Фирма 2018 йилда ходимнинг олий ўқув юрти сиртқи бўлимида ўқиш ҳақини тўлаган. Ўтказилган бутун сумма ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган.
Корхона Ўзбекистон олий ўқув юрти сиртқи бўлимида таълим олиш учун йўналтирилган ходимнинг иш ҳақи суммасига ЖШДС бўйича имтиёзни қўллашга ҳақлими?
– Ҳа, мазкур ҳолда корхона имтиёзни қўллаши мумкин.
Ўзбекистон олий ўқув юртларида таълим олиш учун ҳақ тўланганда солиқ чегирмаси (ўқиш ҳақини тўлашга йўналтирилган даромадларни солиқ солишдан озод қилиш тарзидаги имтиёз) берилади (Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди). Ушбу имтиёзни қўллаш тартиби Низом (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган. Бунда Низомда таълим олиш шакли – кундузги ёки сиртқи эканлиги чекланмаган. Тегишинча, олий ўқув юрти сиртқи бўлимида таълим олиш ҳақи тўланганда жисмоний шахс имтиёз олишга ҳақли бўлади.
Олий ўқув юртларига университетлар, академиялар, институтлар ва олий мактабнинг бошқа таълим муассасалари киради («Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси).
Ушбу имтиёзни қўллаш мақсадида олий ўқув юрти деганда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ташкил этилган, ўз устави ва Олий таълим тўғрисидаги низом (АВ томонидан 22.02.2003 йилда 1222-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосида фаолият юритувчи олий таълим (бакалавриат ва магистратура) ўқув дастурларини амалга оширувчи юридик шахс тушунилади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.