Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 31 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Солиқ кодексини биргаликда ёзамиз

 

Президентнинг 29.06.2018 йилдаги ­ПФ-5468-сон Фармони билан Ўзбекистон солиқ тизимини жиддий равишда ўзгартирадиган Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Шу муносабат билан Президент Бош маслаҳатчисининг ўринбосари бошчилигидаги махсус ишчи комиссияга 1.12.2018 йилгача Солиқ кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

 

Тадбиркорлар ва фуқаролар ҳужжатнинг янги таҳрири қандай нормаларни ўз ичига олиши кераклиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини йўллашлари учун ДСҚ «Солиқ кодексини биргаликда ёзамиз» махсус саҳифасини ишга туширди. 2 мингтагача ишорадан иборат матнли таклифлар у орқали қабул қилинади. Ўз маълумотларини (Ф.И.О., электрон почта манзили ва телефон) кўрсатиш талаб этилади. Бу муҳокама иштирокчиларини тегишли йўналишлар бўйича эксперт гуруҳлари фаолиятига жалб этиш учун зарурдир.

 

 

 

Якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ амнистияси эълон қилинди

 

Президентнинг 27.07.2018 йилдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5490-сон Фармони имзоланди.

 

Фармон кучга кирган пайтда вужудга келган ва қуйидагилар ҳисобида бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича ҳисобланган қарздорликни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинди:

1) 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорларга;

2) давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларга.

Бу – муҳим! Қарздорликларни ҳисобдан чиқариш 2019 йил 1 январга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда амалга оширилади.

Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби бекор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик фаолияти давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширилганда жисмоний шахслар қуйидаги жавобгарликка тортилади:

кўп миқдорга қадар (ЭКИҲнинг 500 бараваригача) даромад олинганда МЖТКнинг 176-моддасига биноан жарима солинади (ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, ЭКИҲнинг 50 бараваригача);

жуда кўп миқдорда (ЭКИҲнинг 500 бараваридан ортиқ) даромад олинганда ЖКнинг 188-моддасига биноан жиноий жавобгарлик (5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) юзага келади.

Параллель равишда Давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслардан қатъий белгиланган солиқни ундириш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 31.05.2013 йилда 2463-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосан улардан қатъий белгиланган солиқнинг йиллик миқдори ундирилади.

 

 

 

Текширувларнинг 2 та тури бекор қилинди. Қайсилари қолди?

 

Президентнинг ПФ-5490-сон Фармонини шарҳлашда давом этамиз.

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 5.10.2016 йилдаги ПФ–4848-сон Фармони билан 1.01.2017 йилдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинган:

муқобил текширишлар – турли солиқ тўловчиларда бўлган ва операциялар ягоналиги билан ўзаро боғланган ҳужжатларни солиштириш. Солиқ текширувларини ўтказиш чоғида солиқ тўловчи учинчи шахслар билан операцияларни солиқ ҳисобида тўғри акс эттирганлиги тўғрисида қўшимча ахборот олиш зарурати юзага келганда, уларга нисбатан ўтказилган;

режадан ташқари текширишлар, юридик шахс тугатилаётганда, шунингдек қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно (батафсил – бу ерда). 

Бироқ 2018 йил 1 апрелдан бошлаб Республика кенгашининг фаолияти тўхтатилди. Унинг ўрнига Бош прокуратура текширишларни махсус электрон тизим орқали мувофиқлаштиради. Параллель равишда Президентнинг 22.01.2018 йилдаги ПФ-5308-сон Фармони билан молия-хўжалик фаолиятини режали текширишга, яъни режали тафтишга (жиноят ишлари бўйича тафтиш билан чалкаштирмаслик керак) 2 йил муддатга мораторий эълон қилинди.

Қабул қилинган ҳужжат билан айрим турдаги текширишларни бекор қилишнинг янги босқичига йўл очиб берилди. Чунончи, 1.09.2018 йилдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинди:

тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар (яъни мораторий остига тушмаган ва ёнғинга қарши, санитария, энергетика назорати, давлат ветеринария хизмати ва бошқа органлар томонидан ўтказилаётган режали текширувлар);

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар – назорат органлари ўтган текширишда қайд этилган ҳуқуқбузарликларни хўжалик юритувчи субъектлар бартараф этганлигини текшириши.

Шу тариқа, 1.09.2018 йилдан бошлаб, илгаригидек, қуйидагилар ўтказилади:

жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш) (ЖПКнинг 22-1-боби);

юридик шахс тугатилиши муносабати билан молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш);

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар;

камерал назорат;

нақд пул тушуми келиб тушиши хронометражи;

2018 йилдан жорий этилган солиқ мониторинги ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқатдаги сони мувофиқлиги ­устидан мониторинг.

Ушбу санадан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилади:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи «хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида амалга оширилади;

Бош прокуратура тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт;

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари назорат қилувчи органлар томонидан текширув тамомлангандан кейин 3 кун давомида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

Тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятини режали текшириш 2020 йилда тикланади ҳамда 2018 ва 2019 йиллардаги даврни қамраб олиши мумкин.

 

 

 

Маҳаллий саноатни ривожлантириш учун хорижий экспертлар жалб этилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг «Иқтисодиётнинг муҳим соҳаларини ислоҳ қилишга доир узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда нуфузли халқаро экспертларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (12.07.2018 йилдаги 534-сон) қабул қилинди.

 

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси иқтисодиётимизнинг муҳим соҳаларини ислоҳ қилишга доир узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ёрдам берадиган нуфузли халқаро экспертларни жалб этиш юзасидан келишувларга эришди.

 

Келишувга эришилган ташкилотлар

 

Келишувлар хусусияти

 

«Ўзбекэнерго» АЖ;

Европа тикланиш ва тараққиёт банки

Электр энергетикасини ислоҳ қилиш ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш бўйича стратегик ҳамкорлик

 

Жаҳон банки гуруҳи;

Осиё тараққиёт банки

Электр энергетикасини ривожлантириш ва унга инвестицияларни жалб этиш соҳасида маслаҳат бериш хизматлари

 

Жаҳон банки гуруҳи

 

Авиация транспортини комплекс ислоҳ қилиш ва мазкур соҳага инвестицияларни жалб этиш соҳасида маслаҳат бериш хизматлари

 

Халқаро молия корпорацияси

 

Табиий газга чуқур қайта ишлов бериш соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш шароитларига ташхис қўйиш ва ресурслардан самарали фойдаланилишини баҳолаш

 

«McKinsey & Company» компанияси (АҚШ)

 

Кимё саноатини ривожлантириш ва унга хорижий инвестицияларни жалб этиш

 

«Boston Consulting Group» компанияси (АҚШ)

 

Республика нефть-газ соҳасини ривожлантириш комплекс стратегиясини биргаликда ишлаб чиқиш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини белгилаш ва улар устида ишлаш, углеводород хом ашёсини қидириш, ўзлаштириш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳаларидаги рентабелли лойиҳаларга хорижий инвесторлар жалб этилишини қўллаб-қувватлаш

 

 

Жадвалда санаб ўтилган муассасалар билан битимлар (контрактлар) 1 августгача имзоланади. Ўзбекистон томонидан имзоловчи – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси. 10 августгача ҳамкорлик қилиш ҳамда аниқ муддатлар, босқичлар ва кутилаётган натижаларни кўрсатган ҳолда улар тақдим этган таклифларни амалда қўллаш дастури қабул қилинади. Халқаро экспертларга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича шахсий жавобгарлик иқтисодиётнинг стратегик соҳалари корхоналари раҳбарлари зиммасига юклатилган.

Ўзбекистон миллий банки ҳузуридаги Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази «Инвестициялар эксперт маркази» ДУКга (Марказ) айлантирилди. У Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига инвестициялашнинг истиқболли йўналишлари ва янги лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилади, шунингдек маҳаллий ташкилотлар, халқаро молия институтлари ва компаниялар билан ҳамкорлик қилади, малакали ва нуфузли экспертларни жалб этади (Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан келишган ҳолда).

Ҳужжатда бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари назарда тутилган. Хусусан, қуйидагилар 2021 йил 1 июлгача озод қилинади:

Ўзбекистон норезидентлари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан, хорижий мутахассислар (шу жумладан халқаро экспертлар) эса – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Марказ билан тузиладиган битимлар (контрактлар) доирасида олинган даромадлар бўйича ЖШДСни тўлашдан;

халқаро экспертлар самарали ишлаши учун Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Марказ билан тузилган битимлар (контрактлар) доирасида рўйхатлар бўйича олиб кириладиган асбоб-ускуналар, компьютер техникаси, телеком-тизим ва бошқа воситалар – божхона тўловларини тўлашдан (божхона йиғимлари бундан мустасно).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 17.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

Айрим даъво аризаларидан ундириладиган давлат божи миқдори оширилди

 

Вазирлар Маҳкамасининг 17.07.2018 йилдаги 544-сон қарори билан Давлат божи ставкаларига (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган) ўзгартиришлар киритилди.

 

Киритилган тузатишларга мувофиқ, фуқаролик ишлари бўйича судларга ва иқтисодий судларга мурожаат қилганда ундириладиган давлат божи миқдорлари оширилди. Ошириш дахл этадиган даъво аризалари турлари қуйидаги жадвалда акс эттирилган.

 

 Даъво талабларининг туси

 

Давлат божи ставкаси

 

18.07.2018 йилгача

 

18.07.2018 йилдан

 

Фуқаролик ишлари бўйича судлар

 

Мулкий тусдаги даъво аризаларидан

 

даъво баҳосининг 2%и, бироқ камида ЭКИҲнинг 50%и

 

даъво баҳосининг 4%и, бироқ камида ЭКИҲнинг 1 баравари

 

Никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаларидан

 

ЭКИҲнинг 50%и

 

ЭКИҲнинг 2 баравари

 

Такрорий никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаларидан

 

ЭКИҲнинг 120%и

 

ЭКИҲнинг 4 баравари

 

Уй-жойларни ижарага олиш шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризаларидан, ворисликни қабул қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги, хатланган мулкни қайтариб бериш тўғрисидаги ва мулкка оид бўлмаган тусдаги (ёки баҳоланмайдиган) бошқа даъво аризаларидан

 

ЭКИҲнинг 50%и

 

ЭКИҲнинг 2 баравари*

 

Алоҳида кўриб чиқиладиган ишлар бўйича аризалардан (шикоятлардан)**

 

ЭКИҲнинг 10%и

 

ЭКИҲнинг 1 баравари

 

Иқтисодий судлар

 

Мулкий тусдаги даъво аризаларидан

 

даъво баҳосининг 1%и, бироқ камида ЭКИҲнинг 1 баравари

 

даъво баҳосининг 2%и,
бироқ камида
ЭКИҲнинг 1 баравари*

 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг мулкий тусдаги даъво аризаларидан

 

даъво баҳосининг 1%и

 

 

Изоҳлар:

*Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолияти доирасида судларга мурожаат қилганда белгиланган ставканинг 50%ини тўлайдилар.

**Алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар жумласига қуйидагилар киради:

юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги (ФПКнинг 295-моддасига қаранг);

болани фарзандликка олиш ҳақидаги;

фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги;

фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги;

шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;

шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;

вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) тўғрисидаги;

мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш ҳақидаги;

тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш (чақириб иш юритиш) тўғрисидаги;

йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги.

 

Кўриниб турганидек, айрим ҳолларда улар 2 баравар, 3, 4 ва ҳатто 10 баравардан ортиқ миқдорда оширилган. Давлат божининг бошқа ставкалари (жадвалда кўрсатилмаган) аввалги даражада сақланиб қолди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

Энергия сервис шартномаси қандай тузилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 18.07.2018 йилдаги 551-сон қарори билан Энергия сервис хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилдан давлат органлари ва муассасаларининг бино ва иншоотларини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, қуриш ва фойдаланишга топширишда уларда энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан, 2022 йилдан эса уларнинг бино ва иншоотларида иссиқ сув таъминоти учун қуёш сув иситгич қурилмалари ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган энергия тежамкор лампалардан фойдаланиш шарт (8.11.2017 йилдаги ПҚ-3379-сон).

Электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ ва сувдан фойдаланишнинг энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлигини оширишга йўналтирилган хизматлар етказиб берувчи ва буюртмачи ўртасида тузилган энергия сервис шартномаси доирасида кўрсатилади. Хизматлар ҳақи энергия ресурсларининг эришилган тежаш миқдоридан келиб чиқиб тўланади. Бундай шартномаларнинг бошқа мажбурий шартлари (томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ва ҳ.к.) ҳужжат билан белгиланган. УКХ вазирлиги предметига қараб уларнинг намунавий шаклларини тасдиқлайди.

Давлат органлари ва ташкилотлари учун энергия самарадор ва энергия тежовчи технологияларнинг ягона етказиб берувчиси Миллий энергия тежаш компанияси ҳисобланади. Яъни бу ҳолда ягона етказиб берувчидан давлат хариди амалга оширилади: махсус ахборот порталида рўйхатга олиниши лозим бўлган тўғридан-тўғри шартнома тузилади («Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг ­67-моддаси).

Энергия сервис шартномаси қуйидаги тартибда тузилади. Етказиб берувчининг сўровномаси бўйича буюртмачи – давлат органи ёки ташкилот шартнома тузилиши мўлжалланаётган объектлар тўғрисида маълумотларни (сўровномада келтирилган шаклда) тақдим этади. Буюртмачи текшириш учун кўрсатилган объектларга кириш имконини олади, сўнг ушбу объектларнинг амалдаги техник ҳолати ва иш режимларини аниқлаш учун комиссия тузади.

Етказиб берувчи маълумотларни олган кунидан бошлаб 15 кун муддатда лойиҳаолди ва/ёки лойиҳа ҳужжатларини ва офертани тайёрлаб, буюртмачига юборади. Буюртмачи оферта олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида етказиб берувчига акцепт тўғрисида, акцептдан бош тортиши тўғрисида хабарнома ёхуд офертага келишмовчиликлар протоколини йўллайди.

Акцепт тўғрисида ёки офертани бошқа шартларда акцептлаш тўғрисидаги хабарномага асосан икки томоннинг розилиги билан улар ўртасида шартнома тузилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Божхоначиларга – имтиёзли ипотека ва ижара компенсацияси

 

Вазирлар Маҳкамасининг 18.07.2018 йилдаги 553-сон қарорида тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилган.

Уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно), лекин:

Тошкент шаҳрида – ЭКИҲнинг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;

Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида – ЭКИҲнинг 3 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;

бошқа шаҳарлар ва туманлар марказларида – ЭКИҲнинг 2 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўланади.

 

Дастлабки бадални олиш учун

Давлат божхона хизмати ходими дастлабки бадални ДБҚнинг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси (Махсус жамғарма) маблағлари ҳисобидан олиши мумкин. Бунинг учун у иш жойи бўйича ҳудудий комиссияга (ДБҚ марказий аппарати ходими – ДБҚ комиссиясига) қарз бериш тўғрисида ариза бериши ва унга қуйидагиларни илова қилиши лозим:

ходимнинг ва у билан бирга яшайдиган оила ­аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун доимий яшаш жойидан берилган маълумотномалар ёки уларнинг худди шу давр учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг яшаш жойидаги солиқ идораси томонидан тасдиқланган нусхалари;

оиласи таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома ва ўз паспорти нусхаси;

лавозимга тайинлаш тўғрисидаги тегишли буйруқнинг нусхаси.

Ҳужжатларни ҳудудий комиссия 10 кун муддатда, ДБҚ комиссияси бир ҳафта муддатда кўриб чиқади. Якуний ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ариза берувчи билан гаров таъминоти ёки кафиллик ҳужжати тақдим этилган ҳолда фоизсиз ва қайтариш асосида қарз шартномаси тузилади. Қарзни қайтаришнинг чекланган муддати – 10 йил. Қарзни иш ҳақи, пенсия, гонорарлар, дивидендлар, фоизлар ва бошқа даромадлар, ш.ж. қимматли қоғозлар бўйича олинадиган даромадлар ҳисобига ёхуд банк омонатларидан пул ўтказиб қайтариш мумкин.

Фақат 3 та ҳолатда маблағ ажратишни рад этишлари мумкин:

зарур тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилиши;

ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар мавжудлиги;

Махсус жамғарма маблағлари етишмаслиги.

 

Компенсация олиш учун

Пул компенсациясини олиш учун вақтинча яшаш жойини ва уй-жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун коммунал хизматлар қийматисиз амалдаги харажатлар суммасини кўрсатган ҳолда ариза бериш лозим. Унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг нусхаси;

никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

қонун ҳужжатларига мувофиқ оила аъзолари деб эътироф этилган бошқа шахслар ҳужжатларининг нусхаси;

уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) шартномасининг нусхаси.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида миқдорини кўрсатган ҳолда пул компенсацияси тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқарилади. Бунда ижарага олинган уй-жойда яшаши ва яшаш жойини ўзгартириши доимий назорат остида бўлади.

Пул компенсацияси тўлаш тайинланган жойга келгандан (сайлангандан) кейин уй-жой ижарага олинган (ижарада турган) кундан бошлаб уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) шартномаси асосида амалга оширилади. Ходимга бола 2 ёшга тўлгунгача уни парвариш қилиш учун таътил берилган тақдирда, пул компенсацияси таътилнинг бутун даврига, бироқ ходим ушбу уй-жойда яшаши шарти билан берилади.

Ходимга хизмат уй-жой майдони берилган тақдирда ёки у уй-жой сотиб олганда, унинг ваколатлари тўхтатилганда ва тугаганда пул компенсацияси тўлаш тўхтатилади. Дастлабки 2 ҳолатда ходим бухгалтерияга пул компенсацияси тўлашни тўхтатиш тўғрисида ариза бериши шарт.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов, Олег Заманов, Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 938 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика