Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 03 / Жаҳон мамлакатлари иқтисодиёти

Кичик бизнес – Германия иқтисодиёти мўъжизаси

 

Германия. Бу давлат номини эшитганда барчанинг кўз олдида қатъий тартиб-интизом, сифат ва гуркираган иқтисодиёт гавдаланади. Бугунги кунда иқтисодий салоҳияти ҳамда ялпи ички маҳсулоти ҳажми бўйича Европада биринчи, жаҳонда тўртинчи ўринда турувчи Германия постиндустриал мамлакат ҳисобланади.

 

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германияда юз берган ва Европадек улкан ­оилага намуна бўлган иқтисодий мўъжиза сири нимада, қандай қилиб ушбу давлат дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторидан жой олишга эришди?

Жаҳон экспертларининг фикрича, немис мўъжизаси замирида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка тўла эркинлик бериш ҳамда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ғояси мужассамдир.

Германия федерал статистика хизмати маълумотига кўра, ҳозирги кунда мамлакатда кичик бизнес субъектлари сони 3,5 миллионга яқин. Бу мамлакатдаги барча корхоналарнинг 80 фоизи дегани. Кичик бизнес вакилларининг асосий қисми оилавий тадбиркорлик йўналишида фаолият юритади ва уларнинг ҳар бири 1 йилда ўртача 700 минг евро даромад кўради. Қайд этиш жоизки, мамлакат аҳолисининг қарийб 70 фоизи шу соҳада меҳнат қилади. Мамлакат солиқ ҳажмининг 41 фоизи, ялпи ички маҳсулотининг эса тенг ярми ушбу сектор ҳиссасига тўғри келади.

Биргина мисол. 2017 йилда Германиянинг умумий ЯИМ ҳажми 3,70 триллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, шундан салкам 1,8 триллион доллари айнан кичик бизнес секторига тегишлидир.

Немис мўъжизасининг яна бир ютуғи – мамлакатда кредит тизими тўғри йўлга қўйилганидир. Германия кредит тизими аҳолини кредит олиш орқали манфаат кўриши тамойилига асосланади. Яъни, мамлакатда кичик бизнесни йўлга қўймоқчи бўлган немис фуқаролари ҳеч қандай муаммоларсиз 20 йил муддатга 50 минг еврогача имтиёзли давлат кредитини олиши мумкин.

Тадбиркор дастлабки 2 йил давомида ушбу кредитдан беминнат фойдаланади. Бу даврда банкдан олинган қарз учун тўлов амалга оширилмайди, кредит фоизлари тўланмайди. Кейинги 8 йилда эса банк кредитлари имтиёзли равишда йилига 4-5 фоиз миқдорида тўлаб борилади. Қарздорлик суммаси 11 йилдан кейин қоплана бошланади. Бундан ташқари, ҳукумат илмий изланишларга оид лойиҳаларни 40 минг еврогача молиялаштиради. Бу, ўз навбатида, иқтисодиётда инновацион янгиликлардан кенг кўламда фойдаланиш имконини бермоқда.

Бизнес учун яратилган эркинлик ва имтиёзлар, хориж капитали учун чекловлар йўқлиги чет эллик тадбиркорларнинг Германия иқтисодиётига фаол инвестиция киритишида асосий омилга айланган.

Аммо бу Германияда омад барчага бирдек кулиб боқади, дегани эмас. Қулай имкониятларга қарамай, кўпчилик тадбиркорлар орасида касодга учраётганлари ҳам бор. Бундай ҳолатга тушиб қолмаслик учун тадбиркор олдиндан қатъий режа тузиши, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни пухта ўрганиб, керак бўлганда консалтинг хизматидан фойдаланиши талаб этилади. Бундан ташқари, немис тилини билиш Германияда бизнес қилишнинг энг муҳим омилларидан биридир.

Мамлакат қонунчилигига кўра, тадбиркорлик – бу савдо фаолияти бўлиб, у билан бир ёки бир неча киши шуғулланиши мумкин. Бундай фаолият кўчмас мулк ва қимматли қоғозларни сотиш ва сотиб олиш, суғурта ва банк фаолияти, логистика, экспедиторлик, риэлторлик, транспорт хизмати кабиларни ўз ичига олади. Германияда савдо фаолияти билан шуғулланиш якка тартибдаги тадбиркорлик сифатида баҳоланади. Юридик шахслар эса фойда олиш мақсадида давомли тарзда иш олиб борувчи фирмалар ҳисобланади.

Германияда товарларни савдо маркаси остида сотиш, хизмат кўрсатиш, мамлакатдан қўшилган қиймат солиғи ёки божларсиз асбоб-ускуна, техника ҳамда товарларни олиб чиқиб кетиш, шунингдек, қўшимча қиймат солиғини қайтариш, банкларда ҳисоб рақам, кредит карталари ва чек дафтарларини очиш мумкин. Бундан ташқари, мамлакатга кириш учун кўп марталик бизнес визаларига эга бўлиш, имтиёз асосида суғурта олиш, турли дотациялар ва субсидиялардан фойдаланиш мумкин.

Германияда кичик бизнеснинг ривожланиши ўзаро ишонч асосига қурилган бўлиб, бунда халқ банкка, банк эса халққа ишонади.

 

ЎзА.

 

 

Германия ҳақида қизиқарли маълумотлар

● 2005 йилда сайланган Ангела Меркель Германия тарихида биринчи аёл канцлер бўлди.

● Германияда 5 000 га яқин навдаги пиво, 1 500 турдаги колбаса, 300 турдаги нон ва қарийб 500 хилдаги минерал сувлар бор.

● Сақични айнан Германияда кашф этишган. Унинг ихтирочиси Ханс Ригел.

● Германияда илк бор ёзги вақтга ўтиш амалга оширилган. Бу 1916 йилда бўлган эди.

● Дунёга машҳур аспиринни ҳам немислар ўйлаб топишган. У 1897 йилда Феликс Хоффман (Bayer AG) томонидан синтезланган.

● Полиция машиналарининг аксарият қисми «Мерседес» фирмасига тегишли.

● Германияда ишламасдан ижтимоий ёрдам ҳисобига яшаса бўлади. Тўғри, бу жуда ночор ҳаёт бўлади, лекин яшаса бўлади.

● Германияда энг оммавий спорт тури футбол ҳисобланади. Мамлакатнинг футбол бўйича терма жамоаси – 4 карра чемпион эса Ер юзидаги энг кучли жамоалардандир.

● Агар сиз: «Фалон ерга қандай борса бўлади?» деган саволни берсангиз, сизга бир табассум қилишади, айфонни қўлга олиб, навигацияни кўздан кечиришади ва қандай боришни тушунтирган ҳолда машинада кузатиб қўйишни ҳам таклиф этишади — ҳар ҳолда сиз Германиядасиз.

● Ижарадаги турар жойда яшаш – Германияда нормал ҳолат. Аҳолининг тўртдан уч қисми ижарада истиқомат қилади. Ижарага олувчининг ҳимояси ниҳоятда юқори даражада. Ҳатто аҳолининг энг бой қатлами ҳам ижарада туриши мумкин.

● Мусиқа билан кунига икки соатдан кўп шуғулланиш қўшниларга нисбатан номақбул ҳисобланади ва бу шовқинга тенглаштирилган.

● Ҳар қандай ашёнинг таъмири Германияда шунчалик қиммат турадики, ундан кўра янгисини харид қилган маъқул.

● Иккинчи жаҳон уруши учун айбдорлик немислар онгига болалар боғчасиданоқ сингдирилади.

● Муомалага евро киритилиши билан мамлакатда нарх-наво икки баравар кўтарилиб кетди. Шунга қарамай Германияда ҳаёт тарзи дунёдаги энг юқори даражада туради.

● Немис аёллари яқин-яқингача косметикадан фойдаланишмаган. Фақат муҳожир аёллар туфайли улар бўянишни бошлашди.

● Ўртача яшаш давомийлиги эркаклар орасида 74 ёшни, аёллар орасида 79 ёшни ташкил этади.

● Немисларнинг ўзи сўровдан ўтказилганда энг ифлос шаҳар деб Берлинни тан олишган.

● Юлиб олинган гул учун жарима қарийб 650 еврони ташкил этади.

● Германия жуда барвақт уйқуга ётиб, эрта тонгда уйғонади.

 

Интернет материали асосида.

Прочитано: 1720 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика