Президентнинг 2019 йил 19 февралдаги Фармони билан давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қатор янгиликлар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Тошкент вилоятида эксперимент ўтказилиб, унинг доирасида давлат кўчмас мулки фақат «E-IJRO AUKSION» орқали сотилган (10 майдан) ва ижарага берилган (1 июлдан) (ВМнинг 22.03.2018 йилдаги 209-сон қарори).
Энди ушбу тартиб бутун мамлакатда, бироқ муайян ўзгартиришлар билан қўлланади.
Биринчидан, ваколатли давлат органлари қарорлари бўйича сотилган давлат мулки объектларининг олди-сотди шартномаларини мажбурий равишда нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.
Иккинчидан, электрон савдо майдончаси орқали давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдолар 2019 йил 1 июлдан бошлаб амалга оширилади. Бунда ижара тўловининг энг кам ставкаси объектни балансда сақловчилар томонидан ижарага бериш мақсадида кўрсатилган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда кўрсатилади.
Минтақавий ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг мурожаатидан сўнг 2 ой муддатда балансда сақловчилар томонидан уларнинг тасарруфидаги ҳудудда жойлашган, республика давлат бошқаруви органларига бириктирилган, фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини (хусусийлаштирилмайдиган объектлар бундан мустасно) ижарага бериш таъминланмаган тақдирда, ушбу объектларни тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун 1 йилгача бўлган муддатга ижарага бериш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Қонунчиликда назарда тутилган балансда сақловчиларга ажратмалар тегишли маҳаллий бюджетга йўналтирилади.
Учинчидан, Давлат тендер комиссиясига (таркиби Фармон билан тасдиқланган, таҳр.), истисно тариқасида, хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялари (улушлари) пакетларини сотишга рухсат берилди. Бунинг учун олди-сотди шартномаларини қимматли қоғозлар савдолари ташкилотчиларининг савдо майдончаларидан ташқарида рўйхатдан ўтказган ҳолда танлов ўтказилади ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилади.
Хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат акциялари пакетлари тўлов муддатларини узайтириш ва чегирмалар тақдим этиш механизмлари қўлланилмаган ҳолда сотилади.
Эркин айирбошланадиган валютада сотиш учун савдога чиқарилган ва савдода турган давлат акциялари пакетлари савдолардан олинади, уларнинг миллий валютадаги қиймати аниқланган ҳолда қайта баҳоланади ва миллий валютада такрорий савдоларга чиқарилади.
2019 йил 1 мартдан давлат кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари учун сотиб олиш тўловларини тўлаш муддати савдолар ўтказилган санадаги сотиб олиш тўловлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади:
● ЭКИҲнинг 3 000 бараваригача – 3 ойдан кўп бўлмаган муддатда (олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб);
● ЭКИҲнинг 3 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 7 000 бараваридан кўп бўлмаганда – 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда;
● ЭКИҲнинг 7 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 15 000 бараваридан кўп бўлмаганда – 1 йилдан кўп бўлмаган муддатда;
● ЭКИҲнинг 15 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 20 000 бараваридан кўп бўлмаганда – 2 йилдан кўп бўлмаган муддатда;
● ЭКИҲнинг 20 000 бараваридан юқори бўлганда – 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда.
Президентнинг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамаси ёхуд Давлат тендер комиссиясининг қарорлари билан сотиб олиш тўловларини киритишнинг бошқача тартиби ва муддатлари назарда тутилиши мумкин.
«Ноль» харид қийматида сотишда, шу жумладан, аввал сотилган давлат мулки объектлари бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилган деб қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил давомида янги иш ўринларини сақлаб қолиш тартиби бекор қилинди.
Президентнинг «Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони доирасида бўш турган объектлар уларни баҳоламасдан, 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда «E-IJRO AUKSION»да инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда сотила бошлади.
Айни пайтда 444 та объект аукционга чиқарилиб, шундан 310 таси 172 млрд сўм инвестиция киритиш ҳамда 3 536 та янги иш ўрни яратиш шарти билан 11,2 млрд сўмга сотилган. Шу муносабат билан эксперимент ўтказиш муддатини 2020 йил 1 январга қадар узайтиришга қарор қилинди (дастлабки муддати – 2019 йил 1 апрелгача эди, таҳр.).
Ҳужжат билан электрон аукционда 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх бўйича инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан қўшимча равишда сотиладиган давлат мулки объектлари рўйхати тасдиқланди (1-илова).
Бунда давлат кўчмас мулки тўлиқ сотилмагунга қадар савдолардан олинмайди. Бундай тартибда сотилган объектларга доир инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилишни эса Давлат активларини бошқариш агентлиги (14.01.2019 йилдаги ПФ-5630-сон Фармон ва 14.01.2019 йилдаги ПҚ-4112-сон қарорга мувофиқ Давлат рақобат қўмитаси тугатилиши натижасида ташкил этилган, таҳр.) амалга оширади. Бу харидор томонидан ўз зиммасига олинган маҳсулот (хизматлар) ишлаб чиқаришнинг бошланиши ва янги иш ўринлари яратилишини назарда тутувчи мажбуриятлар бажарилгандан сўнг амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 20.02.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов,
«Norma» МЧЖ эксперти.