Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 02-03 / Ўз уйинг – ўлан тўшагинг

Сергелидаги уйлар ногиронлар талабига жавоб берадими?

 

Ортда қолган йил кўпчилик учун барокатли бўлди. Айниқса, янги уйга кўчиб ўтганларнинг қувончи чексиз. Уч-тўрт йил олдин пойтахтимиздаги Сергели туманига келган одам бугун адашиб қолса ажаб эмас. Туманда қисқа вақтда янги массив пайдо бўлди. Айни пайтда бу ерда кўплаб уй қуриб битказилди ва ўз эгаларига топширилди.

 

Президентимизнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (2.02.2018 йилдаги ПФ-5325-сон) мувофиқ, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож ­оилалар учун қулай шароит яратиш мақсадида Сергели туманида янги уйлар қурилди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Сергели тумани ҳокими ўринбосари Мирзоҳид Хидиров ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоли Нилуфар Йўлдошева ҳамроҳлигида имконияти чекланганларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида улар хонадонида бўлдик.

Массивдаги бир нечта кўп қаватли уйларга кириб кўрдик, хонадон эгалари билан суҳбатлашдик. Улар ўз уйига эга бўлганидан мамнун. Хонадонлар кенг ва шинам, аммо камчиликлар ҳам йўқ эмас. Мазкур уйларни турли пудрат ташкилотлар қурувчилари қурган. Шунданми, сифати турли хил эканига гувоҳ бўлдик. Ваҳоланки, уларнинг ҳаммаси бир хил тип ва нархда. Ажабланарлиси, кўп қаватли уйларнинг ички йўлаклари, лифтлари турли хил катталикда. Айрим уйларда пандус йўқ. Борлари ҳам талабга жавоб бермайди. Бир сўз билан айтганда, уйлар имконияти чекланганларга мослаштирилмаган. Ҳожатхона, лифт, ҳатто йиғма пандусга ҳам ногиронлар аравачаси сиғмайди.

7-А кварталидаги 7-уй 65-хонадон эгаси Маҳбуба ая Акромованинг айтишича, ўғли Ҳикматилла 35 ёшда. Унинг имконияти чекланган. Биринчи қават зинасига йиғиб қўйиладиган пандус ўрнатилган. Бироқ ногиронлар аравачасига мослаштирилмаган. Маҳбуба ая қанча уринмасин, ўғлини ногиронлар аравачасида ушбу темир йўлакчадан туширолмайди.

– Ўн беш йил квартирама-квартира юрдим, – дейди шу кварталдаги 5-уй 1-хонадонда яшовчи Гулноза Шомаҳмудова. – Ўғлим туғма ногирон бўлгани ва турмуш ўртоғим билан ажрашганим учун жуда қийналардим. Не бахтки, бизга ҳам 2 хонали уй калити топширилди. 2018 йилнинг январь ойида икки нафар фарзандим билан шу уйга кўчиб ўтдик. Аммо ҳали-ҳануз пропискага қўйилмадик. Шу масалада Сергели ва Шайхонтоҳур туманлари ҳокимликларига мурожаат қилдим. Ҳеч ким аниқ жавоб бермаяпти. Уйнинг нархи қанчага баҳоланганини, қачондан, неча пулдан тўловни амалга оширишимни ҳамон билмайман. «Уйларнинг нархи ҳали тўлиқ шакллантирилмаган, нарх-навоси аниқ бўлгач, рўйхатга қўйиш учун рухсат берилади», дейишмоқда.

Гулноза опанинг айтишича, мазкур уйнинг биринчи қаватида дарча қўйилмагани сабабли ички йўлак кундузи қоронғу бўларкан. Чироқ эса кечки соат бешда ёқилар эмиш. Зиналарга пандус ўрнатилмаган.

– Ўғлим Ҳожиакбар 26 ёшда, – дейди суҳбатдошимиз. – У уйда зерикиб қолмасин деб, кунига икки марта кўчага олиб чиқиб аравачасига ўтқизаман. Ўғлимни кўтариб, қоронғу йўлакдан кўчага олиб чиқаман, олиб кираман. Икки марта зинада тойиб кетиб, оёғим лат еди, бир марта ўғлим аравачаси билан йиқилди. Ички йўлакдаги чироқни кундузи ёқиб қўйишса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Сергели тумани ҳокими ўринбосари тез орада вазиятга ойдинлик киритилишини, юқоридаги муаммолар бартараф этилишини айтди.

– Имконияти чекланган шахслар турли тоифаларга мансуб бўлади, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоли Нилуфар Йўлдошева. – Шу сабабли имконияти чекланганлар учун қурилаётган уйлар ҳам уларнинг эҳтиёжига мос бўлиши зарур. Масалан, таянч нуқтасида имконияти чекланганлар аравачада ҳаракатлангани учун хонадон эшиклари ҳамда лифт кенг бўлиши ва, албатта, зиналар устига пандус ўрнатилиши лозим. Сергелида қурилаётган уйларнинг барчаси шинам, ёруғ. Бир сўз билан айтганда, яшаш учун барча шароит мавжуд. Лекин қурилиш лойиҳаларида бир хиллик йўқ. Электоратимиздан шикоятлар келиб тушаяпти. Ҳақиқатдан ҳам уйларнинг ташқи кўриниши бир хил. Аммо ички йўлаклар, лифтлар, хонадон эшиклари бир-биридан буткул фарқ қилади. Бундан кейин уй-жой қуришни лойиҳалаштиришда имконияти чекланганлар учун ҳам барча шароит яратилади, деган умиддаман.

Бугун Гулноза опа билан телефон орқали мулоқот қилдик. Айтишича, ҳалигача юқоридаги муаммоларнинг бирортаси ижобий ҳал этилмаган. Уйга эгалик қилиш ҳуқуқидан тортиб, йўлакдаги чироққача эски ҳаммом, эски тос эмиш.

 

ЎзА материаллари асосида.

 

Прочитано: 1048 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика