Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 46 / Бухгалтерга тавсиялар

Кассадаги пул

ёки ТАШКИЛОТДА КАССА ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ ЮРИТИШ ҚОИДАЛАРИ

 

Юридик шахслар қуйидагилар билан ҳисоб-китоб қилганда ёки операцияларни бажарганда нақд пулдан фойдаланадилар:

жисмоний шахслар билан (товарлар, ишлар ва хизматлар сотилганда нақд пулни қабул қилиш, хариддан воз кечганда нақд тўловни қайтариш);

ходимлар билан (иш ҳақи, мукофот ва нафақалар, хизмат сафари харажатларини тўлаш, ҳисобдорлик асосида нақд пул бериш, фойдаланилмаган ҳисобдорлик асосидаги суммаларни ва ортиқча берилган нақд пулни қайтариш);

муассис – жисмоний шахслар билан (устав капиталига ҳиссаларни, қарзларни қабул қилиш ва бериш, текин молиявий ёрдам бериш, дивидендларни тўлаш);

банк билан (банк кассасига нақд пул топшириш ва уни банк счётидан ечиб олиш).

Ташкилотлар ўртасидаги ва якка тартибдаги тадбиркорлар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда амалга оширилади (АВ томонидан 22.06.2015 йилда 2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидаларнинг 4-банди). Банк бундай мақсадларга нақд пул бермайди, бироқ олинадиган бутун нақд тушумни инкассация қилиш зарур.

 

НАҚД ПУЛНИ КАССАГА ҚАНДАЙ ҚАБУЛ ҚИЛИШ МУМКИН

Нақд пулни ташкилот кассасига қуйидагилар киритади:

● кассир-операциячи (сотувдан нақд тушумни);

● кассир (ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловларни тўлаш, умумий овқатланиш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш мақсадида банк счётидан чек бўйича олинадиган пулни);

● ҳисобдор шахслар (фойдаланилмаган суммаларни);

● ходимлар (нақд пулда берилган қарзни қайтаришда ва зарарни қоплашда);

● муассислар (устав капиталига ҳисса, қарз ёки молиявий ёрдам кўринишида).

Нақд маблағлар қандай манбадан олинганидан қатъи назар, улар олинган кунда ташкилот кассасига келиб тушганини ҳужжатлар билан расмийлаштиринг.

Тушумни кирим қиламиз

Нақд пул кассага келиб тушганда:

● келиб тушган суммага касса кирим ордери (ККО) ва унга квитанцияни расмийлаштиринг;

● ККОни Касса кирим ордерларини қайд этиш дафтарида рўйхатга олинг;

● пул топширган кишига квитанция (ККОнинг қирқиб бериладиган қисми) ёки пул маблағларини олганингизни тасдиқловчи бошқа ҳужжатни (чек, талон) беринг;

● иш куни охирида Касса дафтарига зарур ёзувларни қайд этинг.

Кассадаги касса кирим ордерлари билан тасдиқланмаган нақд пуллар кассадаги ортиқча пул ҳисобланади ва ташкилот даромадига киритилади (Қоидаларнинг 22, 28-бандлари).

Бухгалтерия ҳисобида акс эттирамиз

Пулни қайд этиш операцияларини 5010-«Миллий валютадаги пул малағлари» счётининг дебетида асосга қараб счётлар билан корреспонденцияда акс эттиринг.

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Ҳисоб-китоб счётидан пул маблағлари келиб тушди (иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар, мукофотлар ва ҳ.к. тўлаш учун)

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Илгари ҳисобдор шахсларга берилган фойдаланилмаган аванслар қайтарилди

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»

 

4200-«Ходимларга берилган авансларни ҳисобга олувчи счётлар»

 

Товарлар (ишлар, хизматлар) нақд пулга реализация қилинди

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»

 

9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар»

9020-«Товарларни сотишдан даромадлар»

9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

 

 

ҲИСОБ-КИТОБ СЧЁТИДАН ҚАНДАЙ МАҚСАДЛАР УЧУН НАҚД ПУЛ ОЛИШ МУМКИН

Қуйидагиларни тўлаш учун банкдаги счётдан нақд пул олиш мумкин:

● иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар;

● пенсиялар, нафақалар, стипендиялар;

● хизмат сафари харажатлари;

● дивидендлар;

● умумий овқатланиш корхоналари ва тайёрлов корхоналари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиши учун ҳисобдорлик асосидаги пул (АВ томонидан 1.05.2018 йилда 3003-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 30-банди).

Банкдан олинган пулни ташкилот кассасига кирим қилинг. Банкдаги счётдан нақд пулни ечиб олиш операциясини бухгалтерия ҳисобида акс эттиринг.

 

Нақд пулни ечиб оламиз

Корхона фақат асосий ҳисоб-китоб счётидан нақд пул олишга ҳақли (АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 1-банди 2-хатбошиси).

Нақд пулни ечиб олиш учун:

● ҳар йили январь ойининг охиригача ҳисоб-китоб маълумотномасини банкка топширинг. Илк бор ҳисоб-китоб счётини очаётганда ёки бошқа банкка ўтаётганда буни кейинги ой бошлангунга қадар амалга оширинг (3003-сон Йўриқноманинг 6-банди);

● чек дафтарчасини расмийлаштиринг;

● нақд пул олувчига ишончномани банкка тақдим этинг;

● уни ечиб олишдан мақсадни ҳужжатлар билан асосланг.

Нақд пулни ечиб олишдан олдин талаб қилинадиган суммани захира қилиши учун банкни хабардор қилинг. Уларни олиш учун нақд пул чекини тўлдиринг.

Қуйидаги шартларга риоя этилганда банк пул беради:

● чек қоидаларга биноан тузатишларсиз ва ўзгартиришларсиз расмийлаштирилган бўлса;

● чек тўлдирилган кундан бошлаб 10 календарь кун давомида банкка тақдим этилганда (АВ томонидан 11.07.2008 йилда 1834-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 57-банди);

● пулни чекда кўрсатилган шахс олаётган бўлса (1834-сон Йўриқноманинг 34-банди 4-хатбошиси). Олувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатни (паспорт, яшаш гувоҳномаси ёки ҳарбий билет) тақдим этиши керак.

Чекда нақд пулни олишдан мақсадни албатта кўрсатинг (3003-сон Йўриқноманинг 30-банди 1-хатбошиси). Олинган нақд пулдан фақат ўша мақсадда фойдаланинг (Қоидаларнинг 5-банди).

 

Воситачилик ҳақини ҳисобга оламиз

Ҳисоб-китоб счётидан нақд маблағ ечиб олинганлиги учун банк воситачилик ҳақини ундиради. У фоизда ёки қатъий белгиланган суммада ўрнатилади.

Нақд пулни ечиб олганлик учун тариф банк билан тузилган хизмат кўрсатиш шартномасида кўрсатилган бўлиши керак.

Нақд пулни ечиб олганлик учун воситачилик ҳақини ­9430-«Бошқа операцион харажатлар» счётининг дебетига 5110-«Ҳисоб-китоб счёти» счётининг кредити бўйича корреспонденция билан киритинг.

!

Нақд пул олганлик учун банк ҳақ ундириб олади. Чунончи, дивидендларни тўлашга нақд пул олганлик учун воситачилик ҳақи 10%га етиши мумкин. Дивидендларни муассиснинг карточкасига ўтказган маъқул. Ушбу операция учун воситачилик ҳақи атиги 1–2%ни ташкил этади.

 

КАССАДАГИ ПУЛ ҚАНДАЙ БЕРИЛАДИ

Қуйидагиларга ташкилот кассасидан нақд пул беришингиз мумкин:

● корхона ходимларига (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар – мукофотлар, таътил пуллари ва ҳ.к. кўринишида, моддий ёрдам, нафақалар, хизмат сафари харажатлари, ҳисобдорлик асосида ва бошқа мақсадларга);

● муассисларга (дивидендлар, нақд пулда олинган қарзларни қайтариш);

● фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишлар ва хизматларни бажарувчи шахсларга (аванслар ва ишлар, хизматлар натижаларини қабул қилиш якунлари бўйича ҳақ тўлаш);

● инкассаторга (сотувдан нақд тушум);

● кассирга ёки бошқа ваколатли ходимга (лимитдан ортиқча нақд пул ва депонентланган суммаларни банкка топшириш учун).

 

ВАЗИЯТ

Директор кассага кирим қилинган тушумдан унга ҳисобдорлик асосида пул беришни буюрди. Кассир бунга рад жавоби берди.

– Барча нақд тушум кассага кирим қилиниши ва банкка топширилиши шарт. Ходимларга ёки учинчи шахсларга тўлаш учун нақд тушумдан фойдаланиш тақиқланган (Қоидаларнинг 8-банди).

Фақат қайтариб берилган товарлар, бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар учун мижозларингиз ёки харидорларингизга, агар нақд пулда ҳақ тўлаган бўлсалар, нақд тушумдан пул беришингиз мумкин (Қоидаларнинг 7-банди).

 

Бериш қоидалари

Кассадаги нақд пулни беришдан олдин қуйидаги ҳужжатларни расмийлаштиринг:

● иш ҳақи, мукофотлар ва ҳ.к. тўлашда – ҳисоб-китоб-тўлов, тўлов қайдномалари ёки касса чиқим ордерлари (КЧО);

● ҳисобдорлик асосида, муассисларга ёки бошқа шахсларга бир марталик тўловларни бериш учун – касса чиқим ордерлари.

Банкка топшириш ва ташкилотнинг ҳисоб-китоб счётига қайд этиш учун кассадаги нақд пул (тушум, депонентланган суммалар ва ҳ.к.) ҳам касса чиқим ордерлари асосида берилади.

Ҳужжатларни бош бухгалтер ва раҳбар имзолагач, КЧОни Касса чиқим ордерларини қайд этиш дафтарида рўйхатга олинг ва кассага топширинг. КЧОга илова қилинадиган ҳужжатларда раҳбарнинг рухсат берувчи ёзуви бўлса, унинг КЧОни имзолаши шарт эмас.

Кассир пул беришдан олдин қуйидагиларни текширади:

● бухгалтер, раҳбар имзоларининг мавжудлиги ва уларнинг мавжуд намуналарга мувофиқлиги;

● рақамларда қайд этилган нақд пул суммаларининг ёзувдаги суммаларга мувофиқлиги;

● касса ҳужжатларида санаб ўтилган тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги;

● олувчининг Ф.И.О. у тақдим этган шахсий ҳужжатлари маълумотларига мувофиқлиги.

Агар чиқим ордери асосида пул берилаётган бўлса, кассир олувчи тақдим этган шахсий ҳужжати тўғрисидаги маълумотларни унга қайд этиши ва ордерни имзолаши керак.

Чиқим ордерлари бўйича нақд пулни фақат улар тузилган кунда беринг. Тўлов ва тўлов-ҳисоб-китоб қайдномалари бўйича уни расмийлаштирилган кундан бошлаб 3 сутка ичида бериш мумкин (Қоидаларнинг 8-банди).

 

!

Пул санаётганингизда олувчи сизни кузата олсин. Олувчи олган нақд пулни кузатувингиз остида мустақил равишда қайта санаб олишга ҳақли. Бу хатога йўл қўйиш хавфини камайтиради ва келгусида олувчининг сизга нисбатан эътироз билдиришига асос қолдирмайди.

 

Иш куни охирида кассир кун давомида амалга оширилган барча операцияларни ва нақд пул қолдиғини Касса дафтарига қайд этади. Унда тилхат билан кассир ҳисоботи ва касса ҳужжатларини бухгалтерияга топширади.

 

 

Ишончнома асосида

Нақд пулни ишончнома асосида бераётганда қуйидагиларни текширинг:

● КЧО, ҳисоб-китоб-тўлов ёки тўлов қайдномасида кўрсатилган олувчи ва ишончномада кўрсатилган шахс битта шахс ҳисобланишини;

● ишончномада кўрсатилган шахснинг Ф.И.О. унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотларга мувофиқлигини.

Ҳисоб-китоб-тўлов (тўлов) қайдномасида нақд пул олиш ишониб топширилган шахснинг имзоси олдига «Ишончнома асосида» деб ёзиб қўйинг.

КЧО (ҳисоб-китоб-тўлов қайдномаси, тўлов қайдномаси)га қуйидагиларни илова қилинг:

● агар бир марта пул олиш учун берилган бўлса – ишончноманинг асл нусхасини;

● агар бир неча марта тўлаш ёки турли ташкилотларда пул олиш учун расмийлаштирилган бўлса – ишончноманинг ташкилотингизда тасдиқланган нусхасини.

Бухгалтерия ҳисобида нақд пул берилиши

Кассадаги нақд пулнинг берилишини бухгалтерия ҳисобида қайд этинг. Пулни бериш операцияларини 5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари» счётининг кредитида асосга қараб счётлар билан корреспонденцияда акс эттиринг.

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар (мукофотлар ва ҳ.к.) берилди

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»

 

Ҳисобдорлик асосида нақд пул берилди

 

4200-«Ходимларга берилган авансларни ҳисобга олувчи счётлар»

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»

 

Кассадаги пул маблағлари ҳисоб-китоб счётига топширилди

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»

 

Инкассаторга пул топширилди

 

5710-«Йўлдаги пул маблағ (ўтказма)лари»

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»

 

Нақд пулга сотилган товарлар қайтарилди

 

9040-«Сотилган товарларнинг қайтиши»

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»

 

 

Кассадаги қолдиқ лимити

Касса лимити – кун охирида сиз кассада қолдиришга ҳақли бўлган нақд пул суммаси. Фақат банк билан келишувга кўра белгиланган лимит доирасидаги нақд пул суммасини кассада сақланг.

Нақд пул тушуми тушадиган корхоналар учун тўғри ҳисобланган ва банк билан келишилган кассадаги нақд пул лимити муҳим аҳамият касб этади. У кейинги иш куни эрталабдан корхона фаолиятини давом эттириши учун зарур. Мисол учун, кассир реализация қилинган товар учун харидорга қайтим беришига тўғри келади.

Нақд тушум тушмайдиган корхоналар одатда касса лимитига эга бўлмайдилар. Бироқ бу ҳолда ҳам у банк билан келишувга кўра кунлик ўртача нақд пул харажатлари доирасида белгиланиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрловчи ва қайта ишловчи корхоналардаги аҳолидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун банкдан олинган нақд пул кассадаги нақд пул қолдиғининг белгиланган лимитига кирмайди (3003-сон Йўриқноманинг 18-банди).

Касса лимити корхонанинг ўзи томонидан банк билан келишувга кўра йил бошида белгиланади. Январь ойининг охиригача асосий ҳисоб-китоб счётингиз очилган банкка ҳисоб-китоб маълумотномасини топширишингиз керак. Уни илк бор очаётганда ёки бошқа банкка ўтаётганда кейинги ой бошлангунга қадар ушбу маълумотномани топширинг.

Маълумотнома топширмасангиз ва банк билан лимитни келишиб олмасангиз, у нолга тенг, банкка топширилмаган барча нақд пул эса лимитдан ортиқча деб ҳисобланади (3003-сон Йўриқноманинг 21-банди).

Тушумни топшириш шартлари ёки касса айланмалари ўзгарган бўлса, банк билан келишувга кўра ўз касса лимитингизни қайта кўриб чиқишингиз мумкин (3003-сон Йўриқноманинг 22-банди).

Ўрнатилган лимитни барча таркибий бўлинмаларга раҳбарнинг буйруғига асосан етказиш зарур (3003-сон Йўриқноманинг 19-банди 2-хатбошиси).

Лимитдан ортиқча пулни, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун банкдан олинганларидан ташқари, ҳар куни банкка топшириш керак (Қоидаларнинг 6, 8-бандлари; 3003-сон Йўриқноманинг 17, 23, 24-бандлари).

 

НАҚД ПУЛ БАНККА ҚАНДАЙ ТОПШИРИЛАДИ

Кассалар лимитдан ортиқча барча нақд пулни банкка топширишлари шарт. Президентнинг «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (30.10.2018 йилдаги ПФ-5564-сон) мувофиқ, 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб корхонангизнинг кунлик ўртача нақд пул тушуми:

● ЭКИҲнинг 20 бараваридан ортиқ бўлса – уни банкка инкассация хизмати орқали ёки мустақил равишда ҳар куни топширишингиз керак;

● ЭКИҲнинг 20 бараваридан кам бўлса – пулни банкка инкассация хизмати орқали ўзингиз белгилаган даврда (масалан, 2 кунда бир, ҳафтада бир марта) ёки мустақил равишда топширишингиз мумкин.

Шунингдек хўжалик юритувчи субъектларга нафақат МБ, балки бошқа муқобил инкассация хизматлари инкассаторларига тушумни топшириш имконияти берилди.

Топшириладиган ҳужжатларни тайёрлаймиз

Нақд пулни банкка топшириш усулидан қатъи назар, касса чиқим ордерини расмийлаштиринг ва Касса дафтарига ёзувни қайд этинг. Сизга қуйидаги ҳужжатлар керак бўлади:

Банкка пулни мустақил равишда (ўзи олиб бориб) топширганда

 

Инкассация хизмати орқали пулни топширганда (инкассация)

 

1. Чиқим ордери (1 нусха)

 

1. Чиқим ордери (1 нусха)

 

2. Нақд пулда киритиш ҳақида эълон, 3 қисмдан иборат:

 эълон;

 квитанция;

 ордер

2. Илова қилинадиган қайднома (3 нусхада), 3 қисмдан иборат:

 илова қилинадиган қайднома;

 сумкага юкхат;

 сумкага квитанция

3. Инкассатор тақдим этадиган келганлигини тасдиқловчи карточка

 

 

Бухгалтерияда расмийлаштирамиз

Нақд пул банкка топширилганини бухгалтерия ҳисобида акс эттиринг.

Инкассаторлар орқали пул топширилганда:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Ҳисоб-китоб счётига қайд этиш учун пул тушуми инкассаторларга топширилди

 

5710-«Йўлдаги пул маблағ (ўтказма)лари»

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»

 

Тушум ҳисоб-китоб счётига қайд этилди

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

5710-«Йўлдаги пул маблағ (ўтказма)лари»

 

 

Пул ўзи олиб бориб топширилганда:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Нақд пулда киритиш ҳақидаги эълонга асосан маблағлар ҳисоб-китоб счётига қайд этилди

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»

 

 

 

НАҚД ПУЛ ҚАЕРДА САҚЛАНАДИ

Ҳар бир ташкилот нақд пулда ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида ўз кассасига эга бўлиши лозим. Нақд пул билан ҳисоб-китоблар амалга оширилмаса, касса хонасига эга бўлиш талаб этилмайди (Қоидаларнинг 30-банди).

Кўпинча ташкилотга нақд тушум тушмайди, у фақат иш ҳақи ва бошқа тўловларни тўлаш учун банкдан нақд пул олади, касса ишини ташкил этиш учун алоҳида хонага эга бўлмайди. Бу ҳолда сейф сотиб олинг ва уни маъмурият хонасига қўйинг. Иш ҳақи тўланадиган кунда бу хонадан корхона кассаси сифатида фойдаланилади.

Ҳар қандай ҳолда нақд пул маблағларининг сақланишида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ташкилот раҳбарлари жавобгар бўлади (Қоидаларнинг 30-банди 2-хатбошиси).

Қуйидагилар кассада сақланиши шарт:

● ташкилотга тегишли барча нақд пул;

● унинг барча пул ҳужжатлари – почта маркалари, ҳақи тўланган авиачипталар ва б.

Ташкилотга тегишли бўлмаган пул ва қимматликларни кассада сақлаш тақиқланади (Қоидаларнинг 31-банди).

Хавфсизлик мақсадида:

● касса эшигини очиқ қолдирманг, нақд пул билан ишлаётганда уни ичкаридан қулфлаб олинг;

● касса ишига алоқадор бўлмаган шахсларни ушбу хонага киритманг;

● нақд пул ва бошқа қимматликларни фақат ёнмайдиган металл шкаф (сейф)ларда сақланг. Иш куни тугаганидан сўнг уларни калит билан қулфланг ва унга кассирнинг муҳрини босинг (Қоидаларнинг 30, 31-бандлари).

Металл шкафларнинг калитлари ва муҳрлар кассирда сақланади. Уларни турли жойларда қолдирманг, бегона шахсларга берманг ёки уларнинг ҳисобда турмаган дубликатларини тайёрламанг.

Калитларнинг ҳисобда турган дубликатларини кассир томонидан муҳрланган халтага солиб, ташкилот раҳбарида сақланг. Ҳар чоракда камида 1 марта уларнинг мавжудлигини назорат текширувидан ўтказинг. Бунинг учун ташкилот раҳбарининг буйруғига асосан махсус комиссия тузилади.

Калитнинг йўқолганлиги аниқланганда, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беринг ва металл шкафнинг қулфини алмаштиринг (Қоидаларнинг 31-банди).

Кассадаги пул бут сақланиши учун бевосита кассир ёки унинг вазифасини бажарувчи ходим жавобгар бўлади. У ўз айбига кўра иш берувчига етказилган зарарни тўлиқ миқдорда қоплаш мажбурияти зиммасига юклатилган моддий жавобгар шахс ҳисобланади. Шу сабабли кассирни ишга қабул қилаётганда ёки унинг вазифаларини ички ўриндошлик асосида бошқа ходимга юклаётганда:

● тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузинг;

● ходимдан тилхат олган ҳолда уни Юридик шахсларнинг касса операцияларини юритиш қоидалари, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган кассирнинг лавозим йўриқномаси билан таништиринг.

 

КАССА ҲУЖЖАТЛАРИ ҚАНЧА МУДДАТ САҚЛАНАДИ

Бошланғич ҳужжатлар, шу жумладан касса ҳужжатлари ташкилотда ҳисобот давридан кейин камида 5 йил сақланиши керак. Солиқ кодексининг 38-моддаси ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси, «Ўзархив» агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган Бошқарув ҳужжатларининг намунавий рўйхатида ана шундай тартиб назарда тутилган.

 

ҚОИДАБУЗАРЛИККА ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАНДА ҚАНДАЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАНАДИ

Касса операцияларини юритиш қоидаларига риоя этмаганликлари учун ташкилотнинг мансабдор шахсларига 10–15 ЭКИҲ миқдорида жарима солиниши мумкин (МЖТКнинг 175-моддаси 3-қисми).

Қуйидаги ҳолларда сизга нисбатан жазо қўлланади:

● ташкилотнинг нақд пул маблағларини кассага кирим қилмасангиз ёки тўлиқ кирим қилмасангиз;

● белгиланган лимитдан ортиқча нақд пулни кассада сақласангиз;

● нақд пулни банкдан олиш чоғида кўрсатган мақсадга сарфламасангиз;

● пул маблағларини сақлаш қоидаларига риоя этмасангиз.

 

ВАЗИЯТ

Инкассация хизматининг кечки пайтдаги ташрифидан сўнг меҳмонхонада тунги сменадан тушган нақд тушум кассага кирим қилинди.

Кассадаги қолдиқ лимитдан ошса, ташкилотнинг мансабдор шахслари жазоланадими?

– Инкассация хизматининг кечки пайтдаги ташрифидан сўнг кассага кирим қилинган пул белгиланган лимитга кирмайди (3003-сон Йўриқноманинг 18-банди 2-хатбошиси). Шу сабабли бу вазиятда қонунбузарликка йўл қўйилмаган.

 

Шарофиддин ҲАЙДАРОВ,

ЎзР Молия вазирлигининг бухгалтерия ҳисоби
ва аудит услубияти бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

 

Прочитано: 4613 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика