Биз – ишлаб чиқарувчи, ЯСТ тўловчимиз. Туркиядаги хорижий компания дастгоҳнинг битта эҳтиёт қисмини таъмирлаш учун Туркияга олиб кетди. Инвойс деталларида қуйидагилар кўрсатилган: таъмирлаш – 2 940 АҚШ доллари, буюртмачи омборидан ўз омборига ташиш – 1 400 АҚШ доллари (FCA–Олмалиқ), қайтариб ташиш – 1 400 АҚШ доллари (СРТ–Олмалиқ). Жами 5 740 АҚШ доллари суммаси қайд этилган. Биз хизматларни импорт қилган бўлиб чиқдик.
1. Ушбу хизматга қандай солиқлар солинади?
2. Норезидент даромадларидан солиқ ушлаб қолишимиз керакми?
3. ҚҚС юзага келадими?
1 |
Келтирилган контракт бўйича сизга 2 турдаги импорт хизматлар – халқаро ташиш хизматлари ва ЎзР ҳудудидан ташқарида таъмирлаш хизматлари кўрсатилмоқда. Туркия компанияси сизга Туркия резиденти эканлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса, корхонангизда унинг халқаро ташиш бўйича даромадларидан фойда солиғини ушлаб қолиш мажбурияти юзага келади. Бошқа солиқ оқибатлари юзага келмайди.
2 |
ЎзР норезидентларининг халқаро ташишларда транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатишдан оладиган даромадлари халқаро шартномаларни ҳисобга олган ҳолда тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадларга киради.
Бунда юк жўнатувчидан (юкни қабул қилиб олувчидан) олинган сумма билан юк ташувчига тўланиши керак бўлган, юк ташувчининг тегишли бирламчи ҳужжатлари билан тасдиқланган сумма ўртасидаги фарқ сифатида ҳисобланган ҳақ суммаси солиқ солинадиган даромад ҳисобланади. Юк ташувчининг тегишли бирламчи ҳужжатлари бўлмаган тақдирда, ЎзР норезидентига норезидентнинг фрахтдан олинадиган даромадларига солиқ солиш учун белгиланган ставкалар бўйича тўланган умумий суммага солиқ солинади (Солиқ кодексининг 155-моддаси 3-қисми 10-банди).
Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг тўлов манбаида халқаро ташишларга (фрахтдан олинадиган даромадларга) 6% миқдорида даромад солиғи ставкаси белгиланган (Солиқ кодексининг 160-моддаси).
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида даромадларга икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида битим тузилган (Тошкент, 8.05.1996 йил, 30.09.1997 йилдан кучга кирган). Битимнинг 8-моддасига мувофиқ, Туркия корхонаcи ЎзРда ҳаво кемалари ва автотранспорт воситаларидан фойдаланиш орқали халқаро ташишдан олган даромадларига фақат Туркияда солиқ cолинади. ЎзР норезидентига даромадларни тўлаш ЎзР норезиденти томонидан тақдим этилган, чет давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган, унинг Туркияда резидентлиги борлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда тўлов манбаида фойда солиғи ушлаб қолинмаган ҳолда амалга оширилади (Солиқ кодексининг 155-моддаси 12-қисми).
Туркия компаниясининг ЎзР ҳудудидан ташқарида амалга ошириладиган таъмирлаш хизматларидан оладиган даромадларига тўлов манбаида солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 155-моддаси 4-қисми 4-хатбошиси).
3 |
Йўқ, ҚҚС бўйича мажбуриятлар юзага келмайди.
ЎзР норезиденти томонидан тақдим этилган ишлар, хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса ва Солиқ кодексига мувофиқ уларга ҚҚС солиниши керак бўлса, ишларни, хизматларни олувчи ЎзР солиқ тўловчисининг солиқ солинадиган оборотидир (Солиқ кодексининг 207-моддаси).
Ишлар, хизматлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган кўчар мулк билан боғлиқ бўлса, ЎзР ҳудуди ишларни, хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Бундай ишларга, хизматларга монтаж қилиш, созлаш, йиғиш, қайта ишлаш, ишлов бериш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш киради (Солиқ кодексининг 202-моддаси 3-қисми 1-банди).
Сизнинг ҳолатда норезидент таъмирлаш ишларини Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бажараётгани сабабли уларга ҚҚС солинмайди.
Юк ташиш бўйича транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатишга доир хизматлар импорт қилинганда, жўнатиладиган ёки тайинланган пункт жойлашган жойдан қатъи назар, хизматлар импортидан ҚҚС тўланмайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.