚС ҳисоб-китобининг алоҳида тартибини белгилайдиган ВМнинг 684-сон қарори донни қайта ишловчи корхоналарни қўшимча равишда қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу қарор билан тасдиқланган тартибга расмий жиҳатдан амал қилиш 1 октябрдан бошлаб белгиланган мақсадга олиб бормайди.
МИСОЛ. 120 млн сўмлик дон олинди, шу жумладан ҚҚС – 20 млн сўм.
Ишлаб чиқарилган ун нон заводига 180 млн сўмга реализация қилинди.
1-вариант. ВМнинг 684-сон қарорига биноан алоҳида тартиб бўйича ҚҚС ҳисоб-китоби
Ҳисобланган ҚҚС 10 млн сўмга ((180 - 120) / 120% х 20%) тенг.
Ун бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС – 10 млн сўм.
Ун бўйича қўшилган қиймат суммаси (шу жумладан фойда) 50 млн сўмни (180 – 10 – 120) ташкил этади.
Нон ишлаб чиқарувчи ун бўйича 10 млн сўмлик ҚҚСни ҳисобга киритади.
Нон 240 млн сўмга реализация қилинган, шу жумладан ҚҚС – 40 млн сўм. Бюджетга 30 млн сўм тўланиши лозим.
Нон бўйича қўшилган қиймат суммаси (шу жумладан фойда) 30 млн сўмга (240 – 40 – (180 – 10)) тенг бўлади.
2-вариант. Умумбелгиланган тартиб бўйича ҚҚС ҳисоб-китоби (ҳисобга олиш билан)
30 млн сўмлик ҚҚС ҳисобланди (180 / 120% х 20%).
Ун бўйича бюджетга тўланадиган ҚҚС – 10 млн сўм (30 – 20).
Ун бўйича қўшилган қиймат суммаси (шу жумладан фойда) 50 млн сўмга (180 – 30 – 10) тенг.
Нон ишлаб чиқарувчи ун бўйича 30 млн сўмлик ҚҚСни ҳисобга олади.
Нон 240 млн сўмга реализация қилинган, шу жумладан ҚҚС – 40 млн сўм. Бюджетга 10 млн сўм тўланиши лозим.
Нон бўйича қўшилган қиймат суммаси (шу жумладан фойда) 50 млн сўмни (240 – 40 – (180 – 30)) ташкил этади.
Яъни нон ишлаб чиқарувчи 1-вариантдагидек, айнан ўша суммадаги фойдани олиш учун нон нархини 10%га – 240 млн сўмдан 216 млн сўмгача пасайтириши мумкин.
Шу боис донни қайта ишловчи корхоналарга қуйидагиларни тавсия этиш мумкин:
● доннинг келиб тушиш манбаларини таҳлил қилиш (ҚҚС билан ва ҚҚСсиз);
● ҚҚС суммасини 1 ва 2-вариантлар бўйича ҳисоблаб чиқиш.
Корхонага ҚҚС ҳисоб-китобининг умумбелгиланган тартибида (2-вариант) ишлаш осон ёки фойдали бўлса, ВМнинг 684-сон қарорига кўра ҚҚС ҳисоб-китобининг алоҳида тартибини ҚҚС бўйича имтиёз деб ҳисоблашни сўраб Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилиш мумкин. Мазкур ҳолатда донни қайта ишловчи корхоналарда ПФ-5755-сон Фармоннинг 3-бандига мувофиқ имтиёзни қўллашдан ихтиёрий равишда воз кечиш имконияти пайдо бўлади.
*Президентнинг 26.09.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5837-сон Фармонига мувофиқ 2009 йил 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 20%дан 15%гача пасайтирилган.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.